Бир хотинга бир эр

Қадим замонда бир бойнинг хизматкори бор экан. Хизматкор йигитнинг ҳеч кими йўқ экан, уйланай деса, пули — дунёси йўқ экан. Шундай бўлса ҳам элатдаги қизлар уни яхши кўришар, ҳурмат қилишар экан.
Кунлардан бир куни бой ўтиб кетаётса, ҳовлисининг ёнида, узумнинг сувидек гўзал бир қиз билан ҳалиги хизматкор йигит алланималарни сўзлашиб турганмиш. Қизни кўриб бойнинг ҳам кўнгли кетибди-да, шу қизни хотинликка олишни хаёлидан ўтказибди. Кеч бўлганда бой хизматкорни ёнига чақириб:
— Яхшигина бир қиз билан сўзлашиб турган экансан, сенга шу қизни олиб берайми? — дебди.
— Худо умрингизни узун қилсин, икки ёшнинг савобига қолар эдингиз, — дебди хизматкор йигит.
— Ундай бўлса менга шу қизнинг ота-онаси, уруғини айт, киши қўйдирай, — дебди бой.
Йигит айтиб берибди.
Эртаси куни бойнинг совчилари бориб хизматкор йигит учун ишни битириб қайтишибди. Йигит ҳам, қиз ҳам шод бўлишибди. Орадан бир-икки ой ўтгандан сўнг йигит билан қизнинг тўйи бошланибди. Бой эса ўзининг одамларига қизни тўғри ўз уйига туширишни уқтирибди. Бойнинг айтганидек бўлибди. Йигит:
— Ҳали мени чақирарлар, ҳали чақирарлар, — деб қизнинг олдига киришга тайёрланиб, саҳаргача кутибди. Лекин ҳеч ким йигитни чақирмабди. Қиз ҳам йигитни кутиб ўтирса, тўй тарқалиб, бой келиннинг ёнига кирибди. Қиз қараса — бой, бирдан ранги ўчибди-да, билдирмабди ва таъзим қилиб ўтирибди. Бой қизнинг ёнига яқин бориб, турли тилла узуклар, безакларни қизга кўрсатиб:
— Мана, булар ҳаммаси сен учун, сен энди бу катта ҳовлининг эркаси, олти хотинимнинг бекаси бўласан, — дебди.
— Ҳм!.. Ман бу катта ҳовлининг эгаси, олти хотинингизнинг бекаси бўлсам, сиз кимим бўласиз? — дебди қиз. Бой бир неча бор қалтираб, айтмоқ сўзини айта олмай, қийналиб охири муддаосини айтибди. Қиз:
— Ундай бўлса, мен севган анави йигитим, сизнинг хизматингиздаги умидвор бахти қора йигит билан хайрлашайин, унга: “Энди мени эсингдан чиқар”, деб айтайин, уни бир илож қилиб бу ҳовлидан йўқ қилайин, — дебди қиз. Бой рози бўлибди-да, хизматкор йигитни қизнинг ёнига киритибди. Қиз эса йигит билан бир оз вақт ёлғиз қолишни илтимос қилиб бойдан сўрабди. Бой рози бўлиб, йигит билан қизни холи қолдирибди. Уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб қиз йигитга:
— Тез кийимингни ечиб менга бер, мен чиқиб кетаман ва сени фалон ерда кутаман. Сен менинг ўрнимда келин бўлиб ўтирсанг, бой кириб қолса айт, “Бир хотинга бир эр лозим”. Йигит кийимларини ечиб қизга берибди. Қиз ҳам юзига қора-қуралар суртиб, йиғламсираб эшикдан чиқиб кетибди.
Қиз чиқиб кетгандан сўнг бой кириб қизнинг кийимида ўтирган йигитнинг ёнбошига келиб, юзидаги пардани кўтарибди.
Қараса йигит эмиш. Бой жаҳл билан фақат:
— Нонкўр! — деб бақирибди.
— Ҳа, бой ота, нима гап? Ахир, бир хотинга бир эр-да, — деб ҳовлидан чиқиб кетибди. Бой шарманда бўлганича қолаверибди.