Чол билан кампир

Ўтган замонда бир чол билан кампир бор экан. Буларнинг тирикчилиги ўтин сотиб кун кечириш экан. Кампир ҳар куни кўмоч қилиб берар экан. Чол ҳар кун ўтин териб келар экан.
Бир куни чол ўтин тергани бориб, булоқнинг бўйида ухлаб қолибди. Тушида биров “Тур, ана уни ол!” дебди. Қараса, булоқнинг ичида бир супра айланиб турибди.
— Уни нима қиламан? — дебди чол.
—”Очил, супрам!” деб айтгин, — дебди ҳалиги одам.
Чол “Очил, супрам” деса, ноз-у неъматлар пайдо бўлибди. Чол “Очил, супрам”ни бир ўртоғиникига олиб бориб:
— “Очил, супрам!” деб айтмагин. Уйингга киритиб қўй, ҳали олиб кетаман, — дебди. Ҳалиги ўртоғи тагига, ўтиришга ҳеч нарса олиб чиқиб бермабди. Уйга кириб супрани очилтириб олибди. Чол:
— “Очил, супрам”ни олиб чиқиб бер!— дебди. Ўртоғи алмаштириб бошқа супра берибди. Чол уйига бориб, кампирга мақтанибди. “Очил, супрам!” деса ҳеч бало чиқмабди. Чолнинг жаҳли чиқиб:
— Э, кампир, тағин кўмоч қилиб бер! — дебди.
Кўмочни белига солиб кетибди. Чол яна булоқ бўйида ухлаб қолибди. Тушида биров: “Тур, ана уни ол!” дебди. Қараса, бир газ айланиб турганмиш.
— Нима қиламан? — дебди.
— Олиб, “Газла, газим!” десанг, шойи, атлас газлаб ташлайди.
Уни олиб ўртоғиникига борибди. Ўртоғи меҳмон қилибди. Чол газни бериб, “Газла, газим!” деб айтмагин, дебди. Ўртоғи уйида тоза газлатибди ва уйини молларга тўлдириб олибди. Чол ўрнидан туриб, “Газни бер!”— дебди. Ўрнига бошқа газ берибди. Кампирнинг олдига келиб “Газла, газим!” деса, ҳеч нарса газламабди. Чол ғазабланиб:
— Яна кўмоч қилиб бер! — дебди.
Кўмочни белига солиб, булоқ бўйига қараб жўнабди. Булоқ бўйида яна ухлаб қолибди. Тушида биров: “Тур, ана уни ол!” дебди. Қараса, бир товоқ айланиб турганмиш.
— Қуруқ товоқни нима қиламан? — деса:
— “Пишди палов”, деб айтгин, — деб ўргатибди.
Олиб чиқиб “Пишди палов” деса, устида гўшти билан ош пишибди. Чол паловни еб, қорнини тўйғазиб, ўртоғиникига жўнабди. Ўртоғи суюниб, катта зиёфат қилибди. Чол:
— “Пишди палов” демагин, — дебди. Ўртоғи товоқни уйга олиб кириб кетибди. Бола-чақасини тоза тўйғазибди. Эрта билан туриб чол:
— Товоғимни олиб чиқиб бер! — деса бошқа товоқ олиб чиқиб берибди. Чол кампирнинг олдига борибди. Товоққа “Пишди палов” деса, ҳеч нарса чиқмабди. Чол ғазабланибди. Кампир иккиси уришибди.
Кампир:
— Бир тўп ўтин келтирганингда, овқатимиз пишарди. Ҳар куни қуруқ келаверасанми? —деб қарғабди.
— Э, кампир, бугун сирни биламан, — дебди.
Кампир кўмоч қилиб берибди. Чол булоқ бошига бориб ухлаб қолибди. Тушида биров: “Тур, ана уни ол!” дебди. Қараса, бир қовоқ айланиб турибди. “Қуруқ қовоқни нима қиламан?” деса, “Чиқ қовоқдан!” деб айтгин, дебди. Чол “Чиқ қовоқдан!” деса, бир нарса чиқиб ҳалиги чолни уриб, ҳамма ёғини ёрибди. “Кир қовоққа!” дегандан кейин қовоққа кирибди. Чол қовоқни қўлтиқлаб ўртоғиникига борибди. Ўртоғи жуда қуюқ зиёфат қилибди. Мазасига тушуниб қолган экан.
Чол:
—”Чиқ қовоқдан!” деб айтмагин,— дебди. Чол ухлаб қолибди. Ўртоғи уйига олиб кириб болалари билан ўртага қўйиб, “Чиқ қовоқдан!” деб юборибди. Қовоқдан яланг бошли кучли нарсалар чиқиб, уларнинг елкасига миниб олиб, ураверибди. Ўртоғининг боши ёрилиб, кўзи чиқибди.
— Чол, ажратиб олгин! Ҳамма нарсангни топиб бераман, — дебди.
Чол ”Кир қовоққа!” дебди. Кирибди. Чолга ўртоғи супра, товоқ, қовоқ, газларини топширибди.
Чол кампирнинг олдига оғзи қулоғида қайтиб келибди. Кампирнинг оёғи олтита, қўли етита бўлиб, суюниб кетибди.
Чол подшони зиёфатга чақирибди. Подшо:
— Ўзини эплаёлмаган чол қандай қилиб бизни меҳмон қилсин, — дебди. Вазир:
— Эй, доно подшо, сизни меҳмон қилишга чақирган киши қўлидан келганча зиёфат қилади-да, — дебди.
Подшо вазир, йигитлари билан зиёфатга борибди. Чол ҳар от бошига шойилардан тўрва қилибди. Уларнинг ичига ем солибди.
Шойилардан кўрпачалар солиб подшони ўтқазибди. Подшонинг олдига меваларни тўкиб ташлабди. Подшо:
— Бу таомлар қайдан чиқади, шуни бориб билиб келгин! — деб вазирига буюрибди.
Вазир бориб қулоқ солиб турса. “Пишди палов”, “Очил, супра”, “Газла, газим!” деб айтиб турганмиш. Вазир подшога келиб буни айтибди. Подшо ичида тугиниб қўйибди. Зиёфатдан сўнг:
— Эртага бизникига зиёфатга, — дебди.
— Ҳа, хўп, — деб чол жавоб берибди.
Эртасига подшодан хабар келибди. Чолга ўнта аскарни юборибди. Чол “Бормайман”, деб жавоб қайтарибди.
Подшо одам юбориб, яна чақирибди, чол рад этибди. Подшо яна лашкар юбориб, пўписа қилибди. Шунда чолнинг жаҳли чиқиб, қовоққа қараб:
— “Чиқ қовоқдан!” — дебди. Қовоқдагилар чиқиб аскарларнинг бошини ёриб, кўзини чиқарибди. Иккитаси зўрға тирик қолиб подшога борибди. Подшо ғазабланиб, лашкаридан элликтасини юборибди.
Буларни ҳам уриб жўнатибди. Сўнгра бутун аскари билан ўзи чиқибди. Буларни ҳам енгибди. Подшонинг ўрнига чолнинг ўзи подшо бўлиб қолибди.