Вали Аҳмаджон 1952 йилда туғилган. Қўқон Давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Етти ўлчаб бир кес”, “Гулхуморнинг гулбоғи”, “Тўр кўйлак – зўр кўйлак”, “Йиғлоқи ғозлар”, “Орзуларим эгаси”, “Кўзмунчоқ” каби шеърий китоблари чоп этилган.
ОРЗУ ҚАНОТИДА
Расм солар Нилуфар
Оқ қоғозга термилиб.
Борлиқ шу дам жонланар
Хаёлида чарх уриб.
Булбул сайрар бутоқда
Гўзалликни олқишлаб.
Тойчоғини чақирар
Кенг яйловда от кишнаб.
Мўйқаламдан тўкилар
Унинг орзу-армони.
Синар уруш қуроли,
Йўқолиб куч-дармони.
Тенгдошлари гул тутар,
Қутлаб азиз онани.
Ёш рассом қиз қоғозга
Сиғдирмоқда оламни.
ОҒАЙНИЛАР
Қуён деди: – Тулпоржон,
Олиб кетинг бедамни.
– Оёқ оғир Қуёнжон,
Чорланг бирор одамни.
– Борин сизга берардим,
Бир марта хўп десангиз.
– Кўндирдингиз оғайни,
Ўлмасин-да, сазангиз.
ТОК
Шох-қўлларин кесдилар,
Тушмасин деб сўридан.
Мева тугсин дедилар,
Асалдан ҳам зўридан.
Яшил барглар ҳилпираб,
Узум боши осилди.
Бўлса ҳамки қадди дол
Пиширмоққа ҳосилни.
Куз охирлаб, одамлар
Яна ўйга чўмдилар.
Совқотмасин деб қишда,
Тупроқ билан кўмдилар.
ЎЙНОЛМАДИ БИР ЎЗИ
Дилёражон ўйинчоқ
Санолмайсиз жуда кўп.
Ана, тойчоқ, машина,
Карнай, сурнай, тешик тўп.
Ўқсиз милтиқ, куракча,
Бир кўзи йўқ айиқча.
Кўлмак сувда жим турган,
Синиқ, ялпоқ қайиқча.
“Тегма!” – деса кетворди,
Янги ўртоғи Рўзи.
Жамлаб, барин қучоқлаб,
Ўйнолмади бир ўзи.
ХЎТИКЧА ВА ЭТИКЧА
Хўтикчанинг дадаси
Олиб берди этикча.
Кийган чоғи ишшайиб,
Пўрим бўлиб кетди жа.
Тўрт оёқда тўрт этик,
Тинмай отар шаталоқ.
Ичи куйсин аламдан,
Ўркачи йўқ бўталоқ.
МИТТИ ОҚҚУШЛАР
Учиб тушар осмондан
Қорлар – митти оққушлар.
Кафтим очсам қўнади
Ортга қайтмас дилхушлар.
БУЛДУРУҚ
Совуқ ошиб ҳаддидан,
Музлатмоққа шайланди.
Дов-дарахтлар тик қотган,
Гулдастага айланди.