Ўзбектош Қиличбек (1986)

Ўзбектош Қиличбек (Асқар Қиличев) 1986 йил 5 февралда Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган. Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият инститининг мусиқали театр режиссураси факультетини битирган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, драматург, режиссёр.
«Ўйин ичида ўйин», «Турмуш – мушт» фильмлари суратга олинган, «Жоним дадам» (рус тилида), «Тўмарис» (2022) спектакллари саҳналаштирилган, «Қувонч» ҳикоялар тўплами, «Эртаклар олами» мусиқали эртак-пъесалари чоп этилган.

ШИДДАТГА КЕЛИНГ

Ким нимага қодир? Доно ё нодон,
Сийратнинг калити – суҳбатга келинг.

Гинаю аразни қувиб ҳар ёна,
Чой ё ош баҳона ҳимматга келинг.

Келишиб олайлик, кенг кўнгилликда,
Ўзликка кўмакка, хизматга келинг.

Тарбия йўлидан юриб то охир,
Аждодлар руҳи бор – ибратга келинг.

Компас одам керак юртга ҳамиша,
Чексиз куч-қувватга, шиддатга келинг.

Генераллик сари ўссин ҳар дунё,
Тартиб-интизомга, ғайратга келинг.

Гўзал ғоя афзал гўзал сўзлардан,
Уйғонинг, шошилинг, санъатга келинг.

Туйғу ва тафаккур чегараси бор,
Кутишнинг пайтимас қудратга келинг.

Мақтасин, қўлласин ўзбекни ўзбек,
Масъулиятга ҳам, меҳнатга келинг.

Бир ҳақиқат томон, мудом халқ томон,
Чиндан марду майдон бир аҳдга келинг.

Яна қайга борай десангиз агар,
Меҳру муҳаббатга, чин бахтга келинг.

17.02.2023 йил

ҚОРА ШЕЪР

Сендан узоқларда йўлим унмайди,
Болам, не кунларга қолганимни кўр.
Сенга пулим борар, меҳрим бормайди,
Ўз ҳолимга ўзим кулганимни кўр.

Тугамайдигандай сўз узра жангим,
Қачон етишимни билмам манзилга.
Орзулар аниғу сўнги номаълум,
Дилимдаги бари келмайди тилга.

Бир табассумингга арзимас дунда,
Кескир калом излаб кесилди умрим.
Қодирийни сотган сотқинлар тирик,
Мени ҳам бахтимни этдилар ярим.

Товоним емрилди остоналарда,
Ичкари қўймаслар ичимда дардим.
Ишонч, Имкон берса, юрт юкин абад,
Юрагим устида ушлаб турардим!

Адолатга қалқон, элга мадад бўл,
Номинг борлиқ узра бўлсин овоза.
Ожиз сўзим топсанг айлагин сайқал,
Бургутдай юксалсин Ватан парвози.

Замондан олисда кўп сурдим хаёл,
Қирққа чиқмай қариб толганимни кўр.
“Бизга ҳам бахт борми, айт, Ҳаёт бобо?!
Боламга хат ёзиб ўлганимни кўр!”

12.11.2022 йил

ҚАРА, СЕВГИНИЯМ УНУТАЯПМИЗ

Исмингдан айланай сени, муҳаббат,
Қирқимда дуч келиб этдинг мурувват,
Тиздаги титроқлар дилимга монанд,
Қара, севгиниям унутаяпмиз,
Қайноқ қўлдан энди жўн тутаяпмиз.

Олам ўйин-кулгу истаган онда,
Барча томошалар сизлар томонда,
Бир кулсанг минг байрам бизлар томонда,
Биз бир-бир севгини унутаяпмиз,
Эрта билан ўзни овутаяпмиз.

У китоб қизида, у офтоб қизи,
Илм лим тўлган қалбда меҳрнинг иси,
Менда гуноҳкорлик, айбдорлик ҳиси,
Қара-я, севгини унутаяпмиз,
Қизғин ҳароратни совутаяпмиз.

Мен куз фаслида, сен баҳорги қуёш,
Менинг кўнглим бўшроқ, сенинг кўнглинг ёш,
Онг ва юрак аро туйғулар талош,
Бир-бир севгини ҳам унутаяпмиз,
Кетиш вақтимизни жим кутаяпмиз.

Инсонни уч бора муҳаббат сийлар,
Йўлларига бахтнинг нури қуйилар,
Бу сўнгги муҳаббат, шу мени қийнар,
Йиғлашни билганлар севишни билар,
Қара, севгимизни унутаяпмиз,
Келишдан кетишга жон тутаяпмиз.

11.06.2022 йил

ЯХШИЛИКНОМА

Инсон яшаш керак исмига монанд,
Солиштириш гуноҳ у паст, мен баланд,
Кўзга тик қарайлик, бўлиб мардга мард,
Бировни ёмонлаб яхши бўлмайсиз!

Болангизга ўрнак кўрсата олинг,
Мен яхши одамман деб айта олинг,
Яшил боғ қолдирган бир ота бўлинг,
Бировни ёмонлаб яхши бўлмайсиз!

Оламнинг энг ёруғ рангиман деманг,
Қолганлар эскирган янгиман деманг,
Фақат Худо мангу. Мангуман деманг,
Бировни ёмонлаб яхши бўлмайсиз!

Ўзлигин йўқотган қора кўнгилсиз,
Ўзингиздан сўранг: нега қодирсиз!?
Ёв кетгандан кейин чиққан ботирсиз,
Бировни ёмонлаб яхши бўлмайсиз!

Ғийбатдан, ҳасаддан тилингиз тийинг,
Ўзингизни билинг, бошқани қўйинг,
Қиличдан бу сўзни юракка ўйинг,
(Қилич бу сўзларни юракка ўйинг,)
Бировни ёмонлаб ким яхши бўлган!?

22 феврал, 2014 йил

* * *

Дов давралар тўрида тўра,
Савлати бор онаси борнинг.
Минг карра бой минг бойдан кўра,
Давлати бор онаси борнинг.

Дўстлик дастин тутар душмани,
Куни чўкса, ойдир тушгани,
Бир гуноҳмас, минг адашгани,
Омади бор онаси борнинг.

Кечасидан бугуни кўп соз,
Юришлари султонларга хос,
Қалби бутун, бахтдан бир овоз,
Қудрати бор онаси борнинг.

Комиллиги онаси сабаб,
Ҳалоллиги онаси сабаб,
Буюклиги онаси сабаб,
Ҳиммати бор онаси борнинг.

2012 йил 10-12-июл

ПОЛВОН ЭЛ

Омонликлар топган омон-омон элим,
Кенг кўнглига осмон сиққан осмон элим,
Шафқат қилмай чангал солган Искандару
Чингизларни енгиб чиққан полвон элим!

Дўстини деб офатларга ўзин тутган,
Тошлар отган қўшнисига ошлар тутган,
“Қирқ бирнинг” боласига кўкрак тутган,
Дардин ютиб дардмандларга дармон элим!

Икки дарё сарҳадлаган ўтлиғ эл бу,
Яхшисидан яхшиси кўп қутлуғ эл бу,
Ҳозири ҳам келажаги улуғ эл бу,
Илму ижод бўстонида боғбон элим!

Темури бор буюкларга СОҲИБҚИРОН,
Бобури бор бошқа юртда қурган ТУРОН,
Исломи бор буюк қалбли, қалби ҚУРЪОН
Иймон отли карвонларга сарбон элим!

Самарқанди еру само келинчаги,
Бухороси дини иймон суянчиғи,
Шавкатли Шош − исломият қалб мунчоғи,
Она замин бағридаги маржон элим!

Асрлардан омон чиққан полвон элим…

2012 йил 7-21 ноябр

* * *

Бўлган сари бўлгим келади,
Тўлган сари тўлгим келади,
Тўйган сайин тўйгим келади,
Мен ҳам ахир инсонман, инсон.

2012 йил 5-ноябр

* * *

Кучи борнинг бари полвонмас,
Полвонлик бу халқ берган унвон.
Сўзамоллар…
Хушсуханлар шоир саналмас,
Шоирлик бу Ҳақ берган унвон.

2013 йил 14 апрел

* * *

Менга юрак берган, журъатли қилган,
Мени одам қилган, қудратли қилган,
Омад осмонида омадли қилган,
Эл аро ижодда ҳурматли қилган,
Отам дуолари, онам сўзлари.

Дунёда улардек куюнчагим йўқ,
Бошқа ишонганим, суянчиғим йўқ,
Балолардан асрар кўз мунчоғим йўқ,
Отам сабоқлари, онам дуоси.

Фақат отамда бор мен кутган меҳр,
Фақат онамда бор мен кутган сеҳр,
Инсонга кераги шу бир кафт меҳр,
Кўнглимга кераги шу бир кафт меҳр,
Отам дуолари, онам сўзлари.

Болалари учун оталар сарбон,
Ғам олов пуркаса она соябон,
Дунёда кўрмадим улардек қўрғон,
Отам дуолари, онам сўзлари.

Уйимдан кўнглим тўқ, шундан тик қаддим,
Ёнимда тўрт устун, тўртта фарзандим,
Тилимнинг остида асраган қандим,
Бу гўзал дунёдан гўзалроқ бахтим,
Боламнинг сўзлари, ёрим кўзлари.

1 ноябр 2013 йил

* * *

Оҳукўз, осмондил, Моҳижон,
Қалбимда ўт ёнди, Моҳижон.
Сен зўрсан, мен ғўрман, биламан,
Оҳимга ет энди, Моҳижон.
Хиёнат измига юрмаган,
Вафодан юзини бурмаган,
Муҳаббат нелигин билмаган,
Қўлимдан тут энди, Моҳижон.
Қалбимдан отилар чақинлар,
Кўзимдан эҳтирос учқунлар,
Лабимдан тўкилар учқунлар,
Бир боқиб кетгин-э, Моҳижон!?
Йиғлаган кўнглимни овут, ай,
Бахтга зор кунларни унутай,
Гул тутсанг, мен сенга нур тутай,
Бахт тортиқ эт энди, Моҳижон.

6 ноябр 2013 йил

* * *

Алпбобомдан мерос меҳрқўрғоним,
Ўзбекистонимсан, Темуристоним,
Тожмаҳаллар қурган Бобуристоним,
Ёнимда дуогўй отамсан, Ватан,
Ҳаёт туҳфа қилган онамсан, Ватан.

Етмиш йил соямдан чўчиб яшадим,
Ўзимдан ор этиб, қочиб яшадим,
Кимдир Ўзбек деса, тилим тишладим,
Сен мени кечирган бобомсан, Ватан,
Бошимни силаган момомсан, Ватан.

Нонга навбат туриб ёшлигим ўтди,
Қип-қизил аждаҳо умримни ютди,
Сарт деган совуқ сўз бўғзимдан тутди,
Кўксимда портлаган ноламсан, Ватан,
Кўзимда потраган жоламсан, Ватан.

Ўзбек дейиш гўё ҳақорат эди,
Онани улуғлаш жиноят эди,
Ўрисга уйланиш урф-одат эди,
Сен менинг покиза кўнглимсан, Ватан,
Мунисим, мунглиғим синглимсан, Ватан.

Ота йўлларимга тушов солинди,
Нафас йўлларимга жилов солинди,
Булбул забонимга кишан солинди,
Камтарин, камсуқум оламсан, Ватан,
Сен менинг арзанда боламсан, Ватан.

1 ноябр 2013 йил, Дўрмон.

МУҲАММАД ЮСУФ ДАРЁСИ

2014 йил Ўзбекистоннинг олтин юраги, Халқ шоири марҳум шоир Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида Муҳтарам Президентимизнинг фармони эълон қилинди.

Элга жонин берди Муҳаммад Юсуф,
Шеърга жонин берди Муҳаммад Юсуф.
Олтмиш ёшлик тўйин кўрмасдан кетиб,
Олтмиш ёшга тўлди Муҳаммад Юсуф!

Шоирларга, шеърга, азиз Ватанга,
Эл меҳрин оширди Муҳаммад Юсуф.
Истиқлол кўксида ярқираган дур,
Элни улғайтирди Муҳаммад Юсуф.

Устозига устоз бўлган шогирд у,
Осмоний дил эрди Муҳаммад Юсуф.
(Туғма шоир эди Муҳаммад Юсуф.)
Навоий пойидан наво келтириб,
Уни шеърга солди Муҳаммад Юсуф.

Ташна эди Ўзбек адабиёти,
Кетмас бўлиб келди Муҳаммад Юсуф.
Булбул ноласини шеърга ўгирди,
Худо бизга берди Муҳаммад Юсуф.

Ўзбекнинг дардини куйлаб тўпори,
Дилларни сел қилди Муҳаммад Юсуф.
Тирик юрган баъзи кўр донолардан,
Кўп савобга қодир Муҳаммад Юсуф.

Ўзбекдай ўйлари, бўйлари узу-у-у-у-ун,
Теракдай йиқилди Муҳаммад Юсуф.
Бобурнинг ёшида, Бобур ёнига,
Жаннатга йўл олди Муҳаммад Юсуф.

Кўрмаганим армон замондош бўлиб,
Ўзбектошга устоз…
Менга устоз бўлди Муҳаммад Юсуф.
Йигирманчи асрнинг буюк соддаси,
Ўчмас нур қолдирди Муҳаммад Юсуф.

Нақорат:
Ёшларда истиқлол фахрин уйғотди,
Бугун ҳар бир бола Муҳаммадюсуф.
Шеър битди Алпомиш, гоҳ Широқ бўлиб,
Шеърият гавҳари – Муҳаммад Юсуф.

5 феврал, 2014 йил

* * *

Ёмонларни ёмон кўрмайман,
Ҳавасим йўқ, ҳасад қилмайман,
Икки дунё одам билмайман,
Ёмонларга ёмон бўлади,
Тушида ҳам аён бўлади.

Яхшибойлар кўпайган сайин,
Ёмонбойлар камайсин дейин,
Ажалғорда манзили тайин,
Ёмонларга ёмон бўлади,
Бори умри вайрон бўлади.

Ожиз нонин туя қилганлар,
Кўнгли тўлмай, қорни тўйганлар,
Адолатни ноҳақ урганлар,
Ёмонларга ёмон бўлади,
Бори умри вайрон бўлади.

Катта қорин, кўзлари ёғли,
Бошида тож, юраги доғли,
Огоҳ бўлинг, эй дунё аҳли-и,
Ёмонларга ёмон бўлади,
Бир кун ранги сомон бўлади.

Боласига тарбия бермас,
Қўшниси ким?! Билгиси келмас,
Ўз онасин кўргиси келмас,
Ёмонларга ёмон бўлади,
Ўлмай туриб тамом бўлади.

Лаганбардор, порахўр, каззоб,
Ичи қора, фирибгар, қаллоб,
Лоқайд хоним, олифта жаноб…
Ёмонларга ёмон бўлади.
Ёқасида минг қон бўлади.

Адолатгўй яратган эгам,
Яхшиларга қилади карам,
Бу дунё-ю У дунёда ҳам,
Ёмонларга ёмон бўлади,
Ёмонларга ёмон бўлади!

27 январ, 2014 йил


СЕНЛАШНИ СИЗЛАШ…

Сиз деган сўз олифта сўздай,
Сиз деганда яқин олисдай,
Сизлаб севиш мумкин эмасдай,
Сизни сенлаб севгим келади.

Сенлаш савоб, сизлаш бир айбдай,
Сенлаш тирик, сизлаш ғойибдай,
Сенлаш султон, сизлаш ғарибдай,
Сенлаб-сенлаб севгим келади.

Сен сўзида муҳаббат пинҳон,
Жонга малҳам иссиқ тафт пинҳон,
Яқинларга яқин дард пинҳон,
Шундай сенлаб севгим келади.

Биринчи нақорат:
Сенлаштиргим келар дунёни,
Тенглаштиргим келар дунёни,
Сенлаганлар бир-бирин сенлаб,
Елкасига олар дунёни.

Меҳр боши сенлаш бўлади,
Дўстлик шоҳи сенлаш бўлади,
Сўз якуни сизлаш бўлади,
Илиқ сенлаб севгим келади.

Сен деб юрар ростлик кемаси,
Сен деган сўз дўстлик меваси,
Сиз шеваси ёвнинг шеваси,
Ширин сенлаб севгим келади.

Иккинчи нақорат:
Сенлаштиргим келар дунёни,
Кенглаштиргим келар дунёни,
Баландпарвоз сўзларни янчиб,
Жўнлаштиргим келар дунёни.

2012 йил 5-ноябр

* * *

Дил дарёмни тўсган дилбарларим бор,
Жигаримдан осган жигарларим бор,
Қанотимда ўсган хатарларим бор,
Мени яхши кўрган ёмон одамлар.

Булутлар хўрсинар, осмоним йиғлар,
Юрагим минг синар, иймоним йиғлар,
Бу армон олдида, армоним йиғлар,
Мени яхши кўрган ёмон одамлар.

Бағримда илондай яйраб юрганлар,
Тилида олқишлаб сайраб юрганлар,
Ичида тишини қайраб юрганлар,
Мени яхши кўрган ёмон одамлар.

Сизни ёмон кўрган кўзим-ми айбдор,
Азалий исёнкор кўнглим-ми айбдор,
Эътироз йўқ сизга ўзим гуноҳкор,
Мени яхши кўрган ёмон одамлар.

Исмингиз бошқаю исингиз бошқа,
Ичингиз бошқа ранг ташингиз бошқа,
Кўздан нафрат ёғар сўзингиз бошқа,
Мени яхши кўрган ёмон одамлар.

Гоҳида изимга пуллар сочасиз,
Севгандай соямга қучоқ очасиз,
Билдирмай илигим сувин ичасиз,
Мени яхши кўрган ёмон одамлар.

Сизни билишимни билинг-да энди,
Яхшилар пойини олинг-да энди,
Ҳайвонмас, одамдай ўлинг-да энди,
Мени яхши кўрган ёмон одамлар.

Гуноҳим эмас-ми, бас қил демасам,
Дўзахим бўлмас-ми, дўстни демасам,
Аллоҳим урмас-ми, ростни демасам,
Мени яхши кўрган ёмон одамлар…

Таъзим қилай бошим ерга теккунча,
На бошим юрагим ерда оққунча,
Сиз ернинг садафи − ноёбсиз бунча −
Мени ёмон кўрган яхши одамлар!.

2012 йил 5 ноябр

* * *

Исмингни эъзозлаб ёздим кўнглимга,
Кўнглимнинг меҳмони бўлиб тур, гўзал.
Бадал сўрамасман қурбон севгимга,
Мени кўрганингда кулиб тур, гўзал.

Жуфтинг бўлмаганни тақдир жуфт айлар
Билмагандек бўлу билиб юр, гўзал.
Йўлини берганинг кўзингни бойлар,
Мени кўрганингда кулиб тур, гўзал.

Дўзахга элтишар, жаннатга юр деб,
Жаннатни дилингга солиб юр, гўзал.
Ёнимга келма де, ёдимда юр деб,
Мени кўрганингда кулиб тур, гўзал!..

Ёрнинг бағри сенга, ёвнинг бағридай,
Юрагингни кўндир, кўниб тур, гўзал.
Баҳор деб бергани гулсиз саҳродай,
Мени кўрганингда кулиб тур, гўзал.

Жаннат иккимизга аталган баҳор,
Ҳеч кимлар юртида кимдир бўлиб юр,
Йўқолган инсонга йўқ дема бир бор,
Мени кўрганингда кулиб тур, гўзал.

2012 йил 19-29 феврал