Замира Эгамбердиева 1960 йили Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани Қорабулоқ қишлоғида туғилган. Андижон давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида ўқиган. Шоиранинг “Энг чиройли гул”, “Денгизнинг дарди”, “Дил дафтарин варақлаганда”, “Бахтиёр қушлар”, “Қизларимнинг сарпоси”, “Дадамнинг дуоси” сингари шеърий ҳамда публицистик китоблари чоп этилган.
2005 йили Тошкент шаҳрида вафот этган.
АТИРГУЛ
Бир дилгир ҳис билан ёғади
Баҳорнинг энг сўнгги ёмғири.
Атиргул юраги ёнади —
Шуми деб умримнинг охири.
Ёмғирмас кўз ёшлар тахирдир,
Қўрқаман саратон қаҳридан.
Мендан хам шу гулга оғирдир:
Тиконлар ўсади бағридан…
***
Ёлғизлатиб қўйсангиз мени мабодо
Учиб кетажакман турналар билан.
Узатган қўлингиз қолар ҳавода-
Сўнг сизни кўраман жуда баланддан.
Ўзингиз йўлимга бўлганда маҳтал —
Кўнглингизга уруғ ташлаб ўтаман.
Шу уруғ мевага киргани маҳал —
Сизнинг кўзингизни ёшлаб кетаман.
ЗАБАРЖАД ҚИЗИМГА
Эплолмадим алла айтишни,
Ухлай қолгин сен, ёруғ юзим.
Сенга кўпроқ термулгим келар,
Андижонга ўхшайсан, қизим.
Кўзинг қаро бўлмаса майли,
Тўкилмасин олтин ёшларинг.
Ўн саккизга тўлган маҳали
Узун бўлсин фақат сочларинг.
Қучоғингда эриб кетаман,
Айланаман кичик одамга.
Сенингсиз мен кўп ўртанганман,
Сиғмаганман катта оламга.
Ёноғингда ёнган кулгучинг
Менинг учун жаннатга тенгдир.
Чучук тил-ла айтган илк сўзинг
Мен ёзолган энг гўзал шеърдир.
Севинаман тиниқ юзингда
Кўриб турсам ўзимнинг аксим.
Гул унмоқда демак изимда,
Сени бахт деб биламан, қизим.
Қуёш порлар шудринг бағрида,
Бахтсиз бўлмас сира аёллар.
Оналарни ҳар куни тунда
Эркалайди ёруғ хаёллар…
***
Юлдузларни, ойни, қуёшни
Паноҳида асрайди осмон.
Кўксидаги кафтдек бардошни
Нечун қийнар жамики инсон?
Тош отсалар бебош болалар
Чўкиб кетар сойнинг тубига.
Тоғда унган чўғдек лолалар
Зеб беради менинг умримга.
Потирлаган юрак ҳам гўё
Қафасдаги қушмикан, дейман?
Биз талпиниб яшаган дунё
Бир лаҳзалик тушмикин, дейман?
Эркалатгим, ўпгим келади,
Юрагимни кафтимга қўйиб.
Кўзларимга суртгим келади,
У ҳам менга тикилса тўйиб.
Бош кўтарса йилларнинг гарди,
Изларидан янглишар мезон.
Осмон ойни асраган каби
Юрагини асрасин инсон.
***
Қараб туриб кўзимга
Бор сиримни ўқийсиз,
Мен ҳақимда ўзимга
Афсоналар тўқийсиз.
Гулнинг иси келармиш
Ёзган ҳар бир хатимдан,
Ҳатто ҳарфлар кулармиш
Фол очишиб бахтимдан.
Бу дунёнинг яроқсиз
Ёлғонини суйдик биз,
Муҳаббатнинг адоқсиз
Оловида куйдик биз.
Йилнинг тўртта фаслида
Гул ундирдик қуёшдан,
Суйган кўнгил, аслида,
Яралгандир бардошдан.
Йўлингизга энтикиб
Қараб турган кўздирман,
Тилингиздан тўкилиб
Қолган ширин сўздирман.
Ой оҳиста боқади
Юлдузларга мастона,
Менга жуда ёқади
Сиз тўқиган афсона.
***
Кўнглимда кезар қуюн,
Ўнгимми ё тушимми?
Сиз – тангрининг мен учун
Учирган бахт қушими?
Қилолмай кўздан қувғин
Телбага ўхшаб қолдим.
Не қилай, куйса бағрим,
Ишқ ўтин ушлаб олдим?
Юрак сезар, барибир,
Кўз илғамас шарпани.
Билолмадим, қайдадир,
Муҳаббатнинг Ватани?
Пойингизга бош эгай
Банди бўлди эс-ҳушим.
Елкамни тутиб берай
Зора, қўнса бахт қушим.
***
Юлдузларни, ойни, қуёшни
Паноҳида асрайди осмон.
Кўксидаги кафтдек бардошни
Нечун қийнар жамики инсон?
Тош отсалар бебош болалар
Чўкиб кетар сойнинг тубига.
Тоғда унган чўғдек лолалар
Зеб беради менинг умримга.
Потирлаган юрак ҳам гўё
Қафасдаги қушмикан, дейман?
Биз талпиниб яшаган дунё
Бир лаҳзалик тушмикин, дейман?
Эркалатгим, ўпгим келади,
Юрагимни кафтимга қўйиб.
Кўзларимга суртгим келади,
У ҳам менга тикилса тўйиб.
Бош кўтарса йилларнинг гарди,
Изларидан янглишар мезон.
Осмон ойни асраган каби
Юрагини асрасин инсон.
***
Сиз тўқиган ёлғоннинг
Озори йўқ негадир.
Кўнгил деган қўрғонни
Очгим келди кимгадир.
Мен қўрқмайман йўллардан,
Қушлар бизга ҳамроҳдир.
Гул тутгувчи қўллардан
Юз ўгирмоқ гуноҳдир.
Кўнгил деган қўрғоннинг
Эшигига енг бўлай.
Сиз тўқиган ёлғоннинг
Поёнига тенг бўлай.
Кўзёш бўлиб юракнинг
Тўкилиши ёмондир.
Мендек жони ҳалакнинг
Кўрган куни гумондир.
Йўллар қурғур адоқсиз,
Бизлар билан иши йўқ.
Бу дунёда гуноҳсиз
Яшагувчи киши йўқ.
Сиғмай қолиб кўксимга
Оққан ёшлар, ёш эмас.
Отилмайди ҳеч кимга
Тоғнинг тоши тош эмас.
Кўнгил деган қўрғонни
Очгим келди кимгадир.
Сўз тўқиган ёлғоннинг
Озори йўқ негадир.
***
Мен бахтли аёлман, қирқта жоним бор,
Ҳаммаси умримга, сизга бахшида.
Она деб аталмиш улуғ номим бор,
Болангни эркалаб, суйиш яхши-да.
Қирқ жоннинг ҳеч бири меники эмас,
Аслида, ҳаммаси бировнинг мулки.
Уларни аямоқ қўлимдан келмас,
Илҳомнинг оғуши – шоирнинг эрки.
Ишониб, алданманг табассумимга,
Қилдай қирқта жоним руҳимда меҳмон.
Шеър ишқи ёнадир бор вужудимга –
Мени асраб турган қирқ биринчи жон.