Хайрулло Файз 1970 йилда Хўжандда таваллуд топган. 1993 йилда Тошкент Давлат Университетининг журналистика факултетини тамомлаган. 1997 йилдан бери Лондонда яшайди.
Ҳикоялари “Ёшлик”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ёш куч”, “Шарқ юлдузи”, “Оила ва жамият”, “Туркистон” ва бошқа қатор нашрларда чоп этилган.
Туркум шеърлари Британия, Белгия ва Францияда адабий нашрларда босилган.
Шахсий веб-блоги – www.xayrullo.com
* * *
Тун тарафда
кундуз тарафда
бу тош йўллар бир кун тупроқ йўлларга муваққат қўшилиши ва яна қайтиши
мана шу тош йўлларда туриб тош биноларнинг бирида шундоқ дарвозада
айтай темир дарвозада
оёқлари ўнта ўргимчак бир пайтлар Пайғамбарни кутқарганмидинг
ёғийларидан
ким ёғий деган сўроқ ўрмалар
оёқлари йўқ илондай бу темир дарвозали тош бинонинг ертўласида
ўрмалар
тун тарафда
кундуз тарафда
ярқираган юлдуз тарафда
бир кун барча йўллар хотима топар хаёл ҳам тугайди ўшанда
хаёл ҳам сурилмас қимирламас тош қотар хаёлда яшайди шунда ўргимчак
ҳеч ким бир пайтлар сенмидинг қутқарган пайғамбарни ёғийдан деб сўрамас
бу тошдан бино бўлган бинонинг ертўласидаги илон эса айланмас саволга ёки
у барча саволларни ютар тошдай тухумдай ё ҳирсдан берироқда туғилган бир гулга
бир гулга эврилар оғриқсиз ва ёввойи шиддат ила ўсар гарчанд нурсиз бир куни
ўсар нурсиз.
нурсиз тун тарафида
нурсиз кундуз тарафида
нурсиз юлдуз тарафида
* * *
гул нима
битта ҳам орзуга сиғмаган туйғу
бир ҳовуч нафасу бир мисқол насим
қанча ёлвормагин бебағирликда
топганинг муваққат ё кулгу ё қайғу
гуллаш нима
оний оташ туйғуси — беқанот учмоқ
бир титроқ вулқонлар қолажак доғда
бир ногоҳ тушдаги парвоздай лаззату лаззат
аммо шундай маъсум хаёл билан мен ярим тунда
кимни қучадирман қандоқ учадирман қайга учарман
гул нима
гуллаш нима
битта ҳам орзуга сиғмаган беқанот туйғу
иккитамас ўнтадир қаноти — ҳарир ва қонранг
кесилган хўрланган аммо бахтиёр —
ўнгласам туш ахир уйқусиз надир
надир бу қанотлар орзусиз надир
* * *
тенг эмас эдим
на булутга на осмонга на ерга ва на ўзимга бугунимда
ва
битта марваридга денгиз тубида
тупроқ йўлда ётган тошга
шундоққина ҳовлимиздаги бир туп ўрик ниҳолидан
тўкилиб тўкилолмай қолган
ёздан чиқолмаган қишга киролмаган
ранги ерлаган битта япроққа
ёки
отамни оёқ оғриғига дучор қилган
менга оппоқ бахт борлигини ошкор қилган
қишда
уйимизнинг томига осилиб олган фариштарангми билмадим
сумалакка
мен
туғилганимда
арзимаганман
арзимаганман
* * *
Сен тонг бўлиб уйғонолмадинг
тун бўлиб мен кўз юмолмадим
ёлворганим бир каломгина —
дийдоргинам дийдоргина
икки қанот камлик қилдими
бир деворни ошолмадим ман
икки юлдуз тундпик қилдими
битта мани тополмадинг сан
тақдир дедим пешона дедим
бу вайрона кошона дедим
мен ёдингни оққушга қўшиб
қувдим — менга бегона дедим
тағин келган тағинимсан сан
яқин келган яқинимсан сан
бу кенг бағир очилганида
юрагимга… чақинимсан сан
сен тонг бўлиб уйғонолмадинг
тун бўлиб мен кўз юмолмадим…
***
Сан биласан мани
аслида
Пешонамда ёзилгани шу –
Бошим узра фаришта учиб
Ёғдиради илоҳий ёғду…
Сан биласан, менинг бир орзум
Жаннатингдан жой олсам, етар,
Етар, ростим, икки дунёмга
Биттагина саодат етар…
Сан биласан, кечаю кундуз,
Ёдинг менинг асл тушимдир…
Адаштирма, адаштирмасанг,
Жоним Санга тортиқ қушимдир…
Сан биласан, Яратган Эгам,
Гуноҳларим тоғлардан юксак,
Бу дунёда барча тоғлар ҳам…
Эрир меҳринг ўнгида бешак
Сан биласан Парвардигорим,
Пешонамга ёзганларинг шу…
***
Олдимиздан тоғ чиққан эди
ошгандик
денгиз надир
уни биз
кечгандик
Булутлар остимизда сузарди
тўзғитиб
барини
соҳир парвозда
турналарни қолдириб доғда
Эҳ қандай учгандик
Бугун тоғ йўқ
ошгани
денгизлар қуриган
тарқаган тор осмоннинг оқ булутлари
Аммо
Оёқ остимизда майда тошлар бор
эринмай йиғамиз уларни
бир кун отиш учун…
айтиш учун…
биз бир биримизга
шу тошларними
отгандик?..
***
Тушимда
Кўтариб чиқдим ўнг қўлимни бетўхтов
Кўзингиз кўзимга тушсин дедим
Малим
Муаллима
Сочлар тасдиқ зарби билан гулчеҳрангизни
Ярим ёпар
Табассум учади лабларингиздан
Қўнади ниҳоят синфдош дўстим
Насимнинг юзига
Нега тушунмайсиз ахир муаллим
Малим
Муаллимам
Қўлимни кўтариб чиқдим бетўхтов
Кўзингиз кўзимга тушсачи малим
Сочлар ярим ёпса гул чеҳрангизни
Тасдиқдан эгилган бошингиз силкиб
Сиз
Бир
марта
қаранг
манга
азиз муаллим
Табассум учади лабларингиздан
Қўнади синфдош дўстнинг юзига
Қандоқ тушунмайсиз ахир муаллим
Русчани манчалик билмайди Насим
Кўрмайсиз
ҳавода сузади қўлим тўхтамай
кўзимни юмаман қиламан банди
ҳамон жилмаясиз ҳамон табассум
учиб келаверар Насимга қайтиб
кўзимни очаман ўзимдан олис
Сиздан ҳам олисроқ тушда уйғондим
Табассум учадиган ростимдан ўтиб
Сиздай Хаёлимни қаттиқ соғиндим…
***
Тошга ҳам тил битганда –
ўзимнинг аксим
Билмассан
Ҳақингга ярим тунлари
ким дуо қилмоқда
кўрмассан
шу осмонни сиғдирган юрак
қандоқ нола қилар
сезмассан
деворга дарз кетар шоҳидлигидан
ҳеч қайга кетолмас зоҳидлигидан
ҳар не гуноҳ ўтди пасту баланддан
юракка муҳр тушган Воҳидлигидан
билмассан
қачон уйғонади қобирғада қуш
қачон синдиради қафасларини
қачон парвоз этар хаёлдан баланд
қачон ўнгга айланади бу тушнинг акси
томчилар келишар бесафу бешон
бостириб киришар бўм бўш қалъага
бир бўйра тўшалган
бир вужуд қотган
қақроқ руҳ бағрига ёғдириб эҳсон
шунда
тошга ҳам тил битар – тошюрак пора
ҳақингга дуолар қилмоқда
қара
осмонни сиғдирган юрак қаърида
тиз чўккан зоҳиднинг ҳаловатида
тиз чўккан зоҳиднинг тиловатида