Аҳмоқ подшо

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир камбағал одам бор экан. Пешонасида биттагина уйи бўлиб, у ҳам қулаб тушган экан. Камбағал кўп машаққатлар билан қайтадан уй солибди. Томига бордон ёпиб, ярмини тупроқ билан бостиргандан кейин қолган ярмини ёпишга пул тополмай, устага жавоб бериб юборибди ва «қолганини кучим етганда ўзим ёпиб оларман», деб янги уйга кириб ўтираверибди.
Бир ўғри бу камбағалнинг уйини кўриб: «Бу одам бойиб қолганга ўхшайди: янги иморат солибди, буни бир боплаш керак», деб томга чиқадиган жойни кундуз куни мўлжаллаб кетибди.
Ўғри тун ярмига келиб, томга чиқибди, энди ҳовлига тушаман деб том устида кетаётганда томнинг оманатгина қилиб бордон билан ёпиб қўйилган жойи ўпирилиб кетибди. Шу пайтда камбағал уйда ётган экан, ўғри «тап» этиб унинг устига тушибди. Камбағал қўрқиб кетиб ўғрини ушлаёлмай қолибди. Ўғри бўлса камбағалнинг уйида ҳеч нарса йўқлигини кўриб, ғазабланиб чиқиб кетибди, эртасига эрта билан подшога арзга борибди. Подшо:
— Кимсан? Нима арзинг бор? — деб сўрабди. Ўғри:
— Шоҳим, мен катта ўғрилардан бўламан. Шу кеча бировникига ўғриликка бориб эдим, томини бордон билан омонат ёпиб қўйган экан, ўпирилиб кетди, мен уй ичпга йиқилиб тушдим, оёғим синишга сал қолди, — деган экан, подшо:
— Ҳа, талабинг нима? —  деб сўрабди. Ўғри:
— Уй эгасига жазо берсангиз эди, — дебди. Подшо уй эгасини чақириб, ундан:
— Шу кеча бу одам томингдан йиқилиб тушгани ростми? — деб сўраган экан, камбағал:
— Рост, шоҳим, яхшики менинг устимга тушди, бўлмаса оёғи синарди, — дебди. Кейин подшо:
— Рост бўлса сени дорга осиш керак, — деб камбағални ўлимга буюрибди.
Бечора камбағал, нима қилишини билмай, йиғлаб подшога:
— Э шоҳим, менинг нима гуноҳим бор. Томни уста шундай бўш ёпиб кетган, — деган экан, подшо:
— Ундай бўлса, буни бўшатиб юбориб, дорга устани келтириб осинглар! —дебди.
Ясовуллар устани олиб келишибди. Жаллод гуноҳсиз устани дорга осмоқчи бўлганда, уста:
— Подшо, арзим бор, — дебди. Бу гапни жаллод подшога етказибди. Подшо устани чақиртириб:
— Нима арзинг бор? — деб сўраган экан, уста:
— Шоҳим, бу ишда менинг ҳеч айбим йўқ. Бордончи бордонни сийрак тўқиб қўйган экан, билмай ёпаверибман. Агар бордон пишиқ тўқилганда устига одам чиқса ҳам тешилмас эди, — дебди.
Подшо устани бўшатиб юбориб, бордончини чақиртирибди:
— Бордонни сен тўқиганмисан? — деб сўрабди. Бордончи:
— Мен тўқиганман, — дебди. Подшо:
— Дорга буни осинг! Ҳамма айб шунда экан, — дебди.
— Шоҳим, сизга арзим бор. Мен бордонни ҳамма вақт пишиқ тўқир эдим, қўшним яқиндан бери каптарвоз бўлиб қолган. Шу қўшним каптарларини ҳавога учирганда, уларга қараб бордонни сийрак тўқиб қўйибман. Гуноҳимни кечиришингизни сўрайман, — дебди бордончи.
Подшо буни ҳам бўшатиб, каптарбозни олдириб келиб, дорга осишга буюрибди. Каптарбоз айтибди:
— Эй жаноб, мен ишқибозлик билан каптар ўйнайман. Бунда менинг гуноҳим бўлмаса керак. Мени ўлдирганингиздан кимга фойда бор, бир камбағални ўлдиргандан кўра, ўша ўғрини ўлдирсангиз эл тинчир эди.
Буни эшитиб подшо:
— Дарҳақиқат, ўғрининг ўзи гуноҳкор, сенинг гапинг тўғри! Ўғрини топиб дорга осинглар! — дебди.
Ясовуллар ўғрини топиб дорга осишибди. Дор паст, ўғри новча экан, оёғи ерга тегиб қолибди. Жаллодлар бориб подшога арз қилибдилар:
— Э шаҳаншоҳ, ўғри новчалик қилди, оёғи ерга тегиб қолиб ўлмаяпти, нима қилсак экан?
Подшо:
— Шуни ҳам мендан сўраб ўтирасанларми?! Агар ўғрининг оёғн ерга тегиб қолган бўлса, гузардан бўйи паканароқ бир одамни топиб, ўғри ўрнига ўшани осавермайсанми? Шунга ҳам ақлларинг етмайдими! — дебди.
Жаллодлар кўчага чиқиб қарашса, бир пакана одам бир қоп орқалаб кетаётган экан. «Подшонинг айтгани худди шу-ку», деб паканани дор тагига олиб борибдилар. Пакана одам:
— Менинг нима гуноҳим бор? Мени нега дорга осасизлар? Подшога арзим бор, — дебди.
Подшо дор ёнига келиб томоша қилиб турган экан, паканадан:
— Айт, нима арзинг бор? —  деб сўрабди. Пакана айтибди:
— Шоҳим, мен бир камбағал одамман. Гоҳ тоғдан ўтин келтириб сотаман, гоҳ ҳаммоллик қиламан. Шу билан бола-чақамни боқаман. Нима гуноҳим борки, мени дорга остирасиз?
Бунга подшо шундай жавоб қайтарибди:
— Э аҳмоқ, сенинг гуноҳинг борми, йўқми, менинг нима ишим бор. Ишқилиб бир кишини дорга осиш керак-да. Ўғрини дорга остирсак, бўйи новчалик қилиб, оёғи ерга тегиб қолди. Сен жуда боп келдинг. Пешонангдан кўр.
Пакана яна рухсат сўраб:
— Шоҳим, ўғри новчалик қилган бўлса, дор тагини бир оз ўйдирсангиз, оёғи ерга тегмайди. Гуноҳкор новча ўрнига, бир бегуноҳ камбағални ўлдириб юбориш адолатдан эмас-ку! — дебди.
Подшо ўйлаб туриб вазирга:
— Тўғри айтади, буни бўшатилсин. Дор тагидан чуқур қазилиб, дорга ўғрини осилсин! —деб буюрибди.
Жаллодлар ўғрини дор тагига келтириб, чуқур қазий бошлашибди. Шунда ўғри ҳовлиқиб:
— Тез қазинглар, вақт ўтмасин, меии тезроқ осинглар! — деб қистайверибди. Ўғрининг сўзини подшо эшитиб, ундан:
— Нега бунча тиқилинч қиласан? — деб сўраганда, ўғри:
— Тақсир, ҳозир жаннатнинг подшоси ўлди, мени тезроқ ўлдирсалар, битта-яримта одам подшо бўлиб қолмасдан, илдамроқ бориб жаннатга подшо бўламан. Жаннатнинг подшоси ўлаётганда: «Ким ўлиб, илгарироқ жаннатга келса, ўша одамни подшо қилинглар», дебди. Шунинг учун қистаяпман. Қани, тез бўлинглар, — деб яна қистай бошлабди.
Ўғрининг бу гапи подшога ёқиб, ўйлаб туриб: «У дунёда ҳам ўзим подшо бўлай», дебди ва жаллодларга қараб:
— Ўғрини дордан бўшатиб, ўрнига мени осинглар! — дебди.
«Подшо амри вожиб» деб, ўғрини дордан бўшатиб, ўрнига подшонинг ўзини осган эканлар.