Эчки, бузоқ, эшак ва қирқ бўри

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим ўтган замонда бир қишлоқда бир эчки яшар экан. Бир куни эчки дам олиб, ўтлаб келиш учун узоқроқдаги адирга йўл олибди. Йўлда кетаётиб бир қишлоқда бир бузоққа дуч келибди ва у билан дўстлашиб қолибди. Бузоқ:
— Йўл бўлсин, эчкибой, — дебди. Эчки:
— Шундай ўзим, бир айланиб, адирларни томоша қилиб ўйнаб келгани кетаётибман, — дебди. Буни эшитган бузоқ:
— Мен ҳам бораман, — дебди. Икковлари йўлда давом этибдилар. Бир-иккита қишлоқни оралаб ўтгандан кейин, бир жойда ўтлаб юрган эшакка дуч келибдилар. Эшак буларни кўриб:
— Қаёққа кетаётибсизлар? — дебди. Эчки билан бузоқ адирга кетаётганликларини айтишибди. Эшак ҳам буларга эргашибди. Улар учовлашиб йўлда давом этишибди. Йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юришибди. Улар йўлдан кетаётиб, йўл устида ўлиб ётган арслонга кўзлари тушиб қолибди. Эчки дарров арслоннинг терисини шилиб, эшакнинг устига ёпиб қўйибди. Улар яна йўлда давом этишибди, юриб-юриб, бир қишлоққа етиб қолишибди. Қишлоқ оралаб кетишаётса, бир уйдан мусиқа овози, ўйин-кулги эшитилибди. Эчки бузоққа:
— Бориб хабар ол-чи, бу жойда нима бўлаётган экан, — дебди. Бузоқ секин бориб қараса, қирқта бўри бир бўлиб меҳмонхонада гап ейишаётган эканлар. Бир-иккитаси даҳлизда овқат пишираётган эмиш. Қолганлари уйнинг ичида базм қилиб ўйнашаётган эмиш. Бузоқ қайтиб чиқиб кўрганларини бирма-бир эчки билан эшакка айтиб берибди. Улар маслаҳатлашиб, шу жойга киришмоқчи бўлишибди. Арслон терисини меҳмонхона эшигининг ёнидаги қозиққа илиб қўйибдилар. Биринчи бўлиб эчки кирибди:
— Ассалому алайкум, бўрилар, — дебди. Бўрилар:
— Ваалайкум ассалом, бир емиш, — дейишибди. Иккинчи бўлиб бузоқ кирибди, салом берибди. Бўрилар саломга алик олиб: — Икки емиш, — дебдилар. Учинчи бўлиб эшак кириб салом берибди. Бўрилар: — Ваалайкум ассалом, уч емиш, — дебдилар. Булар кириб ўтиришгач, бўрилар ҳамма нарсалардан буларнинг олдига олиб келиб қўйибдилар. Меҳмондорчилик жуда яхши бўлибди. Бир вақт бўриларнинг биттаси қўлига дутор олиб ашула айта бошлабди:

— Тинг-тинг, тинг кунлик,
Эчки ботир бир кунлик.
Тинг-тинг, тинг кунлик,
Бузоқ ботир бир кунлик.
Тинг-тинг, тинг кунлик,
Эшак полвон бир кунлик, —

деб ашуласини тугатибди. Бироздан кейин тўрда ўтирган бўрилардан бири: — Энди навбат меҳмонларга, — дебди. Ҳамма бараварига, эшитамиз, дебди. Эчки дуторни олиб, ашула айта бошлабди:

— Тинг-тинг, тинг емиш,
Қирқ бўриси бир емиш, —

дебди. Буни эшитган бўрилар, бу нималар деб валдираяпти, деб масхаралаб кулишибди. Эчки яна давом этиб:

— Тинг-тинг, тинг кунлик,
Қирқ бўриси бир емиш.
Тинг-тинг, тинг емиш,
Эшикка чиқ, бир кўриш, —

деб ашулани тугатибди. Тўғрироқда ўтирган бўрилардан бири бир бўрига:
— Бир эшикка чиқиб хабар ол-чи, буларда бир иш бор-ов, — дебди. Ҳалиги бўри эшикка чиқиб қараса, қозиқда арслоннинг териси осиғлиқ турган эмиш. Буни кўрган бўрининг сочи тикка туриб: — Ҳали булар арслонни еб келишибди-ю, биз нима бўлибмиз, — деб уйга қайтиб кирмасдан қочаверибди. Бўрилар анча кутибдилар, дарак бўлмабди. Бўри яна биттасини чиқарибди. У ҳам терини кўриши билан ҳеч нарсага қарамай қочиб кетибди. Яна биттаси чиқибди. У ҳам шундай қилибди. Қирқ бўри ҳам бир-бирига билдирмай ҳаммаси қочиб кетишибди. Эчки, бузоқ, эшак қолган нарсаларни маза қилишиб еб, йўлга чиқибдилар. Бўрилар қишлоқда қочишиб юришган эканлар. Учовлари келиб: “Бўриларни бир бопламаймизми”, — дейишибди. Эчки бир дарахтнинг каллагига чиқиб олибди. Эшак йўл бўйига чўзилиб ётиб олибди. Бузоққа ҳеч ерда жой бўлмаган экан, эчки унинг қулоғидан тортиб, бир бутоққа илиб қўйибди. Эшак ўзини офтобга солиб ётса, бир ҳакка келиб, устига қўниб, устидаги чивинларини тутиб ея бошлабди. Буларни бўрилар узоқдан кузатиб туришган экан. Ҳакка секин-аста эшакнинг думлари остини ҳам чўқий бошлабди. Шунда эшак думи билан ҳаккани маҳкам қисиб олиб, у ёқдан бу ёққа югура бошлабди. Буни кўрган бўриларнинг ақли шошиб қолибди. Осмонда юрган нарсани тутиб олди-ю, биз ердаги нарсалармиз, деб жонҳолатда қоча бошлашибди. Улар йўлда қочиб кетишаётганда, эчки уларнинг устига сакраб юборибди. Бир вақт бузоқнинг қулоғи йиртилиб кетиб бўриларнинг олдига тушибди. Буни кўриб бўрилар баттарроқ қоча бошлашибди. Шундай қилиб, бўрилар ҳали ҳам қочиб кетаётган эмиш. Эчки, бузоқ, эшаклар эса адирда дам олиб, ўтлоқда тўйиб-тўйиб ўтлаб юрган эмиш.