Ақл билан давлат

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, қадим замонда, Марғилон томонда Ақл билан Давлат бўлган экан. Бир куни Ақл билан Давлат учрашиб қолишибди. Икковлари баҳслашиб қолибдилар. Шунда Давлат Ақлга:
— Мен сендан устун тураман. Сен бўлмасанг ҳам, мен кун кўравераман. Сен кейинги ўринда турасан, — дебди. Ақл:
— Кел, унда куч синашамиз, — дебди.
Улар юриб-юриб бир ерга борибдилар. Қарасалар, бир бола бир ёнига тош, бир ёнига майда кесак олиб, жўхори қўриётган эмиш. У бир бойнинг хизматкори экан. Ҳар куни эртадан-кечгача жўхорига қўнадиган чумчуқларни қўриб ўтирар экан. Шунда Ақл Давлатга:
— Қани, ҳунарингни бир кўрсат-чи, — дебди-да, ўзи кетибди.
Давлатнинг буйруғи билан боланинг ҳар бир отган тоши тилла, ҳар бир кесаги эса гавҳар бўлиб ерга тушаверибди. Шу вақт подшо ўз одамлари билан сайрга чиққан экан. Шунда подшонинг ёнига бир тилла келиб тушибди. Подшо ҳайрон бўлиб, уни қўлига олиб қараса, ҳақиқатдан ҳам тилла экан. Кетма-кет гавҳар ҳам келиб тушибди. Подшо ва унинг одамлари бу сир билан қизиқиб қолиб, тилла ва гавҳарларнинг қаердан келаётганини қидира бошлашибди. Улар жўхори қўриётган болани кўриб қолишибди. Бола ҳар бир отган тоши тиллага, ҳар бир отган кесаги эса гавҳарга айланиб қолаётганини билмас экан. Ўзи паришонхотир ўтирар экан. Чунки унда давлат бўлгани билан, ақл йўқ экан-да.
Подшо болани ўзи билан саройга олиб кетибди. Бола саройда нимани ушламасин, ҳамма нарса тилла ва гавҳарга айланиб қолаверибди. Подшонинг зийрак вазири бор экан. У подшога:
— Шундай сеҳрли болани қўлдан чиқармасдан, унга кизингизни бериб, куёв қилиб олинг, — деб маслаҳат берибди.
Подшонинг бир гўзал қизи бор экан. Подшо тилла ва гавҳарлардан қаср солдирибди. Қирқ кеча-ю, қирқ кундуз катта тўй қилиб, болани ўзига куёв қилибди ва қурдиртирган қасрини уларга берибди. Лекин бола гапирмас, гапирса ҳам, ҳеч тушуниб бўлмайдиган қилиб гапирар экан. Қиз роса кутибди, лекин бола ҳеч нарса демасмиш.
Шунда подшо қизига:
— Нима қилиб бўлса ҳам, гапга солгин, гапиртир, — дебди.
Подшонинг қизи унга гапирса, бола қизни шундай тепиб юборибдики, қиз анча нарига бориб тушибди. Подшонинг хизматкорлари қизни подшо ҳузурига олиб келибдилар.
Подшо куёвини чақириб, нега бундай қилганлигини сўрабди. Бола “билмайман” деб тураверибди. Подшонингжаҳли чиқиб, болани осишга буюрибди. Уни дор тагига олиб борганларида, ақл ёрдамга келибди. Бола эс-ҳушини йиғиб қараса, дор остида турган эмиш. Шунда:
— Нега мени дорга осяпсизлар? Мен нима гуноҳ қилдим? — деб сўрабди бола.
Подшо одамлари бўлган воқеани унга айтиб берибдилар. Бола ҳайрон бўлиб:
— Мен ҳеч қандай гуноҳ иш қилганим йўқ эди-ку? Мени қўйиб юборинглар. Менинг бир қари энам бор, у — ёлғиз. Мен жўхори қўришим керак, бўлмаса хўжайиним уришади, — деб йиғлабди. Кейин подшонинг раҳми келиб, болани озод қилибди.
Шундагина Давлат Ақлнинг кучлилигига, усиз ҳеч қандай иш битмаслигига тан берибди.