Қари билганни пари билмас

Ўтган замонда, Хоразм деган томонда бир подшо яшаган экан. У доим саёҳатга чиққанида ўн тўрт-ўн беш ёшдаги йигитларни ўзи билан бирга олиб кетар экан. Подшо саёҳатдан қайтгунча ҳалиги ёш йигитлар улғайиб қолар экан.
Кунлардан бир кун подшо сафарга чиқмоқчи бўлиб, ўз вилоятидаги ҳамма ёш йигитларни чақиртирибди.
Подшога қарашли бир қишлоқда саксон ёшли камбағал чол ёлғиз ўғли билан яшар экан. Бу йигит нима қилишини билмай, отасини ҳам ўзи билан бирга сандиққа солиб, олиб кетишга мажбур бўлибди.
Шундай қилиб, подшо ўз йигитлари билан сафарга жўнабди. Йўлда улар катта саҳродан чиқишибди. Мешдаги сувлари тугаб қолган экан. Ҳаво иссиқлигидан, сувсизликдан отлар ҳам ҳолдан тойибди. Подшо йигитларга қандай бўлмасин, сув топишни буюрибди. Йигитлар нима қилишларини билмай қолишибди. Шунда ҳалиги йигит отасига маслаҳат солибди:
— Ота, сув топишнинг иложи бўлмаяпти, — дебди йигит.
— Ўғлим, подшога айт, бир отни сўйдирсин, отнинг гўштига ари келади. Ари гўштдан еб, сувга қараб учади. Арининг кетидан борсаларинг, сувни топасизлар, — дебди чол.
Йигит отаси айтган гапларни подшога етказибди. Отни сўйишибди, қанорага илишибди, арилар келиб қўнишибди, кейин сувсаб қолиб, уча бошлашибди. Арининг кетидан булар ҳам йўлга тушишибди. Юриб-юриб бир дарё ёнидан чиқишибди. Ҳаммалари қувониб, тўйиб-тўйиб сув ичишибди, отларни суғоришибди, мешларга ҳам тўлдириб олишибди.
Кейин яна ўз сафарларини давом эттиришибди. Йўлда улар бир ғорга дуч келишибди. У “кирса чиқмас” ғори экан. Подшо ғорнинг ичида шифобахш сув борлигини билар экан. Йигитларга ғорга кириб, бир меш шифобахш сувдан олиб чиқишни буюрибди.
Кўп йигитлар кириб қайтиб чиқишмабди. Навбат ҳалиги йигитга келибди. У яна отасига маслаҳат солибди. Отаси:
— Ўғлим, подшога айт, битта болали бияни топтирсин. Ғорнинг оғзига олиб борганингда, ундан боласини тортиб олиб, биянинг ўзига миниб киргин. Шунда бия ўз боласига интиқ бўлиб, ғорнинг қаеридан бўлса ҳам, қайтиб чиқади, — дебди.
Йигит отасининг маслаҳатини подшога айтибди. Битта бияни топишибди. Ҳалиги йигит бияни ғорнинг ёнига олиб борганда, боласини қолдириб, ўзини миниб кирибди. Чол айтганидек, йигит ва бия мешда шифобахш сув билан эсон-омон ғорнинг нариги томонидан чиқишибди.
Подшо яна йўлга тушишга буйруқ берибди. Улар йўл юришибди, йўл юришса ҳам, мўл юришибди. Яна бир дарёга дуч келишибди. Дарёнинг нариги томонида жуда баланд бир тоғ бор экан. Дарёнинг ичида битта чиройли шамчироқ кўринибди. Подшо йигитларга шу шамчироқни олиб чиқишни буюрибди. Кўп йигитлар уриниб, нобуд бўлишибди. Навбат ҳалиги йигитга келибди. Йигит яна отасига маслаҳат солибди. Отаси:
— Дарёнинг юқори қисмида нима бор, — деб сўрабди.
— Катта тоғ бор, — дебди йигит. Отаси:
— Ўғлим, подшога айт, шамчироқ шу тоғнинг тепасида бўлади, — дебди.
Ҳамма тоққа қарабди, дарёнинг ўртасидаги шамчироқ тоғнинг тепасидаги шамчироқнинг шуьласи эканлигини билишибди. Уни қандай қилиб олишни маслаҳат қилишибди. Ҳеч иложини топа олмабдилар. Йигит яна отасига маслаҳат солибди.
— Ўғлим, подшога айт, кўзи бор одамни топтирсин. Уни шу шамчироққа қаратиб, ёмон назар ташлатинглар. Шунда ўша шамчироқ узилиб тушади, — дебди чол.
Подшо кўзи бор одамни топиш учун буйруқ берибди. Кўзи бор одамдан иккита топибдилар. Бирини ҳалиги шамчироққа ёмон назар солдиришибди. Шамчироқ узилиб дарёга тушибди. Йигитлар уни дарров олио чиқишибди. Биринчи кўзи бор одамга қараб иккинчи кўзи бор одам, “сенинг кўзинг ўткир экан” деб, ёмон назар ташлабди. Шунда биринчи кўзи бор одамнинг кўзи оқиб тушибди.
Бу воқеаларни кўрган подшо йигитни ўз ёнига чақиртирибди ва:
— Сен ўзинг ёш йигитсан-у, бундай қийин масалаларга қандай қилиб йўл топдинг? — дебди подшо.
— Тақсир, бир қошиқ қонимдан кечсангиз, айтаман, — дебди йигит.
— Айт, — дебди подшо.
— Мен қишлоқда қари отам билан яшар эдим. Сафарга чиқаётганимда қари отамни ёлғиз ташлаб келишга кўнглим бўлмай, уни сандиққа солиб, ўзим билан бирга олиб юрибман. Бу маслаҳатларни менга отам берган эди, — дебди йигит.
Подшо чолни олиб келишни буюрибди. Йигитлар чолни олиб келишибди. Подшо чолга раҳматлар айтиб ўз ёнига ўтқазибди.
Ҳа, бежиз халқ орасида “Қари билганни пари билмас” деган нақл юрмас экан.