Абдуазиз

Бир бойнинг ўғли бор экан. Унинг исми Абдуазиз экан. Кунлардан бир кун бой ўлиб, моли давлати ўғлига қолибди. Ўғли эса ўзига қирқта жўра орттириб, уларни зиёфат қилар экан. Жўралари кетадиган вақтида ҳар бирига бир ҳамёндан тилла бериб юборар экан. Бир неча йиллар ўтгандан кейин отасидан қолган моллар тугабди. Қирқта жўраси ҳам уни ташлаб кетибди. Бир куни йигитнинг ҳатто ейишга ҳам ҳеч нарсаси қолмабди. Бозорга чиқиб қараса, ҳалиги қирқта жўраси ҳар хил нарсалар сотишяпти. Йигит уларнинг олдига бориб:
— Менинг хотиним ҳомиладор эди. Ейишга ҳеч нарсамиз қолмади. Бирор нарса беринглар, — дебди. Жўралар “Э, бор йўқол, бизнинг сендай жўрамиз йўқ”, деб ҳеч нарса бермай жўнатишибди. Йигит ҳеч нарса топа олмай, маъюс бўлиб хотини олдига қайтибди. Хотинини бир ҳамсоясига топшириб, ўзи бирор нарса топиб келарман, деб яна чиқиб кетибди. Шаҳардан чиқиб кетаётганда карвонларга йўлиқибди. Карвонбоши йигитга:
— Эй, йигит, йўл бўлсин, — дебди. Йигит:
— Мен нон талабман, иш қидириб чиқдим, — дебди. Карвонбоши:
— Нон талаб бўлсанг, биз билан юр, — дебди. Йигит хурсанд бўлиб, уларга сарбоз бўлиб, карвон билан жўнаб кетибди. Бир неча кун юргандан кейин саҳрода бир қудуққа етибдилар. Қудуқ ёнига келишлари билан туялари чўкиб қолибди. Туяларни суғормоқчи бўлиб, қудуққа пақир ташласалар, қудуқ сув бермабди. Қудуққа одамларни туширишса, уларнинг калласи кесилган ҳолда чиқибди. Навбат Абдуазизга етибди. Карвонбоши:
— Қудуққа тушиб сув олиб чиқ! — дебди. Абдуазиз:
— Одамларни ташлаганингизда қайси томони билан ташлайсизлар? — дебди. Карвонбоши:
— Белидан боғлаб ташлаймиз, — дебди. Абдуазиз:
— Бўлмаса мени оёғимдан боғлаб, бошим билан туширинглар, — дебди.
Улар Абдуазизнинг оёғидан боғлаб, боши билан қудуққа тушириб юборишибди. Абдуазиз қудуққа тушиб кўзини очиб қараса, бири оқ, бири қора иккита дев ўтирибди. Шу иккита дев ҳеч кимга сув бермай, тушган одамларнинг бошини олиб қолар экан. Шунинг учун ҳеч ким сув ола олмас экан. Оқ дев билан қора дев Абдуазиздан:
— Мана шу тиззамиздаги оқ ва қора қурбақалардан қайси бири чиройли, — дебди. Абдуазиз ўйлаб туриб:
— Эй, девлар, ҳар кимнинг севгани ўзига чиройли, — дейиши билан, девлар қудуқ бошидан кетибди. Абдуазиз карвонларга етарлича сув чиқариб берибди. Карвонлар туяларга тўйгунча сув ичирибди. Сувни чиқариб бўлгандан кейин девлар Абдуазизга бир сават гавҳар беришибди.
Савдогарлар Абдуазизнинг хизматлари учун олтита туяни устидаги юки билан унга берибдилар. Абдуазиз учта юкли туя билан қудуқдан олиб чиққан гавҳарини бир одам орқали хотинига юборибди. Ўзи учта юкли туяга бош бўлиб, бир шаҳарга қараб йўл олибди.
Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб шаҳарга яқинлашибди. У шаҳарнинг халқи кўктирноқ деган касалга йўлиққан экан. Кўктирноқ касалига учраган одам мурч еса тузалар экан. Абдуазиз бу воқеани эшитиб, тўғри подшо саройига бориб, ўзининг ўттиз туя мурч олиб келганлигини айтибди. Подшо Абдуазизга:
— Эй, йигит, мурчингнинг нархини айт, — дебди. Абдуазиз:
— Эй, подшо, менга ҳеч нарса керак эмас, фақат шаҳар халқи касалдан тузалса бўлди, — дебди.
Подшо вазирларига:
— Бўлмаса, мурчнинг нархини сизлар белгиланглар, — дебди. Вазирлари:
— Подшоҳи олам, бир қошиқ қонимиздан кечсангиз, айтамиз, — дейишибди. Подшо:
— Кечдим, айтинглар, — дебди.
— Қизингизни шу йигитга берасиз, — дебди вазирлар. Подшо рози бўлибди. Хотин, бола-чақаси бўлгани учун Абдуазиз бу таклифни қабул қилмабди.
Энди гапни Абдуазизнинг хотинидан эшитинг. Абдуазиз юборган ўттиз туя молни олган хотин гавҳарларни токчага териб қўйибди. Тўрт ёшли ўғли қўлига хивич олиб, токчадан гавҳарларнинг бирини бирига уриб ўйнаганда, бир анор донасидек гавҳар ерга тушиб иккига бўлиниб кетибди. Абдуазизнинг хотини иккига бўлинган гавҳарнинг чиройлилигини кўриб ҳайрон бўлибди.
Ярим гавҳарни заргарга олиб борибди. Заргар ярим гавҳарни олиб ўрнига тилла берибди. Хотин тиллани олиб келиб, бир қанча усталарни чақириб жуда ҳам яхши, ҳашаматли уйлар қурдириб, бадавлат бўлиб кетибди.
Абдуазиз бир неча йиллардан кейин карвонга моллар ортиб, ўз шаҳарига жўнабди. Бир қанча йўл юриб шаҳарига келса, уйи ўрнида катта иморат қурилибди. У кечгача шу уй дарвозаси яқинида юра берибди. Абдуазизнинг хотини деразадан эрини кўриб қолиб, ўғлини чақириб гап ўргатибди:
— Ўша дарвоза ёнида турган йигит ёнига бориб “Онамдан нимага кўнглингиз қолди”, деб айтиб келавер, — дебди. Абдуазиз бу боланинг ўз ўғли эканлигини билиб, уйга кириб хотинининг шунча иш қилганига қойил қолибди. Абдуазиз хотини билан сўрашиб, жўраларини чақириб, меҳмон қилибди. Жўралари ўзларининг қилган ишларидан уялиб “Бу пишириб берган оши, охирги оши бўлса керак”, деб қўрқиб туришибди.
Абдуазиз яна бадавлат бўлиб, мурод-мақсадига етибди. Оқибатсиз жўралар эса ўз қилмиш-ларига афсусланиб, уялиб қолибдилар.