Эгри ва Тўғри

Қадим замонда бир қишлоқда бир йигит бор экан. Унга Тўғрибой деб ном берган эканлар. Унинг биттагина озғин отидан бўлак нарсаси йўқ экан. Бора-бора қишлоқда иш топилмайдиган бўлиб, унинг аҳволи оғирлашибди. Оти билан мардикор ишлашга иккинчи бир томонга жўнаб кетиб-ди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Йўлда унга битта пиёда йигит ҳамроҳ бўлибди. Иккиси суҳбатлашиб кетаверибди.
— Хўш, йўл бўлсин? — дебди Тўғрибой.
— Мардикорлик қилиш учун узоқ шаҳарга кетаётибман, — деб жавоб берибди пиёда йигит.
— Исминг нима?
— Эгрибой.
— Сеники-чи?
— Тўғрибой. Иккимизнинг номимиз бир-бирига мос экан, кел, энди дўст бўлайлик, бирга ишлаб, бирга юрайлик,— дебди Тўғрибой. Икковлари шундай деб аҳдлашибди.
Отлиқ йигит шеригининг пиёда юрганига раҳм қилиб, унга отини берибди. Эгрибой эгарга ўтириши билан отга бир қамчи бериб, тезда кўздан ғойиб бўлибди. Тўғрибой ҳайрон бўлиб қолаверибди. “Дўстман, деб душманнинг ишини қилиб кетди,” деб ўйлабди у. Ранги ўчибди, қони қочибди. Охири пиёда йўлга равона бўлибди. Кеч кирибди. Тик йўлдан адашиб, бир сўқмоққа қайрилибди. Сўқмоқ ҳам қалин бир ўрмонга кириб йўқолгач, Тўғрибой қаёққа боришини билмай, саросимага тушибди.
Кеч куз палласи экан. Дарахтларнинг япроқлари тўкилган, қир яланғоч, баргсиз қолган қалин ўрмон экан. Тўғрибой ҳамон йўл ахтариб юраверибди. Кеч кириб қоронғу тушибди. Осмонда юлдузлар ҳам кўрина бошлабди. Тўғрибой йўлда бир эски тандирга дуч келибди. У ўйлабди: “Қоронғу кечада ўрмонда юриш яхши эмас, кечани шу тандирда ётиб ўтказайин”, деб ухлаш учун тандир ичига кириб ётибди.
Шу вақтларда ўрмонда арслон — подшоҳ, йўлбарс — вазир, бўри—карнайчи, қашқир — сурнайчи, тулки — достончи экан. Ҳалиги тандир турган жой шуларнинг базмгоҳи экан. Бироздан кейин бир қашқир келиб, тандир атрофини айланиб, увлабди. Орадан сал ўтмай, ўрмондаги бутун ҳайвон шу ерга йиғилибди. Арслон подшоҳ ўрнига ўтириб, ўрмон аҳлларининг мажлисини давом эттирибди. Тулки достон бошлабди:
— Ёронлар, шу ўрмон орқасидаги тоғда бир ғор бор, мен ўн йилдан буён ўша ғорда яшайман. Одамларнинг уйида нимаики бўлса, менинг уйимда ҳам бор. Ўн йилдан бери мол йиғаман: гилам, палос, кўрпа, тўшак — ҳаммаси бор менда. Яхши-яхши овқатлар ҳам бор.
Тандир ичида ўтирган Тўғрибой ўзича ўйлабди: “Яхши, тулкибойникига меҳмонга борсам бўлар экан”. Навбати билан қашқир сўз бошлабди:
— Сенинг жойинг қизиқ эмас, тулкибой. Мана бу тепа остида менинг бир сичқоним бор, ҳар кун туш вақтида шуни томоша қиламан. Унинг қирқ битта тилласи бор. Шуларни инидан чиқариб ўйнайди, кейин уларни ўртага уйиб, ўзи томоша қилади, атрофида айланади, кейин яна инига опкириб кетади.
Энди айиқ афсонасини эшитинг:
— Бу ҳам қизиқ эмас, — деб сўзга киришибди айиқ, — бизнинг шу ўрмонда бир қайрағоч бор, унинг пастроғида икки шохчаси бор. Шу шохчаларнинг япроқлари бутун касалларга даво. Мана шу шаҳардаги подшоҳнинг қизи етти йилдан буён касал. Подшоҳ жар солдиради: “Кимда-ким шу қизимни соғайтирса, уни ўшанга бераман” дейди. Соғайтиролмаган кишини ўлдиради. Кўп табиблар қизни соғайтиролмасдан, дорга осилиб кетдилар. Агар ўша қайрағоч япроғини эзиб, шу қизга ичирилса, у дарров соғаяр ва шу ишни қилган киши подшоҳ қизини олар эди.
Сўнгра бўри афсона бошлабди:
— Ёронлар, бизнинг ҳам бир қизиқ ҳикоямиз бор. Шу ўрмоннинг нариги чеккасида бир бойнинг қирқ мингта қўйи бор. Мен ҳар куни икки қўйни ейман. Мени ушлаш учун ҳамма ҳийлани ишлатдилар. Лекин ҳеч илож тополмадилар. Мана шу яқин орадаги қир бошида турувчи чол бобонинг бир ити бор. Агар шу итни сотиб олсалар, у мени тилка-пора қилар эди.
Энг охирида йўлбарс гап бошлабди:
— Бўри айтган бойнинг ўн минг йилқиси шу ўрмоннинг бир чеккасида ўтлаб юради. Мен шундан ҳар куни бир от ейман. Лекин шу отларнинг ичида бир ола айғир бор. Бир киши ана шу ола айғирга миниб, қўлига қирқ қилдан эшилган каманд олса, бир қўлида узун хода ушлаб, бўйнимга каманд солиб, мени ўлгунча урса, шу йилқига сира яқинлашмас эдим. Менинг энг катта душманим шу ола айғир эканлигини бой билмайди…
Йўлбарс афсонасини тугатиши билан тонг ҳам ёришибди. Ҳамма ҳайвонлар жой-жойига тарқаб кетибдилар.
Тўғрибой тандирдан чиқиб тулкининг маконига борибди. Қараса, ҳамма нарса жой-жойида, гўшт ҳам бор, ёғ ҳам бор, гуруч ҳам бор. Дарҳол қозонга ёғ солиб, оловни ёқа бошлаган экан, тоғ бошидан ошиб келаётган тулкини кўриб қолибди ва ўзини панага олибди. Тулки уйга келгач, қозонда ёғ доғ бўлаётганини кўриб, ҳайрон бўлиб қолибди. Шунда Тўғрибой тулкини таппа босиб, бўғиб ўлдирибди. Ош қилиб еб, қорнини тўйдирибди ва ётиб ухлабди.
Эртасига Тўғрибой қашқир айтган тепаликни излаб кетибди. Уни ҳам топиб сичқонни ўлдирибди ва тиллаларини белига тугиб олибди. Кейин айиқ айтган қайрағочнинг япроғини ҳам олибди.
Сўнгра чўпон томонга йўл солибди. Чўпонни топиб, ундан ҳол-аҳвол сўрабди. Шунда чўпон:
— Аҳвол ёмон, — дебди, — анча вақтдан бери бир бўри ҳар куни иккитадан қўйимни еб кетади. Ҳеч иложини қилолмайман. Хўжайин мени балога қўяди.
Тўғрибой сўрабди:
— Мен шу бўридан сизни қутқазсам, нима берасиз?
Чўпон хўжайиндан қирқ қўй олиб беришга ваъда қилибди.
Тўғрибой ҳалиги бобонинг итини сотиб олиб, чўпонга берибди.
Чўпон бўри офатидан қутулибди ва Тўғрибойга хўжайиндан қирқ қўй олиб берибди.
Шундан сўнг Тўғрибой йилқичининг олдига борибди. У билан ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин: шу кечаси ола айғирни эгарлаб, қирқ қилдан эшилган камандни, уч газ ходани менга тўғрилаб беринг! — дебди.
Тўғрибой отни миниб, йўлбарс келадиган сўқмоқни пойлаб турибди. Бирдан йўлбарс ўрмондан югуриб чиқиб, ўзини отлар орасига урибди. Тўғрибой камандни ростлаб туриб, йўлбарснинг бўйнига солибди. Ўрмонда йўлбарсни айлантириб юриб, ўлгудай урибди. Йўлбарс ҳолдан кетиб йиқилибди. Йилқибон Тўғрибойнинг хизмати учун ола айғирни берибди. Тўғрибой ола айғирни миниб шаҳарга йўл солибди. Шаҳарга борса, бозорда жарчи жар солаётган экан: — Подшоҳнинг қизи етти йилдан буён касал, кимки уни соғайтирса, подшоҳ ўшанга қизини беради!.. Соғайтиролмаса, ўлдиради!
Тўғрибой жарчининг орқасидан подшоҳ ҳузурига борибди ва қизини боқиб тузатишга ваъда берибди. Подшоҳ Тўғрибойни қизининг ҳузурига бошлаб кирибди. Тўғрибой ёнидаги япроқни қизга эзиб ичирибди. Шу билан қиз уч кун деганда соғайиб кетибди. Подшоҳ қизини Тўғрибойга берибди.
Подшоҳ Тўғрибойдан сўрабди:
— Энди сизни қайси шаҳарга ҳоким қилай?
Тўғрибой айтибди:
— Менга ҳокимлик керак эмас. Ўрмон этагидаги тоғ устига бир уй солиб берсангиз, бас. Мен ўз меҳнатим билан кун кечираман.
Подшоҳ унинг айтганини қилибди. Тўғрибой хотини билан тоғда яшабди. Кунлардан бир кун туш вақтида ўзининг қадимги отини миниб бораётган ҳамроҳи Эгрибойга кўзи тушибди. Уни чақириб келтирибди ва яхшилаб зиёфат қилибди. Эгрибой:
— Дўстим, — дебди, бундай баланд жойга қандай қилиб иморат солдинг? Уйли-жойли бўлибсан, буларни қаердан топдинг? Бировга хиёнат қилган кишининг қорни сира тўймас экан. Сенинг отингни олиб қочиб, қаерга борсам, ишим чаппасидан келди. Ўшандан бери бир марта ҳам қорним нонга тўйганини билмайман.
Тўғрибой:
— Мана бу ўрмон ичида бир тандир бор. Мен ўша тандир ичида бир кеча ётиб, бу нарсаларга эришдим, — деган экан, Эгрибой:
— Садағанг бўлай, менга ҳам кўрсатиб қўй, мен ҳам ўша тандирда бир кеча ётиб чиқай, — дебди.
Тўғрибой уни бошлаб бориб, тандирни кўрсатибди. Эгрибой тандирга кириб ётибди.
Ўрмон ҳайвонлари яна йиғилишибди. Арслон подшоҳ:
— Менинг афсоначи дўстим тулки қаерда? — деб сўрабди.
Қашқир ўрнидан туриб шундай дебди:
— Афсона қурсин: у кунги афсонанинг касофати билан сиз тулки дўстингиздан, мен тиллали сичқонимдан айрилдим.
Унинг кетидан айиқ ўрнидан туриб:
— Қайрағочимизнинг япроқларини ҳам олиб кетибдилар, — дебди.
Навбат бўрига келганда, подшоҳга қараб дебди:
— Мен озиқ-овқатимдан ажрадим, чўпон мен айтган итни сотиб олди, тилка-порамни чиқазди. Калтак зарбидан аъзойи-баданим шишиб кетди.
Арслон подшоҳ қовоғини солиб туриб, буюрибди:
— Ким чақимчи бўлса, тутиб ўлдиринг!
Қашқир тустовуқдан кўрибди. Тустовуқ: “Чақимчи тандирда” деб учиб кетибди. Ҳамма ҳайвонлар бирданига тандирга югуришиб, унинг ичида беркиниб ётган Эгрибойни тутиб олишибди ва “чақимчининг жазоси — шу!”, деб уни тилка-тилка қилиб ташлашибди.
Шундай қилиб, Тўғрибой тўғрилигидан мақсадига етибди. Эгрибой эса эгрилигидан жазосини тортибди.