Ўтган замонда Анвархон деган бир подшо бўлар экан, унинг Зулайҳо деган хотини бор экан. У донолик оламининг маликаси, фаросат оламининг қуёши экан.
Бир куни қўшни бир подшодан Анвар подшо ҳузурига одамлар келибди. Улар:
— Султонимиз сиздан ўттизта тулки, қирқта қизил йўлбарс, саксонта серка, тўқсонта тўргай, юзта тухум топиб юборишингизни илтимос қилдилар, — дейишибди.
Анвар подшо ўйланиб туриб:
— Подшо айтган нарсаларнинг ҳаммасини ҳам топса бўлади, аммо қирқта қизил йўлбарсни қаёқдан топсам экан, — дебди. Ниҳоят, бунинг чорасини тополмай, дардини хотини Зулайҳога айтибди. Зулайҳо эридан бу гапни эшитиб қаҳ-қаҳ уриб кулибди.
— Эй, сизнинг оғайнингиз одамларнинг қайси ёшда, қандай ҳолатда бўлишини топишмоқ қилиб айтибди-ку, — дебди ва: — Уттиз ёшда киши тулкидай юради, қирқида қизил йўлбарс бўлади. Саксонида серкадайин бўшашиб, туқсонида тўрғайдай тили тутилиб қолади, юзга кирган киши тухумдай чайқалиб ётиб қолади. Бу гапларни ўша келган кишиларга айтинг. Улар подшолари ҳузурида бу сўзларимни тўтидай такрорлашсин, — дебди.
Зулайҳо қўшни подшонинг топишмоғига ана шундай жавоб берган экан.
Бир куни Анвар подшо ақл ва фаросат оламининг соҳибларини йиғиб, уларга савол ташлабди:
— Дунёда ҳамма нарсадан нима ширин?
— Асал! — дебди бир донишманд.
— Қанд! — дебди яна бир киши.
Бу жавоблар подшога маъқул бўлмабди. Қолган донишмандлар нима деб жавоб қилишларини билмай, ўйланиб турган эканлар, шунда ичкарида ўтирган Зулайҳо:
— Ҳамма нарсадан рўзғор ширин, — дебди. Шундан кейин Анвар подшо:
— Дунёда ҳамма нарсадан нима аччиқ? — деб сўрабди.
— Қалампир, — дебди донишмандлардан бири.
— Заҳар, — дебди яна бир донишманд. Шунда Зулайҳо яна жавоб қилиб:
— Дунёда ҳамма нарсадан аччиқ нарса ҳам рўзғор, — дебди.
Шундан кейин Анвар подшо:
— Дунёда ҳамма нарсадан нима семиз? — деб сўрабди.
— Қўй, — дебди ўтирганлардан бири.
— Тўнғиз, — дебди яна бири.
— Фил, — дебди учинчиси.
Уларнинг ҳеч бирининг жавоби Анвар подшони қаноатлантирмабди. Шунда Зулайҳо:
— Оламда ҳамма нарсадан сув семиз, — дебди. Бу жавоб ҳам ҳаммага маъқул бўлибди. Анвар подшо ўйлаб туриб яна бир савол берибди:
— Дунёда энг югурик нарса нима?
— Қуён, — дебди бир донишманд.
— Кийик, — дебди бири.
— Ит, — дебди яна бири.
— От, — дебди тўртинчи донишманд.
Уларнинг бу жавоблари ҳам Анвар подшони қаноатлантирмабди. Шунда Зулайҳо:
— Дунёда энг югурик нарса одамнинг кўнгли, — дебди.
Шундай қилиб Зулайҳо ҳамма донишмандлардан ақлли чиққан экан.
Бир куни Анвар подшо ва Зулайҳо сайр қилиб юриб бир сойга келишибди. У ерда сувда ўсаётган қамишни кўриб қолишибди. Шунда:
— Қамиш сувга қоняпти, — дебди подшо.
— Йўқ, қамиш ёмғирдан баҳра олиб ўсяпти! — дебди доно Зулайҳо.
Улар йўлда яна давом этишибди. Йўл юришибди, йўл юришса ҳам мўл юришибди. Охири отлари чанқаб, бир ариққа келишибди. Подшо отини суғора бошлабди. Зулайҳо эса отини сувга туширибди-ю, аммо унинг бошини осмонга қайириб тура берибди.
Подшо ҳайрон бўлиб:
— Нимага отни суғормаяпсан? — деб сўрабди.
— Менинг отим оёғидан сув ичяпти, — дебди Зулайҳо.
— От ҳам оёғидан сув ичадими? — дебди подшо.
— Қамиш оёғидан сув ичгандан кейин, менинг отим ҳам оёғидан сув ичади-да, — дебди Зулайҳо.
Анвар подшо бу ерда ҳам Зулайҳодан мот бўлибди. Анвар подшо билан Зулайҳо йўлда қуюнга йўлиқишибди. Шунда Анвар подшо:
— Зулайҳо, — дебди.
— Лаббай, шоҳим, — дебди Зулайҳо.
Бориб сўрагин-чи, бу қуюн қаерга қўнар экан? — дебди подшо.
Зулайҳо узоқ-узоқларни айланиб, қайтиб келибди. Шунда Анвар подшо:
— Қуюн сенга нима деди? — деб сўрабди.
— Қаерга қўнасан, десам, “менинг елганимни ел билади, қўнганимни сой билади. Сўраган сен тентакми, сўратган хон тентакми”, — деди дебди Зулайҳо.
Анвар подшо Зулайҳодан яна мот бўлган экан.