Бир бор экан, бир йўқ экан, бир Хўжа тамбал бўлган экан. У шунчалик тамбал эканки, ҳатто уйдан эшикка чиқишга ҳам эринар, юз-қўлини ювмас, иш қилмас, ялқовлигидан ўрнидан ҳам турмас экан.
Овқатни ер экан-у, ухлар экан. Охири шундай шишиб кетибдики, овқат келтириб берсалар, эрина-эрина зўрға ер экан.
Кунлардан бир кун Хўжа тамбал ётган уйни ўт олиб кетибди. Одамлар челакда сув олиб, ёнғинни ўчиргани шошибдилар. Қарасалар Хўжа тамбал пинагини ҳам бузмай ётган эмиш.
— Қоч, ёниб кетасан, — деб қичқиришибди одамлар. Хўжа тамбал жим ётаверибди.
— Ҳой, сенга айтяпмиз, қоч куясан! — деб бақиришибди ҳаммалари бирдан.
Хўжа тамбал қимирлагани эринибди. Олов ён атрофини ўрай бошлабди. Аввал этаклари, кейин ўзи ёна бошлабди. Шундагина, у қочмоқчи бўлибди. Лекин энди кеч экан, ўзининг эринчоқлиги, ялқовлиги туфайли ёниб кетибди.