Бир ота-онанинг якка-ю ягона ўғли бўлган экан. Бола ота-онасининг тарбиясида катта бўлибди. Бола вояга етгач, отаси ўғлини чақириб:
— Ўғлим, энди катта йигит бўлиб қолдинг, бирор ҳунар ўргангин, хор бўлмайсан, — дебди. Бола:
— Хўп, — дебди.
Эртаси ишга кетаётганида уни онаси тўхтатиб:
— Ўғлим, сен оғир меҳнат қилиб жонингни қийнаб юрма, кўчага чиқиб, ўртоқларинг билан ўйна, қайтиб келганингда отангга мана буни берарсан, — деб, бир танга пул берибди.
Бола хурсанд бўлиб кўчага чиқиб кетибди. Кечгача ўйнаб юрибди. Уйига келса, отаси ҳовуз бўйида ўтирган экан. Онасидан олган пулни унга берибди. Ота тангани олиб ҳовузга ташлабди. Бола индамабди. Эртасига ҳам шу воқеа қайтарилибди. Бу ҳолдан ҳайрон бўлган она ва бола учинчи куни ўтириб маслаҳатлашишибди. Бола:
— Отам бу пулни меҳнат қилмасдан олиб келганимни билганга ўхшайди. Энди бугун бир меҳнат қилиб пул топиб келай-чи, нима қилар экан, — дебди-да, бир одамникида хизмат қилиб, пул топибди.
Кечқурун уйига келиб отасига берса, отаси у пулни ҳам ҳовузга ташлабди.
Бола отасига бир хўмрайиб қарабди-да, кийимларини ечиб ўзини ҳовузга ташлабди. Ҳалиги ярим тангани топиб чиқибди. Шунда отаси ўғлига:
— Кўрдингми, ўғлим, ўз меҳнатинг билан топилган пул тотли, қадрли бўлади, — деган экан.