Доно деҳқон

Кунлардан бир куни бир камбағал деҳқон бойга ғоз олиб келиб, эвазига бир оз жавдар сўрабди. Бой унга:
— Сен билан етти кишимиз: мен, хотиним, икки ўғлим, икки қизим. Ҳаммамизга шу ғозни бўлиб бергин,— дебди.
Шунда деҳқон ўйлаб туриб:
— Сиз шу уйнинг бошлиғисиз, шу сабабдан, сизга ғознинг боши, сиздан кейин хотинингиз туради, у кишига бўйни, қизларингизга оёғи, ўғилларингизга чиройли хат ёзишлари учун қаноти. Мен камбағалга эса, танаси бўлса бас, — деб жавоб берибди. Шунда бой:
— Эй-ҳа, сен жуда ҳийлагар экансан-ку, — деб кулиб, деҳқонга ғозни қайтариб берибди ва бунинг устига жавдар ҳам берибди.
Деҳқон ғозни ҳам, жавдарни ҳам олиб, уйига қайтибди. Бундан хабардор бўлган акаси ҳам икки товуғини қўлтиқлаб, бойникига борибди-да, у ҳам жавдар сўрабди. Бой:
— Яхши, сенга жавдар бераман, лекин сен бизларга товуқларни тақсимлаб бергин, — дебди. Деҳқон ўйлаб-ўйлаб, қуйидаги жавобни берибди:
— Сизга ҳам, хотинингизга ҳам биттадан товуқ. Шунда бой:
— Болаларимга-чи? — деб сўрабди.
Деҳқон нима деб жавоб қилишини билмай қолибди.
— Укангни чақириб келсанг, у товуқларни тақсимлаб беради, — дебди.
У укасини чақириб келгач, бой унга:
Сен товуқларни тақсимлаб бергин-чи, аканг гарангга ўхшайди, шуни ҳам тақсимлаёлмаяпти, — дебди. Деҳқон бироз ўйланиб турибди-да:
— Жаноблари, табаррук учликка ишонадиларми? — деб сўрабди.
— Хўш, нима демоқчисан? — дебди бой.
— Ундай бўлса, сиз, хотинингиз ва товуқнинг боши — табаррук учлик, икки қизингиз ва товуқнинг оёғи бу ҳам табаррук учлик, икки ўғлингиз ва товуқнинг қаноти бу ҳам табаррук учликдир. Деҳқон ва икки товуқ танаси ҳам табаррук учликдир.
Бой деҳқонга қойил қолиб, қўлига иккала товуқни ҳам, истаганича жавдар ва бошқа сўраган нарсаларини ҳам берибди. Акасини эса ҳайдаб юборибди.