Замира Рўзиева 1957 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Мунаввар юртим”, “Гул ислари”, “Нашида”, “Қирқ ўрим соч”, “Атиргулга айланаман”, “Офтобжамол”, “Жон риштаси”, “Сарчашма”, “Ташна дил” сингари китоблари нашр этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ОШИҚ ЭТМИШ
Ул ёрким сафти соҳир рухсори ошиқ этмиш,
Қарашларинда зоҳир асрори ошиқ этмиш.
Кўкларда эрур шаъни, файзиёбдур гулшани,
Ор йўлинда жон-тани нисори ошиқ этмиш.
Бўлса ҳатто бир онлик васли дилга комронлик,
Ярашади султонлик виқори ошиқ этмиш.
Муҳаббат тилида най, куйлаётир пайдар-пай,
Минг йил ҳам тўкилмагай оҳори ошиқ этмиш.
Ошиқлигинг – тилло тож, бўлса арзир жон – хирож,
Чорлагай аршу меърож, узори ошиқ этмиш.
* * *
Кимки Ҳотам, кўнглига уммон насиб,
Қилса торликдан хазар, осмон насиб.
Қайси дил покиза бир суҳбатталаб,
Покланиб очса эшик, меҳмон насиб.
Чархланиб куч топгуси кун-кун сабот,
Ишқи комилларга гар ҳижрон насиб.
Ўртанур жон фидойи ошиқ учун,
Қайтса ёрдин хиёнат, ёлғон насиб.
Муҳаббатни хор этар ким, нобакор,
Умрининг боричадур пушмон насиб.
Яхшиликка зор бу очун, яхшига,
Беназир ҳурмат бўлар осон насиб.
Қаҳридиллик не учун, дилга баҳор,
Ярашгай найсон насиб, бўстон насиб.
Меҳрибонлар кўп эса, юртнинг юки
Ерда қолмас, дардига дармон насиб.
Эй Замира, ёр азиз, андин Ватан,
Азизроқ деб сев, сенга имон насиб.
СЕНИНГСИЗ…
Ифор қани, гулзор қани сенингсиз,
Танимайди гуллар мани сенингсиз.
Лолазорлар ловуллаши на даркор,
Ёндирмаса гар гулхани сенингсиз.
Ошиқман деб гул тутган кўп, во дариғ,
Ёр деёлмам ҳеч биттани сенингсиз.
Гаҳи армон, гаҳи соғинч чулғагай,
Умримдаги ҳар лаҳзани сенингсиз.
О-ю офтоб илинса-да шифо нур,
Тузатолмас мен хастани сенингсиз.
Юзлашганда ёраб, юпанч тутолмас,
На Андижон, на Тошкани сенингсиз.
Сенга-ку бахт тилагайман, валекин,
Бахти кулмас Замирани сенингсиз.
БИР ГЎЗАЛ БОР
Бир гўзал бор, сочин ёйса, қуюқлашиб кетар тун,
Гар офтобга юзин чайса, тиниқлашиб кетар кун.
Бармоқлари чертса соз, оҳангга айланиб ноз,
Аллалаб элитгайдир, кўнгилни сирли афсун.
Ювилиб араз, ғашлар, юмшаб бородир тошлар,
Кечаги кўзи ёшлар, бўлолмас бугун маҳзун.
Кўпаяди яхшилик, сепин ёяр яшиллик,
Муҳаббатга бош эгиб, яшарар кўҳна очун.
Сеҳрга, ўтга тушдим, ошиқ деб хатга тушдим,
Ул гўзални Лайли денг ва мени атанг Мажнун.
* * *
Паришондур сочим сабодан кейин,
Нафармондур очун наводан кейин.
Кўнгил мулки ичра қимматли не бор,
Бари садоқатдан, вафодан кейин.
На кўкка, на ерга ярашмас қаҳр,
Бойчечак таратган садодан кейин.
Хожалар не топсин остонасидан,
Йиғлаб қуруқ қайтган гадодан кейин.
Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлса нетай,
Мен тошни севибман Худодан кейин.
* * *
Дунёнинг бир ками менда кўринди,
Юз-кўзимни топган мунгда кўринди.
Муҳаббатнинг қадри тўкилган кунлар,
Сўз топмай тўлиққан гунгда кўринди.
Ифорлар гулники, зорлар дилники,
Ёлғонларнинг чўғи чинда кўринди.
Кўнгилники бўлди минг битта оғриқ,
Иситмасин тафти мингда кўринди.
Ойдай орзуларни туманлар ютди,
Излар сароб сари қумда кўринди.
Ким алдаб адашди, кимдир алданиб,
Тун ичра гуноҳлар чўнгда кўринди.
Энг аввал вафолар кетдилар ташлаб,
Жафолари кейин, сўнгда кўринди.
Дарддан огоҳ тушлар сувда жим оқди,
Хиёнатнинг ҳукми ўнгда кўринди.
Замира, нақл топ, нома бит бугун,
Дунёнинг бир ками менда кўринди.
* * *
Ошиқликнинг тахти менга тайин бўлди,
Соғинчларда ўртаниш он сайин бўлди.
Сокин эрдим оразин то кўргунимча,
Оловларда ёнишлик сўнг, кейин бўлди.
Юзим боссам азобимдин олар бир-бир,
Манга сирдош оқ терак, оқ қайин бўлди.
Субҳ чоғлар мужда кутдим насимлардин,
Менга таскин тутар барлар майин бўлди.
Жафоси бор бўлди-ю, йўқ анда парво,
Наҳот ишқим жафокашга ўйин бўлди.
Эй Замира, сеҳр топдим, сабр топдим,
Фақат ул ёр дилин топмоқ қийин бўлди.