Юсуф Худойқул

БЎЛМАС

Жон оларға сендек офати жон бўлмас,
Жон тутарға мен киби нотавон бўлмас.

Бургут урармиш тўш чўнг қояга, ҳаргиз,
Ки дардин англарга қояда жон бўлмас.

Чархи бебурд рафториға ошуфта сен,
Не тонг, ишқ аҳлига ёрсиз ватан бўлмас.

Майли сен қоя бўл, бургутдек урай тўш,
Деса десунлар Юсуфдек нодон бўлмас.

ЭВРИЛИШ

Юрагимга сиғмаяпти шеър,
Улкан тоғлар кифтимда гўё.
Ҳаёт энди этади таҳқир,
Бир каромат кўрсатар дунё.
Шу жуссага шунчалик ташвиш,
Ўйлаяпман, фикрларим суст.
Билмадим, бари бекорчи юмуш,
Юрагимга ўзинг бўйла, дўст.
Кел, шаробни кўрайлик баҳам,
Тоғлар ғариб осмон олдида.
Ўртамизда мўъжаз сойлик ҳам
Бир пиёла шароб қолди-да…
Капалакка ўхшайди кунлар,
Ҳеч юракка тутқич бермайди.
Майсаларга чўкади тунлар,
Қонлар сокин, кўпчиб урмайди,
Ана кўклам, бўй чўзди яна,
Куйлаяпти боғда зарғалдоқ.
Наҳот ҳаёт қиз яноғига
Қўниб олган битта қизғалдоқ?
Юрагимга сиғмаяпти шеър,
Улкан тоғлар кифтимда гўё…

* * *

Кўнглимиз кўнгилдан истади малҳам,
Кўринди хаслар ҳам атиргул мисол.
Лойиқми нолойиқ, биз билмасак ҳам,
Сизни тушда кўриш келмади малол.
Кўнглимиз кўнгилдан истади жавоб,
Саболар дил силар бетиним, беун.
Кунлар ўтаверди, келтирдик савоб,
Кафтингизга қалбин тутганча бу кун.
Кўнглимиз кўнгилдан истади юпанч,
Келавердик мана сизга интилиб.
Сизнинг кўчангиз музлаган, сирпанч,
Тойринсак кетади юрак ситилиб.
Кўнглимиз кўнгилдан барибир шодон,
Ахир тинглаяпсиз гапларимиз жим.
Сўзимиз тарашлаб ололсак обдан,
Бизники бўласиз бир куни, гулим.

ОЗОРА ЖОННИ НАЙЛАЙИН
(туркумдан)

Осмон олти, ер етти,
Саноғига етмадим.
Узун сочли қиз кетди,
Мен эргашиб кетмадим.

Лой сувоқли супада
Кечалар тўлғонганим.
Қовунзорда, капада
Ёр қучиб уйғонганим.

Ариқ суви оқизиқ,
Оқди жажжи кемачам.
Ортида қолса чўзиқ,
Қаерда қўлим чечам.

II

Пода қайтар, қўлда таёқ,
Мол ҳайдаган ўспирин.
Қишлоқ йўли ёлғиз оёқ,
Йўлдан олмайди кўзин.

Чақнагандек мисли чақин
Тонг юлдузи чўғланиб –
Тишлаганча зулфин учин
Келар бир қиз тўлғониб.

Пода қайтар, чанг-тўзонни
Кўтарганча фалакка.
Ишқ ўқийди шом азонин
Тўзон ичинда якка.

Чолдевордан бўйлаб кампир
Қичқиради “хош-хош”лаб.
Қирқ кокилни ола сигир
Кетар ортидан бошлаб.

Ёр юрагин ола кетган
Ола сигир, шошмай тур!
Лаъли лабдан сабо ўпган,
Эрта келсин, унда кўр!

III

Тун сиёҳ, қошинг сиёҳ,
Дил-бағир тошинг сиёҳ.
Ул қаролиқ ичра мен,
Жоним талошинг сиёҳ.

Ишқ домани қон-қон,
Оҳ чеккан садарайҳон.
Ишқ яктагин барини
Юлди ул, оҳ Бекажон.

Тун сиёҳ, сочинг сиёҳ,
Зулфи қийғочинг сиёҳ.
Сочингга дилим боғлаб,
Олган оғочинг сиёҳ.

Тола соч арқон-арқон,
Ёр сиёҳ тун ичра хон.
Ой юзин соч-ла ёпиб,
Суйдим дегани ёлғон.

Тун сиёҳ, қошинг сиёҳ,
Дил-бағир тошинг сиёҳ.
Ул қаролиқ ичра мен,
Жоним талошинг сиёҳ.

АЛДАНДИ ДИЛ, АЛДАНДИ ДИЛ

Бир қаро қошга бу кун, алданди дил, алданди дил,
Ул нозик ёшга бу кун, алданди дил, алданди дил.

Ой юзин чиммат аро беркитди мен девонадан,
Тун ичинда кун бакун, алданди дил, алданди дил.

Кўрғали рухсорини ёр кўлбасин тутдим макон,
Сорғариб кунпая кун, алданди дил, алданди дил.

Оразни ишқин ўт солди жонима минг ситам,
Дил ўртанар топмай якун, алданди дил, алданди дил.

Воҳ, дедим мен, раҳм этмади, кимда бор бундай мақом?
Ул паривашга не кун, алданди дил, алданди дил.

Кечмоқ истаб ишқидин мен, тарк айладим ёр кўлбасин,
Воажабким, билдим шу кун, алданди дил, алданди дил.