Эркенжа

Бир подшонинг уч ўғли бор экан. Кунлардан бир куни подшо ўғилларига:
— Учовларингизни ҳам уйлантирмоқчиман, нима дейсизлар? —дебди. Ўғиллари:
— Эй, ота, учовимизга ҳам бир одамнинг қизлари бўлсин. Каттамиз каттасини, ўртанчамиз ўртанчасини, кичигимиз кичкинасини оламиз, бўлмаса уйланмаймиз, — дейишибди. Лекин подшо учовига бир одамнинг қизини топа олмабди. Подшонинг бир қуши билан қушбони бор экан. Қушнинг оёғида тилладан қўнғироғи бор экан. Кунлардан бир куни шу қушини олиб, қушбони билан овга чиқибди. Қушбони тилла қўнғироқли қушни бир қушга солибди. Тилла қўнғироқли қуш қувлаб учиб, араз тортиб, йўқ бўлиб кетибди. Подшо қушбонга:
— Шу қушни қандай бўлса ҳам топасан, топмасанг, молинг талонда, бошинг ўлимда. Бошингдан хамир айлантириб, зиғир мойини қиздириб қуйиб, дунёдан бадарға қилиб жўнатаман, — дебди. Қушбон қушни топиб беришга подшодан қирқ кун муҳлат олиб, хафа бўлиб уйига борибди. Қушбоннинг ўн бир ёшли бир қизи бор экан. Отасининг хафа бўлиб келганини кўриб:
— Ота, бугун нимага хафа бўлиб келдингиз? — дебди.
Қушбон:
— Нимага хафа бўлмайин, болам, подшонинг қушини йўқотиб қўйиб, қайғу-кулфатга қолдим. Подшо шу қушни топсанг топасан, топмасанг ўласан, деб қирқ кун муҳлат берди. Қизим, қани менга бир йўл кўрсат? — дебди Қизи:
— Ота, хуржунга кўп тилла солиб, саман отнинг белига миниб, чўл-у биёбонга чиқинг, балки топилиб қолар, — дебди.
Қушбон қизнинг гапи билан хуржунга тилла тўлдириб, саман отига миниб, чўл-у биёбонга жўнаб кетибди. Қушбоннинг оти шундай йўрға эканки, олти ойлик йўлни уч кунда босар экан. Қушбон йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, сувсиз чўл юриб, олти ойлик йўлни уч кеча-кундузда босибди. Жуда чанқаб қолибди. Отини қантариб, хуржунни бошига қўйиб, кўкрагини захга бериб, ҳолдан кетиб, ухлаб қолибди. Эртаси чошгоҳ вақтида оппоқ соқолли бир мўйсафид мол боқиб келиб қолибди. Қараса, бир от қантарилганича турганмиш. Бир йигит зах ерга бағрини қўйиб, ухлаб ётганмиш. Чол: “Бу одам ўликмикан, тирикмикан, бир хабар олай”, деб йигитнинг қошига келиб қараса, ухлаб ётган экан. Чол:
— Ҳе, ўғлим, ухлаб қолдингми, қайдан бўласан? —дебди. Қушбон жойидан туриб чолга салом берибди.
— Бобо, мен жуда чарчадим, сувсадим, оч қолдим, — дебди.
Чол:
— Бўлмаса, менинг уйимга боргин, ўғлим, яхши йигит экансан, — дебди.
Қушбон:
— Бобо, уйингиз яқинми? — дебди.
— Болам, уйим узоқ эмас, — дебди чол.
Чол қушбонни бир меҳмонхонага олиб кирибди. Меҳмонхонанинг олтмишта деразаси бор экан. Тоза кўрпачалар, гиламлар солинган. Деразадан қараса, ҳовлисида беш юзта қозиқ қоқилган, унинг ҳар қайсисига нўхта боғланган, банатдан қилинган беш юз тўрва осилган. Қушбон: “Бизнинг подшоҳимизда ҳам бундай уйлар, бундай бойликлар йўқ, бу уй бирор подшоникимикан ёки бирор бойникимикан”, деб ўйлабди. Чол чой-нон, ҳар хил таомлар келтириб, қушбонни меҳмон қилибди.
— Ўғлим, сўрамоқнинг айби йўқ, сенга йўл бўлсин, нимани йўқлаб юрибсан? — дебди чол.
Шунда қушбон:
— Эй, бобо, мен подшонинг қушбониман, подшонинг бир қуши бор эди, бир оёғида тилладан қўнғироғи бор эди. Бугун тўрт кун бўлди, шу қуш аразлаб, йўқ бўлиб кетди. Подшодан қирқ кунга муҳлат олиб, қидириб юрганимга бугун тўрт кун бўлди. Бобо, бу ерлардаги халқдан бир сўраб кўринг, кўрган бормикан, билган бормикан, — дебди. Чол:
— Ҳа, болам, йўғинг топилсин, — дебди. Қушбон ичкаридаги ҳовлига қараса, учта тилла ўтов: бири каттароқ, иккинчиси ундан кичикроқ, учинчиси ундан ҳам кичикроқ тикувли турибди. Шу ўтовнинг биридан уч қиз чиқибди. Бири баланд бўйли, иккинчиси пастроқ, учинчиси ундан ҳам пастроқ. Бир ўтовдан иккинчи ўтовга, иккинчи ўтовдан учинчисига чопишиб, ўйнаб юришибди. Қушбон:
— Эй, бобо, бу уч ўтов кимники? — дебди. Чол:
— Ўғлим, бу ўтовлар бизники, — дебди.
Қушбон:
— Шу ўтовларнинг биридан иккинчисига чопиб юрган қизлар кимнинг қизлари? — дебди.
Чол:
— Ўғлим, учови ҳам бизнинг қизлар, — дебди.
Қушбон:
— Шу учови уч энадан бўлганми, бир энадан бўлганми? — дебди.
Чол:
— Ўғлим, учови ҳам бир ота, бир энадан бўлган, — дебди.
Қушбон:
— Қизларингизнинг учови ҳам бўйми? Ҳеч кимга унашганингиз йўқми? — дебди.
Чол:
— Ҳа, бўй, ҳеч кимга унашганим йўқ, — дебди.
Қушбон:
— Бобо, отингиз нима? —дебди.
Чол:
— Отимни, болам, Нодир элбеги дейдилар, — дебди.
Қушбон:
— Шу жойлар подшолик жойими ё беклик жойими? — дебди.
Чол:
— Бу Нодир бобонгизнинг жойи. Беш юз отга ем бераман, беш юз муллаваччага нон бераман. Бобонгизнинг жойи шундай жой бўлади, — дебди.
Қушбон:
— Бобо, энди кетсак бўладими? — дебди.
Чол:
— Эртага кетасиз-да, ўғлим! Мана бугун тўрт кун бўлди. Тилладан қўнғироғи бор бир қуш ўртадаги тилла ўтовнинг тепасига ҳар куни келиб туради. Шу бўлса, эҳтимоли бор, — дебди.
Қушбон:
— Бобо, у қуш қай вақтда келади? — дебди.
Чол:
— Одамлар ухлагандан кейин, ярим кечада келиб шу ўтовнинг бошига қўнади, тонг вақтида, одамлар уйғонмасдан кетади, — деб жавоб берибди.
Қушбон:
— Бобо, қуш келганда менга қандай қилиб хабар қиласиз? — дебди.
— Болам, сиз дамингизни олиб ёта беринг, келадиган вақтида ўзим уйғотаман, — дебди.
Шу билан қушбон ётиб ухлаб қолибди. Ярим кеча бўлганда жингир-жингир қилиб қуш ўтовнинг бошига келиб қўнибди.
Чол келиб:
— Эй, ўғлим, кўзингизни очиб қаранг, қуш келди, — дебди. Қушбон жойидан туриб, ўртадаги ўтовнинг тепасига қараса, шу ўзининг йўқотиб юрган қуши экан. “Эй, жонивор озода қушим, сенинг дастингдан укажоним, хотин, бола-чақамдан айрилиб, сени ахтариб келдим. Буё-буё келинг, қўлимга қўнинг”, дебди. Қуш дарров қушбоннинг қўлига келиб қўнибди. Қушни эркалаб меҳмонхонага олиб келиб, дон бериб, сув бериб, тўйдирибди.
Шу кеча ётибди, эртаси тонг отибди, жойидан туриб:
— Эй, бобожон, шу қуш меники экан. Топиб, муродимга етдим, бизга жавоб беринг. Сиз ота бўлсангиз, биз бола бўлсак. Биз ҳам элимизга кетсак, — дебди.
— Ўғлим, бир неча кун меҳмон бўлинг, кейин кетарсиз, — дебди чол. Шу билан қушбон бобосининг уйида ўн беш кеча-кундуз меҳмон бўлибди. Чол қушбонга бош-оёқ сарпо, тилла абзалли бир от бериб, одам қўшиб бир кунлик жойга чиқариб қўйибди. Қушбон кеча-кундуз йўл юриб, бир кам қирқ кун деганда ярим кечаси уйига келибди. Қизи кутиб олиб:
— Ота, қушни топдингизми? — дебди.
Шунда қушбон:
— Топдим, қизим! Мана, эртага подшога топшириб, ўлимдан қутуламан, — дебди. Эртаси туриб оти ва қушини олиб бориб подшога топширибди. Подшо қушбонга беклик вазифасини берибди. Қушбон подшога:
— Эй, подшоҳим, менинг сизга бир гапим бор, бир қошиқ қонимдан кечсангиз айтаман, — дебди.
Подшо:
— Айт, — дебди.
— Бир чолни кўриб қолдим. Унинг даргоҳи, бойлиги сизнинг подшолигингизда йўқ. Тилладан ясалган уч ўтови бор, учта ўтовда учта қизи бор: бири баланд, иккинчиси паст, учинчиси ундан паст. Учови ҳам бир ота, бир онадан экан. Шу учовини уч ўғлингизга олиб берсак, — дебди.
Подшо:
— Биз билан тенг келармикан? — дебди.
— У сиздан ҳам бой экан! — деб жавоб берибди қушбон.
— Бўлмаса, ўзинг совчиликка борасанми? —дебди шоҳ.
Қушбон:
— Катта қушбегингизни, уламоларингиздан етти кишини беринг, тўққизта от беринг, ҳаммамиз бирга борамиз, — дебди. Қушбон билан совчилар жўнашибди. Йўл юришиб, йўл юришса ҳам мўл юришиб, Нодир бобонинг уйига келиб, отларини боғлашибди. Нодир бобо қушбонни таниб, саккизта меҳмонни танимаса ҳам меҳмонхонага олиб кириб, иззат билан меҳмон қилибди. Нодир бобо:
— Болам, сўрамоқнинг айби йўқ, қаердан бўласизлар? Илгари келишингиз йўлчи эди, энди келишингиз элчига ўхшайди? — дебди.
Қушбон таъзим қилиб:
— Бобо, шундай, элчи бўлиб келдик. Бизнинг шоҳимизнинг уч ўғли бор эди, сизда учта қўғирчоқ бор экан. Шу учовини подшонинг уч ўғлига берсангиз. Қуда бўлиб юрсак, деб келган эдик, — дебди.
Чол:
— Келганларинг жуда яхши. Лекин бизда ҳам ака бор, ука бор, қавм-қариндош бор; ўшалар билан бир маслаҳат қилиб кўрайлик, “кенгашли тўй тарқамас”, берар-бермаслигимизни сўнг айтармиз, — дебди.
Чол қавм-қариндош, таниш-билишларини йиғиб:
— Подшо уч ўғлига уч қизимни сўраб совчи юборибди. Шунга нима маслаҳат берасиз? — дебди. Оға-ини, қавм-қариндош, таниш-билишлар чолни койиб:
— Бизларда ҳам йигитлар бор, подшога бермаймиз, — дейишибди.
Чол:
— У подшо бўлса, ғазаб қилса, биз унга тенг кела олмаймиз. Бермаймиз дегандан кўра, “бермас қизнинг қалини кўп” бўлади. Дунёда йўқ нарсаларни қалин қилиб рўйхат қилайлик, — дебди. Улар ҳам чолнинг сўзини маъқуллаб, уч кеча-уч кундуз рўйхат қилиб, уни бир қоп, бир хуржунга солиб, совчиларга олиб келиб берибди. Қушбонга бош-оёқ сарпо, ҳаммасига биттадан от бериб, ўн кишини қўшиб, икки кунлик йўлга чиқариб кузатибди. Булар кеча-кундуз йўл юришиб, подшо олдига келишибди. Подшо қушбонни кўриб:
— Бўрими, тулкими? — дебди.
Қушбон:
— Тақсир, бўри, — дебди,
Подшо:
— Бўри бўлса, нима гап, айтинг? — дебди. Қушбон:
— Бобо қалинни катта қилди, бир қоп, бир хуржун рўйхат бериб юборди, — дебди. Подшо катта-катта уламоларини, вазирларини йиғдириб, бир қоп, бир хуржун рўйхатни ўқиб чиқишга берибди. Уламолар рўйхатни уч кеча-уч кундузда ўқиб чиқишибди. Подшо буни эшитиб:
— Бунга менинг дунёим етмайди, бунча молни беролмайман, — дебди.
Шунда қушбон:
— Подшо бир гапни айтмас, айтганидан қайтмас. Менга уч кунлик подшолигингизни ва муҳрингизни беринг. Молни мен ўзим топаман, — дебди. Подшо қушбонга муҳрини ва уч кунлик подшолигини берибди.
Қушбон ўзига қарашли бекларга, элларга, “Бешдан бир хирожни йигирма кун ичида подшо даргоҳига олиб келинсин”, деб буюрибди. Йигирма кун деганда подшога олиб келинган мол ер-у кўкни босиб кетибди.
Қушбон:
— Эй, подшо, мана мол, — дебди. Подшо бир қанча одамларни йиғиб, мол-у дунёни олиб йўлга тайёрланибди. Ўғилларига қараб:
— Ўғилларим, юринглар, келинларни олиб келамиз, — дебди.
Энг кичик ўғли Эркенжа туриб:
— Ота, иккита акамни олиб, сизлар кетаверинглар. Менинг хотинимни мана шу ханжаримга бағишланглар. Қўрғон эгасиз қолмасин, мен ўрнингизда қолай. Лекин сизга уч насиҳатим бор. Биринчи куни келинларни олиб келаётганда йўлда жуда қаттиқ иссиқ бўлиб, одамларингиз сувсаб қолиб, икки, учта одамингиз ўлади. Шунда одамлар: “Подшо, изингга қайт, халқни қирасан”, дейишади. Орқага қайтманг. Иккинчи куни қаттиқ бўрон бўлади, унда ҳам икки, уч одам ўлади, “Изингга қайт”, дейишади. Кетингизга қарамай кетаверинг, учинчи куни одам бўйи қор ёғади. Яна икки, учта одам ўлади. “Изингга қайт”, деса ҳам, қайтмай кетаверинг, — деб отаси ва акаларини жўнатиб, ўзи қолибди. Подшо одамлари билан йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди, сувсиз чўл юриб чолнинг маконига бориб етибди. Чол кутиб олиб, отларини тилла қозиққа боғлаб, ўзларини меҳмонхонага олиб кириб, меҳмон қилибди. Подшо:
— Бобо, қизларингизга айтган қалинни олиб келдик, — дебди.
Чол подшонинг олиб келган қалинларини қабул қилиб, катта ўғлига катта қизини, ўртанча ўғлига ўртанча қизини, кичкина ўғли Эркенжанинг ханжарига кичик қизини бағишлабди. Тўй-томоша қилибди. Подшо келинларни олиб йўлга тушибди. Биринчи куни жуда қаттиқ иссиқ бўлибди. Одамлар чанқаб қолиб, икки, учта одам ўлибди. Одамлар “Э, подшо, халқни қирдинг, изингга қайт”, дейишибди. Подшо орқасига қарамасдан кетаверибди. Иккинчи куни жуда қаттиқ бўрон бўлибди, халқ “Эй, подшо, изингга қайт, халқ ҳалок бўлаётир!” дебди. Подшо яна индамай кетаверибди. Унда ҳам икки, учта одам ўлибди. Учинчи куни одам бўйи қор ёғиб, жуда совуқ бўлибди. Яна икки, учта одам ўлибди. Қолган одамлар “Уйинг куйгур подшо, одамлар қирилди-ку, қайт!” деб бақиришибди. Подшо орқасига қараса, кўп одамлари қирилиб кетаётибди. Кун кеч бўлиб қолибди. Подшо ўзи ҳам чидамай орқага қайтибди, бир қўрғонга кириб ётишибди. Тонг отгандан кейин подшо ўрнидан туриб қараса, бутун атрофи пўлатдан қилинган девор бўлиб қамалиб қолибди. Ҳамма қандай қутулишини билмай, ҳайрон бўлиб турганда, пўлатдан қилинган дарвоза кўринибди. Дарвоза тагида бир дев ётганмиш. Бўйи саксон газ, калласи кападай, танаси тепадай, ҳар қўли паншахадай, оёғи душахадай, бурни паккининг қинидай, кўкрагида ўсган жуни ўттиз серканинг қилидай, кўзи зиғирнинг гулидаймиш. Подшо:
— Эй дев, бизга йўл бер, чиқайлик, — дебди.
— Менга қўрғонингда қолган Эркенжа деган ўғлингни берсанг чиқараман, бўлмаса дарвозани очмайман, — дебди дев.
Подшо:
— Сен мендан бир ўғил тилайсанми, оч дарвозани, юз ўғил бўлса ҳам бераман, — дебди. Дев жойидан туриб, дарвозани очибди. Подшо одамлари билан дарвозадан чиқиб, йўлга равона бўлибди. Бу сир Эркенжага маълум бўлибди-да, оёғига чориқ тортиб, қўлига ҳасса ушлаб, эгнига жанда кийиб, девнинг маконига қараб йўл олибди. Йўл юриб, сувсиз чўл юриб, келинларни олиб келаётган отасига рўпара келиб қолибди.
Подшо:
— Эй, болам, нимага келасан, нимага бундай аҳволга тушиб қолдинг? Ханжарингга бағишланган қаллиғингни олиб келаётибман, — дебди.
Эркенжа:
— Ота, қўрғондан чиқиб кетаётганингизда уч нарсани тайинлаган эдим. Қайтиб келаётиб иккитасини бажардингиз, учинчисида насиҳатимни олмасдан орқангизга қайтдингиз, дев мени сўраганда беришга рози бўлдингиз. Подшо бир гапни айтмас, айтгандан қайтмас, энди биздан рози бўлинг, девнинг ихтиёрига бораман, — дебди.
Подшо:
— Ўғлим, қаллиғингни нима қиламан? — дебди.
Эркенжа:
— Юзини очинг, умид тортиб келаётган қаллиғимнинг бетидан икки искай: ноумид бўлмасин, — дебди-да, қаллиғининг юзини очиб иккигина муччи олиб, “Кўришгунча хайр, етти йилдан кейин келаман”, деб девникига қараб йўл олибди. Подшо йиғлаб-йиғлаб ўғил, келинлари ва одамлари билан ўз қўрғонига қайтибди. Эркенжа этагини бар уриб, пиёда бўлиб, ғамга тўлиб, саккиз кеча-кундуз йўл тортиб, девнинг маконига етибди. Дев ухлаб ётган экан, уйғота олмай, уч кун ётибди, тўртинчи куни дев уйғониб қараса, ўнг ёнида Эркенжа ўтирибди. Эркенжа девга:
— Эй, дев, мени отамдан тилаган экансан, нима хизматинг бор, қилай? — дебди.
Дев:
— Фалон мамлакатда Совашоҳ деган подшонинг бир қизи бор. Оти Хонойим. Ўшанга ошиқ бўлиб қолдим. Бир куни кечаси туш кўрдим. Тушимда бир одам “Подшонинг ўғли Эркенжа келиб, шу қизни сенга олиб беради”,— деди. Шунинг учун сени отангдан тиладим. Ана от, ана тилла, ана қўрғон, қўй-у қўрхона, ана мол. Ҳаммасини ола бер. Фақат шу Хонойимни олиб келиб бер, — дебди. Эркенжа девнинг талабини бажармоқчи бўлибди. Девнинг хазинасини олиб, Хонойим яшаган мамлакатни ахтарибди. Олти кеча-олти кундуз йўл тортиб, йўлда бир қўш ҳайдаётган деҳқонни кўриб:
— Ҳорманг, ота, — дебди.
Деҳқон:
— Бор бўлинг, — дебди.
Эркенжа:
— Нима экмоқчисиз? —дебди.
Деҳқон:
— Эй, жўра, шу ерни етти йилдан бери ҳайдайман, ҳеч нарса кўкармайди, — дебди. Эркенжа:
— Ерни ҳайдаганда уруғ сепиб ҳайдайсизми? — дебди. Деҳқон:
— Уруғ сепмай ҳайдайман, шунинг учун кўкармас экан-да. Эй, ошна, мен бу ишни қўяй, бир нонга тўйдирсанг, сенга йўлдош бўлай, — деб ҳўкизини ҳайдаб юборибди. Иккови уч кеча-уч кундуз йўл юриб, бир жойда қўй боқаётган бир чўпонни учратибди. У қўйини сўйиб, қозонга солиб қовуриб, ердан қум олиб устига сепаётган экан.
Бу аҳволни кўрган Эркенжа:
— Эй, чўпон, гўштинг-ку жуда яхши, устига сепаётганинг нима? —дебди.
Чўпон:
— Сепаётганим туз, — дебди.
Эркенжа:
— Туз бундай бўлмайди, — дебди.
Чўпон:
— Туз қандай бўлади? — дебди.
Эркенжа:
— Оқ, йирик-йирик, думалоқ бўлади, — дебди.
Чўпон:
— Эй, ошна, ундай бўлса бир тузга тўйдир, сенга йўлдош бўлай, — деб молларини ҳайдаб юборибди. Учови кеча-кундуз пиёда йўл юрибди.
Учови келаётса, бир мушук каламушни қувлаб келаётган экан, иккови ҳам чарчаб қолибди. Эркенжа “Шу жониворни озод қилай!” деб ханжарини олиб мушукка урибди. Мушук икки бўлиниб кетибди. Каламуш озод бўлгандан кейин:
— Эй, Эркенжа, тила тилагингни, берайин, — дебди.
Эркенжа:
— Сен бир каламуш бўлсанг, сендан нима тилайман, — дебди.
Каламуш:
— Мен жами каламушларнинг подшосиман. Бир йилдан бери мана шу мушук тинчлик бермасди. Мени мушукдан қутқардинг. Мен сенга ёрдам қилишим керак. Бошингга бирор мушкул иш тушганда керак бўларман, — деб жунидан озгина юлиб берибди.
Эркенжа каламушнинг жунини бир қутичага солиб қўйибди. Учови яна йўл юришибди. Бир жойга боришса, ғинг-ғинг деб товуш чиқаверибди. Бориб қарасалар, ўргимчак уясига бир чивин илиниб қолган экан. Ўргимчак чивинни олиб ейман деса, ўргимчак ини ёнида турган чигиртка чивинни олдирмай қўриб турганмиш. Жонивор чивин шундай қилиб ўртада ҳалок бўлай деётганмиш. Эркенжа буни кўриб:
— Эй, жонивор, сени ҳам озод қилайин, — деб ўргимчакни ўлдирибди. Чивинни авайлаб қўлига олибди.
Шунда чивин:
— Эй, Эркенжа, шу балодан мени озод қилганинг учун бир ёрдам қилишим керак. Тила тилагингни, — дебди.
Эркенжа:
— Сен бир кичкина чивин бўлсанг. Мен сендан нима тилай, — дебди.
Чивин:
— Мана шу тузоққа илинганимга бир йил бўлди. Мен жами чивинларнинг подшосиман. Мана, бошингга бирор мушкул иш тушган вақтда шуни куйдирсанг ҳозир бўлурман, — деб қанотининг учидан гартдак қирқиб берибди. Эркенжа уни ҳам бир қутичага солибди. Чигиртка ҳам озод бўлибди. У ҳам “Тила тилагингни” дебди.
Эркенжа:
— Ўзинг бир кичкина чигиртка бўлсанг, мен сендан нима тилай, — дебди.
Чигиртка:
— Мен жами чигирткаларнинг подшосиман. Шу чивинни ўргимчакка олдирмай, бир йилдан бери қўриб турибман. Сен мени озод қилдинг. Агар бошингга бирор мушкул иш тушса, мана шу тукимни тутатсанг ҳозир бўлурман, — деб тукидан юлиб берибди. Эркенжа уни ҳам қутичага солиб кетаверибди.
Учови йўл юриб, бир дарё ёнига келишибди. Қарашса, бир қумурсқа дарёни ёқалаб ўта олмай овора бўлиб юрганмиш. Эркенжа уни кўриб, “Жонивор дарёдан ўтолмай юрибди, шуни ҳам ўтқазиб қўяй”, деб қумурсқани қўлига олиб дарёдан ўтказиб қўйибди.
Қумурсқа:
— Эй, Эркенжа, шу дарёдан ўта олмаганимга етти йил бўлди. Сен мени ўтказиб қўйдинг. Мен қумурсқаларнинг подшоси бўламан. Бошингга бирор мушкул иш тушиб қолса, мана бу тутатқини ол, уни тутатсанг ҳозир бўламан, — деб сихидан озгина юлиб берибди. Эркенжа уни ҳам қутига солиб жўнабди. Йўл юриб бир катта тўқайга боришса, бир нарсанинг овози чиқаётганмиш.
Эркенжа жўраларига:
— Сизлар шу ерда туринглар, мен бир хабар олиб келай, — деб овоз келган томонга кетибди. Бориб қараса, бир йўлбарс, қамишнинг шийдаси оёғининг остидан кириб, бетидан чиқиб ётганмиш. Йўлбарс оёғининг оғриғига чидай олмай азобланиб ётган экан.
Эркенжа:
— Эй, жонивор, сени шу азобдан қутқарай, — дебди.
Йўлбарс:
— Қандай қутқарасан? — дебди.
Эркенжа:
— Оёғинг тагидан ерни ковлаб кираман, қамишнинг тагидан қирқиб, шийдани суғуриб оламан, — дебди.
Йўлбарс:
— Қандай қилсанг ҳам ол, жон ширин, — дебди. Эркенжа ерни ковлаб кириб, оёғи тагидан шийдани суғуриб олибди. Йўлбарс оёғининг оғриғига чидай олмай, оҳ урибди. Шу он тўқайдан учта йўлбарс боласи етиб келибди.
Йўлбарс Эркенжага:
— Мен жамики йўлбарсларнинг подшосиман. Етти ой тортган азобимдан сен мени қутқардинг. Тила тилагингни, мен берай, — дебди.
Эркенжа:
— Менга шу кичкина шербаччангни бер, — дебди. Йўлбарс кичик боласини берибди. Эркенжа йўлбарс боласини олиб иккита йўлдоши билан жўнабди. Учови пиёда уч ой йўл тортиб, Туркистон мамлакатига етибди. Шаҳарга бориб, бир кампирдан унинг уйида бир кеча ётишни сўрабди. Кампир жой берибди. Эркенжа эрта билан туриб қараса, одамлар бир ўликни кўтариб кетаётибди. Уйига кириб, кампирдан:
— Бу қандай жаноза? — дебди.
Кампир:
— Эй, ўғлим, буни сўраманг ҳам, куйманг ҳам, подшоҳимизнинг бир чиройли қизи бор. Подшо шарт қўйган, ким шу шартни бажарса ўшанга қизини беради. Унинг шартлари шундай, намозшомдан эрта азонгача юз ботмон нонни ейиш, юз ботмон тузни ялаш, юз тулум қатиқни ичиш, уч юз ботмон тариқ ва буғдой билан арпани аралаштириб сепиб, буғдойини буғдойга, арпасини арпага, тариғини тариққа ажратиш, юз ботмон келадиган ердаги йўнғичқани ейиш, бир чошкалик ердан лаҳим қазиб қўрғонга кириш йўлини тўсиб ётган якчашмани ўлдириш. Мана, ўғлим, подшонинг шу шартларини бажара олмай, қанча-қанча йигитлар ўлиб кетяпти… Ҳар куни азонда шу йигитларнинг жанозаси бўлади, — дебди.
Эркенжа:
— Момо, шу шартларни биз бажарамиз, подшога хабар беринг,— дебди. Кампир подшога бориб хабар берибди. Подшо бу шартларни бажариш учун оқшомдан азонгача муҳлат берибди.
Момо келиб:
— Эй, ўғлим, ғайрат қил, ҳамма нарса тайёр, — дебди. Эркенжа йўлдошлари билан кетмон олиб бориб лаҳим ковлай бошлабди. Анча вақтгача ковлаб қарасалар, озгина ерни ковлашибди. Шу вақт каламуш эсига келиб, қутичадан каламушнинг жунини олиб тутатибди. Шу заҳоти ер тегидаги каламушларнинг ҳаммаси йиғилиб келибди.
Эркенжа:
— Эй, каламушлар, азонгача шу ердан подшонинг қўрғонигача лаҳим қазинглар, — дебди. Чивиннинг қанотини тутатибди. Шу замон жами ернинг чивини йиғилиб келибди. Эркенжа уларга “Юз тулум қатиқ сизники, азонгача шуни ичиб тамом қиласизлар”, дебди. Яна қутичадан чигиртканинг сихини олиб куйдирибди. Жами чигирткалар йиғилиб келибди. Эркенжа: “Юз ботмон ердаги йўнғичқани азонгача еб тамом қилинглар!” дебди. Яна бир қутичадан қумурсқанинг сихини олиб тутатибди. Жамики ер юзидаги қумурсқалар йиғилиб келибди. Эркенжа уларга ҳам “Юз ботмон тариқ, юз ботмон арпа, юз ботмон буғдойнинг ҳаммаси қўшилган. Эрта азонгача буғдойини буғдойга, тариғини тариққа, арпасини арпага ажратасизлар!” дебди.
Эркенжа бир йўлдошига:
— Мени бир нонга тўйдир, деган эдингиз, мана шу юз ботмон нон сизники, азонгача еб тамом қилинг! — дебди. Чўпонга: ”Сен тузга тўйдир, деган эдинг. Мана шу юз ботмон туз сеники. Азонгача еб тамом қиласан”, дебди. Шерни чақириб: ”Эй, жонивор, сен азонгача як-чашманинг иложини қиласан. Девнинг иложини эса мен қиламан”, дебди. Эрта тонг отибди, каламушлар лаҳим ковлабди, чивинлар юз ботмон қатиқни ичибди, чигирткалар бедани ебди. Қумурсқалар уч юз ботмон, чумолилар юз ботмон буғдой, арпа ва тариқни ажратибди. Деҳқон юз ботмон нонни ебди, чўпон юз ботмон тузни ялабди. Шер якчашманинг иложини қилибди. Эркенжа уларнинг ҳаммасига жавоб бериб юборибди. Эрта тонг отибди. Туркистон шаҳрининг халқи қараса, подшонинг ҳамма шарти бажарилибди. Хонойим ҳам бу шартларнинг бажарилганлигини кўриб, “Шу йигитни бир кўрай” деб, момонинг олдига келибди.
Момо:
— Эй, қизим, шу ишларни бажарган йигит мана шу, — деб Эркенжани кўрсатибди.
Хонойим:
— Эй, Эркенжа, дев сени тушида кўриб, отангдан сўраб олган. Шартларимни бажариб, мени девга олиб кетяпсан. Дев ҳам муродига етди, мен ҳам муродимга етдим, сен ҳам муродингга ет. Мен девники. Мана бу отамнинг мамлакати сеники бўлсин, — дебди.
Эркенжа шу мамлакатга деҳқонни подшо, чўпонни бек қилибди. Шербаччага “Эй, жонивор, онангнинг олдига бор!” деб, жавоб бериб юборибди.
Хонойим бир тилсим дуосини ўқиши билан бир сандиқ тайёр бўлибди. Хонойим Эркенжани сандиққа солиб, сандиқни қўлтиғига олиб парвоз қилиб, девнинг маконига борибди. Қараса, дев бир қулоғини ёпинчиқ, бир қулоғини тўшанчиқ қилиб ётган эмиш. Хонойим Эркенжани сандиқдан чиқариб олибди. Девга қараб:
— Эй, дев, — дебди. Дев Хонойимнинг товушини эшитиши билан хурсанд бўлибди. Дев Эркенжага кўп мол-у дунё бериб жўнатибди.
Эркенжа неча кунлар йўл тортиб, етти йил тўлганда отасининг қўрғонига борибди. Эркенжа ота-онаси ва қаллиғи билан сўрашибди, қайтадан тўй-томошалар қилиб, мурод-мақсадига етибди.