Юсуфжон Мирзамаҳмудов (1941)

Юсуфжон Мирзамаҳмудов 1941 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ҳуқуқшунослик факультетини битирган. Кўп йиллар ҳуқуқ-тартибот идораларида турли лавозимларда фаолият кўрсатган. “Кўнгил боғи” номли шеърий китоби чоп этилган.

ИСТАР КЎНГИЛ

Не ажабки, фасли куз ҳам
яшил баҳор истар кўнгил,
Ифорлари хўб мастигар
бир чаманзор истар кўнгил.

Кимдир кулар деб: “Бу одам
ақлу ҳушидин мосуво”,
Гул ишқида булбулдайин,
чекмак озор истар кўнгил.

Тутиб пинҳон не ҳам топдим,
мен бу жаҳон айвонида,
Чаманзорин макон этган
шўх бир дилдор истар кўнгил.

Бор эканми бу танда жон,
орзуларга ҳеч йўқдир айб,
Бу дунёда фақат бахтдан
тинглаш алёр истар кўнгил.
Тинч-осуда, ҳур замоннинг
нашидасиму эй Юсуф,
Не ажабки, фасли куз ҳам
яшил баҳор истар кўнгил.

ҲИЖРОНИНГ СЕНИНГ

Ситами жон бўлди эй ёр,
аразу ҳижронинг сенинг,
Йўқмиди билгали ҳолим
бирон имконинг сенинг?
Қайда қолди, айтармусан
ўртадаги ваъдалар,
Тоабад биргамиз деган
аҳду паймонинг сенинг?
Ошиқ аҳлин не куйларга
етакларму шайдолик,
Шай эдим бўлмоққа мен ҳам
қулинг, қурбонинг сенинг.
Айларди кўксимни абгор,
оздириб роҳларимдин,
Мужгонларингдин отилган
ўтли пайконинг сенинг.
Чиқмагай ёдимдин ҳаргиз
юлдуз санаб тунлари,
Лаъли хандонлар болидин
қилган эҳсонинг сенинг.
Осон эрмасдур унчалар
ўзингга ҳам унутмоқ,
Вафодоринг билан ўтган
ҳар лаҳза, ҳар онинг сенинг.
Хонишлари Юсуфжонни
бугун маҳзундир, боис –
Ситами жон бўлди эй ёр,
аразу ҳижронинг сенинг.

МУВАШШАҲ

Зор этганди малагим
меҳрининг булоғига,
У сабаб ҳасратларим
етмасди адоғига.
Ҳазинлик эди ёрсиз
ўтганида бу онлар,
Рўй энди лола янглиғ
тегиб ол яноғига.
Айлади тақдир насиб
қилмай армон кезгани,
Хазонсиз олма, анор,
атиргулли боғига.
Олам бахтнинг яроғи –
тўйсам гар шаробидан,
Нозли ўшал санамнинг
лаб қўйиб дудоғига.
Гўзалга сен вафони
Тангридан тила Юсуф,
Алёр тинглаб яшасин,
етмайин саноғига.

ЎЗИНГСАН  

Менинг қалбим ичра унган
боғу бўстон ўзингсан,
Армон йўқдир, дилимга ёд
ажиб достон ўзингсан.
Ҳаёда ҳам, вафода ҳам
дердим, танҳосан жоним,
Боқишларинг дил қулфини
очар имкон ўзингсан.
Умр ўтар, умр кетар,
бироқ орзулар бисёр,
Бир суҳбатинг жон озуғи,
шўх сухандон ўзингсан.
Аҳли ишқ ичида мендек
Мажнунгинанг устидан,
Хандон уриб бағрим ёққан
оташниҳон ўзингсан.
Олсанг олгин, сенга бўлсин
садақа,  ширин жоним,
Нозларинг афғон чектириб,
этган сарсон ўзингсан.
Гар ишқини рад этсангда,
Юсуф ўқир тасанно,
Ағёрни ҳам дўст қилолган
соҳиб боғбон ўзингсан.