Йўлдош Эшмуродов 1957 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини битирган. Ижодкорнинг “Муҳаббат фасли”, “Соғинч кунлари” шеърий китоблари нашр этилган.
* * *
Шамол чопқиллайди,
Югуради нур,
Япроқлар кенгаяди,
Улғаяди чинорлар
Меҳр оғушида
Сеҳрни қучоқлаб.
Ёлғиз катталашмай туради қуёш,
Ёлғиз бир маромда тепади юрак.
Балким, ҳеч қаёққа шошилмас шамол,
Балким, ҳеч қаёққа ошиқмас нур ҳам,
Балким, улар шундай яшарлар:
Гулларни ҳовучлаб,
Оламни опичлаб…
* * *
Ўтмадим, ўтмадим, ўтмадим,
Бир эшик олдидан асло кетмадим,
Оҳ, сени бирор кун унут этмадим,
Эшикни жилмайиб очган қиз!
Неча куз узумлар бўлдилар майиз,
Неча бор япроқлар тўкилди маъюс,
Мен сени унутаолмадим ҳануз,
Эшикни жилмайиб очган қиз!
* * *
Кел, энди!
Шундоқ келақол,
Унутмай менга келган ғашларингни,
Менинг ёниб қарашларимни.
Кел, энди!
Шундоқ келақол,
Керакмас на ибо,
На ўсма қошларингга.
Кел, энди!
Қўй кўксимга кўксингни,
Ажабмас кўкраклар ўйилиб кетса,
Қўшилиб кетса меҳрнинг қудратидан.
Кел, энди!
Шундоқ келақол,
Дўстларга ношудлик нокерак.
Бандидан узилган япроқдек,
Сарғаймасин сенсиз келажак.
МАНЗАРА
Қушлар уйларига кетишади,
Жимиб қолади шамол ҳам.
Дарахтлар куйлай бошлайди
Сокинлик қўшиғини.
* * *
Биласизми,
Эшитганмисиз, сиз, бу ҳақда?
Қуёш ер билан,
Ер эса ой билан…
Умуман коинотдаги барча сайёралар
Бир-бири билан
Ўз массасига тўғри пропорционал,
Ораларидаги масофага тескари пропорционал
Куч билан тортишар эмиш.
Биз нима ҳам қилаолардик,
Тортишса тортишганлари маъқул,
Бўлмаса тўкилиб кетмайдими
Ҳаммаси пастга.
ЁЛҒИЗЛИК
Сўридаги узумлар узилди
Бобом ҳам беркитди боғини –
Ўлан тўшагим деб келди сокинлик.
Ўчоқларда ёнар ғўзапоялар,
Кўк чой атрофида чоллар гурунги –
Ташқарида қолди ёлғизлик.
ҲУКМ
Мен чарчадим,
Кутиб чарчадим.
Кутмоқ, бу – олдиндан кўрмоқдир.
Кузатмоқ – кутмоққа ташланган қадам.
Кутмоқ – савол бўлса,
Кузатмоқ – ҳукм.
Сен мени кутдингу хайрлашмадинг,
Кутаман демадинг: такрор ва такрор,
Афсус, рақибларим кузатар мени
Пусиб ва паналаб парда ортидан.
Мен чарчадим,
Кутиб чарчадим.
Товонимни эзар
Соғинчим зўр юк,
Гир атроф доира
Бу қандай қадам?
Наҳотки, кутмоғу кузатмоқ бирдек?
* * *
Соғинганим сезар поездлар,
Юрагимни эзар поездлар,
Шу излардан ўтар поездлар,
Шаҳарларга кетар поездлар –
Мен кетолмайман!
Гулга лойиқ аҳли поездлар,
Ваъдасига аҳдли поездлар,
Меҳнатидан тахтли поездлар,
Инсон каби бахтли поездлар,
Шу излардан ўтар поездлар,
Шаҳарларга кетар поездлар –
Мен кетолмайман!
Уни қўли хинали кутар,
Танишлардан уялиб кутар,
Тонгдай тоза хаёли кутар,
Ваъдасига вафоли кутар.
Шу излардан ўтар поездлар,
Андижонга кетар поездлар,
Айрилиқни ютар поездлар,
Дўстларга гул тутар поездлар –
Мен тутолмайман!