Алдоқчи мушук

Катта ўрмонда бир ола бароқ доно мушук яйраб-яшаб юраркан. У ҳамма ҳайвонларни алдаб, лақиллатиб юраркан. Жониворлар алданмайин деб, ҳар қанча эҳтиёт болиб юришмасин, барибир унинг алдовига тушаркан.
Бир куни иккита маймун дуч келибди. Маймунлар мушук билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашибди. Мушук маймунлар билан дўстлашиб, бир-бировлариникига меҳмонга бориб туришга келишиб олибдилар. Ўшанда маймунлар катта ари инини кўриб қолиб, мушукдан сўрабдилар.
— Мушукжон, дўстим, айтинг-чи, бу осилиб ётган нарса нима экан?
Мушук маймунларга илжайиб қараб, жавоб қилибди:
— Эй дўстлар, бу осилиб ётган нарса бобомнинг дўмбираси, гоҳи-гоҳида уни чалиб, ғазал айтадилар, ҳамма ҳайвонлар жим ётиб, эшитишади. Сизлар эшитмаганмисизлар?
— Эшитмаган эканмиз-да, — дейишибди маймунлар ва яна сўрабди: — овози қаттиқми-а?
— Бўлмасам-чи, агар уни чалсанглар, бутун ўрмондаги жониворлар эшитади, ўзиям жуда майин ва ёқимли овози бор-да, бай-бай.
Маймунлар ялинибди:
— Жон мушукжон, бизларни хурсанд қилинг, сиздан умрбод рози-ризо бўлиб юрамиз, энди шу дўмбирани бир чалиб берсангиз ёки олиб берсангиз, бизлар давра қуриб чалсак, роҳат қилиб эшитсак, бутун жониворларни қойил қолдирсак.
Мушук бундоқ дебди:
— Азиз маймунжонлар, ростини айтсам, бобомга ҳурматсизлик қилган бўламан-да, у киши мендан хафа бўладилар-да. Шунинг учун мен кетгандан сўнг ўзларинг олиб чалинглар, бир қойил қолдириб юринглар жониворларни. Дарвоқе, сизлар бир томондан одамзодга ўхшайсизлар, ҳамма ишонадики, сизлардан машшоқлик чиқади.
Мушук шундоқ дебди-ю, жўнаб кетибди. Маймунлар секин бориб дарахтга чирмашиб чиқиб олиб, ари инини узиб олмоқчи бўлган эканлар, юзлаб арилар “ғув” этиб учиб, маймунларни боплаб чақа бошлабди. Шунда маймунлар:
— Дўмбиранг бошингда қолсин, чалмай кетайлик бу дунёдан, — деб ура қочишибди.
Мушук яна саллона-мастона кетаётса, ёнғоқ дарахтига дуч келибди, тепадан тўп этиб, ёнғоқ тушибди, бир кунимга ярайди, деб ёнғоқни тишлаб кетаверибди. Олдидан каттакон фил чиқиб қолибди:
— Ҳа, мушукбой, ёи боисин?
— Чиябўри билан урушгани боряпман.
— Сен-а? Кичик жонинг билан-а? Сен кимсан чиябўри олдида.
— Кўрасан-да. Сен шу гавданг билан сичқондан қўрқасан. Мен учун чиябўринг нима бўлибди.
— Қулоғимни эҳтиёт қиламан-да, мушуквой.
— Сенинг кушанданг мана, чангалимда, — дея ёнғоқни думалатибди. Филнинг юраги чиқиб кетибди:
— Жон мушукжон, ушлаб ол бу балойингни, не десанг бажо келтирай, — дебди.
Мушуквой чуқурга тушиб кетган ёнғоқни кўрсатиб, филга дебди:
— Келақол, босиб турибман, бўлмаса “шип” этиб учиб бориб, қулоғингга кириб кетади.
Фил лапанглаб келиб, ёнғоқ тушган чуқурга панжасини босибди.
Мушукбой яна ёига равона бўлиб кетаверибди. Олдидан йўғон илон чиқиб қолибди:
— Мушуквой, энди жониворларни лақиллатганинг етар, қоига тушдинг. Хўш, энди нима дейсан-а? Ўзим жуда очман, семизгина экансан, ютиб юбораман.
Мушук дебди:
— Илонбой, зўрсан, чиройлисан. Қарасам, тананг ялтираяпти. Менинг нимамни ейсан. Ўзим қари, гўштим қаттиқ. Ўзи аччиқ. Қорин тўярингни айтайми? Ҳув анави кавакда булоқ бошида семиз қурбақалар сенга интизор бўлиб кутишаяпти. Ўзиям лаққа балиқдай, ютиб юборсанг борми, мойи оғзингдан оқиб юради.
Бу гапга лаққа тушган илон вишиллаб булоқ бошига борган заҳоти қурбақа эмас, каттакон типратиканга рўпара келибди.
— Ҳа, аҳмоқ узун, нима қилиб юрибсан?
— Қурбақада ишим бор эди, — дебди илон.
— Менда-чи? — сўрабди типратикан.
— Йўқ-йўқ, — дея қайрилаётган экан, типратикан югуриб келиб, думидан тишлаб, семиз илонни ғарч-ғарч тишлаб олиб ейверибди. Илон қайрилиб, жанг қиламан деса, унинг ўткир игналари юмшоқ баданини илма-тешик қилаверибди.
Хуллас, доно мушук ҳамма офатлардан қутулиб, кўпларни алдаб, лақиллатиб мурод-мақсадига етибди.