Хаёла 1962 йилда туғилган. Наманган маданият техникумининг кутубхонашунослик бўлимида таҳсил олиб, радио ва турли матбуот нашрларида ишлаган. Айни пайтда, Наманган вилоят Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб хизмат қилмоқда. Унинг “Кўзларимдан соғинчлар ёғар”, “Нигоҳимга яширай” номли шеърий ҳамда “Ёлғон юпанч” насрий китоблари нашр этилган.
ИШҚ
Кўнгил қафасин бир кун йиртиб кетар ишқ,
Вужудимга дардини битиб кетар ишқ.
Далли девона дилни найлашни билмай,
Турсам йўлида туртиб-туртиб кетар ишқ.
Гардуни оташига солмоққа жоним,
Тутиб яқоларимдан ютиб кетар ишқ.
Кўриб абгора ҳолим парволари йўқ,
Бугун аҳволи зорим кутиб кетар ишқ.
Тополмайму иложин мандин қутулмак
Беҳад жавру жафолар тутиб кетар ишқ.
Ситамларин оширмоқ қасдидаму ё
Қўл бермайин Хаёлга ўтиб кетар ишқ.
СОҒИНМАЙСАН
Соғиндим ўт-олов янглиғ нечун
сен ҳам соғинмайсан,
Ўзингдан йўқ менга ортиқ,
не бўлди кам соғинмайсан?
Йироқсан, тош мисол ёстиқ,
азобинг бунчалар қаттиқ,
Висолингни қилиб тортиқ,
тутиб маҳкам соғинмайсан.
Наҳот, бўлса кутиш бекор,
аламлардан дилим абгор,
Ўзим бемор, ўзим бедор,
кўзимда нам соғинмайсан.
Ёниб кетдим, фироқ жоҳил,
солар дилга жафо ҳар хил,
Куйиб охир яро кўнгил
тутар мотам соғинмайсан.
Сочим – жаллод, ясайди дор,
осар ҳар кун ҳажр маккор,
Мени асраб Хаёл бир бор,
ўзинг бу дам соғинмайсан.
ҚОШИ ҚАРОЙИМ
Қоши қаройим бунчалар бай-бай баҳона айлади,
Дилимни ғам-аламлара боқмай равона айлади.
Сўз келмагай забонима, нигоҳи ўқ бу жонима,
Ёқиб икки жаҳонима, ҳай, нотавона айлади.
Келмаса борини нетай, бошим олиб қаён кетай,
Бу ҳолни қандоқ унутай, ўшал девона айлади?!
Фиғонларим олар уйиб, ўзим ғариб суйиб-суйиб,
Не қилса, воҳ, балки куйиб, ғунча даҳона айлади.
Ишқида йўқму омадим, дуто бўлибдур қоматим,
Бошимда кўп маломатим, бунча бегона айлади.
Хаёла мубтало экан, васли ани даво экан,
Рафторлари бало экан, ҳажрида ёна айлади.
ЗОР ЎЗИМ
Отма тоши ҳар маломат ҳажр аро ҳам зор ўзим,
Онча хаста, онча дилхун, икки ўтда бор ўзим.
Бу ситамлар жаврини кўп тортарим боз етмаса,
Майли, отқил юз аламдин хор ўзим, воҳ, хор ўзим.
Минг жавр бисёре кўрдим, тарки ишқдур менга ёт,
Ул жафолар ўқларидин чеккуси озор ўзим.
Дуди оҳимдин фалакда ҳосил ўлди абри ишқ,
Абри ишқим ичра ҳамки воласи бекор ўзим.
Не бўлур бир шафқатингдин, баҳра топса бу кўнгил,
Боши осмон менча бўлмас, сенга бўлсам ёр ўзим.
Ёки қасдму, айт, Хаёлға ё дилинг сангму, ажаб,
Кунда сарсон тунларимда беҳушу бедор ўзим.
ҲАЙ-ҲАЙ ЎЛАН
Ҳай-ҳай ўлан, ҳай ўлан, ўланчиман ёр-ёр,
Кўйингизда девона, тиланчиман ёр-ёр.
Тонг чоғида волалар айлаб фалакни қучдим,
Фиғон этгувчи минг ё бирламчиман ёр-ёр.
Бағримни тилиб оташ, ишқ қонига бўялдим,
Жон тиғдаю ноламни куйловчиман ёр-ёр.
Майли, бу ҳолатимдан кулса кулар ғанимлар,
Осмоққа ҳар аламни арғамчиман ёр-ёр.
Кутмоқдаман-ку, аммо лутфингиздан дарак йўқ,
Ёинки сиз, ёки мен алдамчиман ёр-ёр.
Узолмадим кўнгилни кечиб Хаёлингиздан,
Куйиблар оҳингизда аламчиман ёр-ёр.