Зафар Исомиддин (1958)

Зафар Исомиддин 1958 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Қўқон педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. “Ҳовли тўла болалар”, “Боғчага-дўмбоқчага”, “Истиқлол умидлари” каби шеърий китоблари чоп этилган. Айни пайтда Фарғона вилоят ўлкашунослик музейида илмий ходим.

ҲОВЛИ

Жой етади шафтоли,
Ўрик, олма, бодомга.
Ташлаб кетди ҳовлини
Кейин бобом дадамга.

Ҳовли – бобом сурати –
Ташқи-ички олами.
Тез келиши шундадир
Ҳамма – учта холамнинг.

“Уй қурамиз”, деб дадам,
Кесди терак, олмани.
Уч йил ўтгач орадан
Тошбодом ҳам қолмади.

Шотут мева қилмайди,
Оёғидан шарт “сўйдик”.
Сингилларим йиғлайди,
Холамлар келмай қўйди.

Мен бўлсам кўраман туш,
Ёлғиз қолган ўрикни.
Қўрқармиш. Бошидамиш
Шох-қўллари шўрликнинг.

МАҚТАНЧОҚ

– Бир ўзим… рўпарамда
Мудраган шер ётарди.
Дадил борсам ёнига,
Қўрқиб бошин кўтарди.

Мендан кучли дунёда
Йўқ эди, шу нафасда.
…Сўнг биров келиб
Деди:
– Нарироқ тур қафасдан.

АЯМ УЧУН РАКЕТА

– Битибди-да, ракета!
Ҳа, бир сўзли ўжарсан.
Энди индин ё эрта
Коинотга учарсан?
– Парвоз қилдим – бу мақсад,
Ишон, дўстим, юракдан.
Лекин аям учун ҳам
Бир ракета керак-да.
– Нега?
– Ўзинг биласан
Қанақа аям феъли:
Кўчада ўйнаб қолсам,
Қидира бошлар мени.
Кезиб космос бағрини
Қолиб кетсам ҳаяллаб,
Ракетада чақириб
Келадилар аямлар…

ДОРБОЗ БОЛА

Лангарчўпсиз дорда
Тура олди.
Истеъдоди бор-да,
Юра олди.

Кўзин бойлаб йўлин
Топа олди.
Лангарчўп қиб қўлин
Чопа олди.

Мухлислардан гуллар,
Куй-олқиш жўшди…
Кейин текис йўлда
Йиқилиб тушди.

ТЎРТКЎЗ

Тонг.
Шабнамлар ялтирар,
Шодон ҳурмай қолди у.
Чўчиб кетди қалтираб,
Қўққис кўрмай қолди у.

Тан қулоққа айланса…
Ялоғи ҳув ёнида.
Топади бир шайланса,
Ичгани сув ёнида.

Ёмон экан қариса…
Ўйга ботар гоҳ-гоҳда.
Ғамхўрликлар бариси
Кундан-кун сохта-сохта.

Иссиқ тегди жонига,
Шабадалар елмайди.
Уй эгаси ёнига
Уч кундирки, келмайди.

Шамол, ёмғир бошланиб,
Тарновдан шовуллади.
Янги жой-да, ғашланиб,
Кучукча вовуллади.

МУШУК

Ҳаво совуқ, қор қалин,
Бечора қушлар қани?
Ёрдам берсам бўларди,
Ҳалигинда уларни
Деразадан кўргандим:
Қор устида юрганди.
Эшикка чиқиб кўрдим:
Мушук турганкан писиб…
Қушлар бўғотга қўнди.
Мушук-чи, думин қисиб
Юриб кетди нарига,
Оч-озғин, ҳам қариган.
Қор устига – қушларга
Сепдим дон, нон ушоғи.
Мушукка қўл муштладим –
Ёқмай қолсин қуш ови.
Вой, уялдим… Аҳволи
Ҳа, қалайсан, дегулик.
Ошхонага йўл олдим,
Обчиқаман егулик.