Ўткир Раҳмат 1949 йилда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманининг Узун қишлоғида туғилган. 1972 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат дорилфунунининг ўзбек ва тожик филологияси факултетини тугатган.
1974 йилдан бошлаб у оммавий ахборот воситаларида, жамоат ва давлат идораларида фаолият кўрсатади.
Ўткир Раҳматнинг биринчи шеърий тўплами 1987 йилда «Ирмоқ» номи билан чоп этилади. Шундан сўнг шоирнинг «Соғинч» (1991), «Жилға» (1992), «Райҳон ҳиди» (1993), «Шукрона» (1996) ва «Ой ёғдуси» (1998), «Эй, умри азиз…» (2003) каби шеърий гулдасталари нашр этилган.
ТОНГДА
— Дарахтлар, ой-юлдуздан
бошқа кимни кўрдингиз,
— Тун бўйи тик оёқда
нима қилиб турдингиз?
— Елкамизга миндириб
қушларни бирга ётдик,
— Чуғурлашиб энг аввал
тонгни бизлар уйғотдик!
— Кулаётган оппоқ тонг,
йўлинг пойлар қай инсон,
— Бахш этдинг сен кимга ризқ,
кимга эса бахт, имкон?
— Субҳидамда эшикда
мени интиқ кутганга,
— Садқа қилиб меҳрини
дўстларига тутганга!
— Оқаётган анҳор-эй,
кимни кўзинг йўл кўрди,
— Эрта тонгда, айтгин, ким,
сендан келиб ҳол сўрди?
— Севишганлар паришон
менга айтди тушини,
— Муродингга етгин деб,
тиладим бахт қушини!
— Нонни кутариб бошга
очилган эй дастурхон,
— Атрофингга кимларни
сен ўтқаздинг ёнма-ён?
— Тўрт кўз тугал: ҳам ота,
ҳам она, ўғил-қизни,
— Офтобдайин тафти бор
“Ассалом” деган сўзни!
— Эркаланиб майсада
ором топган шудринглар,
— Саҳар чоғи бу ердан
ўтган кимни кўрдинглар?
— Сўнаётган юлдузлар
мўлтираган кўзларин,
— Сўнгра далага шошган
қишлоғингнинг қизларин!
МEҲР
Тиқ этса у эшик томон мўлтирайди,
Кўзлари тўрт соғинибми йўл қарайди.
Кимлар келиб, кимлар кетар бу манзилдан,
Тополмади истаганин ҳеч бир дилдан.
Ҳаммада ҳам бордир ташвиш, бордир ғами,
Келганларга керак фақат унинг номи.
Бири сўрар ёғлироқ жой, бири емиш,
Бировига бепул қўйса тилло бир тиш.
Мансаб истаб бор шудини ваъда қилар,
Турланишиб буқаламун каби улар.
Ялтоқланиб юрганларга тўйнинг тўри,
Водариғ-э, шулармасми элнинг шўри.
Кўзлари тўрт эшик томон мўлтирайди,
Ким келар деб зада дили қалтирайди.
Эрта-ю кеч аллакимни кутар бедор,
Йўлларига соғинчлари, нигоҳи зор.
Хаёлида ҳали замон қучоқ очиб,
Оқибату меҳр келар нурлар сочиб.
Йиғлай-йиғлай исларига тўймоқчи у,
Она кўксин топгандай бош қўймоқчи у!
КЎНГИЛ
Устозга
Даргоҳингнинг эшикларидан
Кеча-кундуз узилмас қадам.
Шодлик ўтса қайси биридан,
Кириб келар қай биридан ғам.
Қарашларинг ҳаммага тенгдир,
Ҳаммасини бирдай суясан.
Осмондайин феълинг ҳам кенгдир,
Жилмаясан, кулиб қўясан.
Бу дунёнинг тилсими беҳад,
Кўз бойлағич каби ўйини.
Тутмиш ҳамма фариштадай қаъд,
Чалар инсоф, имон куйини.
Қувлик — тулки чап берар кўзга,
Ишонч ҳуркиб туради ҳайрон.
Сеҳрланиб сеҳрли сўзга
Дилда борин очишинг аён!
Жилмаясан, сенга барибир,
Мақтов яна малҳамдек ёқар.
Билмайсан ким гул-чечак ахир,
Илон бўлиб ким зимдан боқар.
Сочилади қалбнинг сирлари,
Эшикларин бир-бир очарлар.
Гуллар экиб қайси бирлари,
Қай бирлари оғу сочарлар.
Умр ўтар оққандай дарё,
Севинч-ғамни кўтариб бошга.
Ҳамон бефарқ яшайсан, аммо
Шўр пешонанг тегса ҳам тошга!
Қалбинг торин тинглаб унини,
Шўх жилмайдинг шунда ҳам майин.
Заҳар сочган кўрар кунини,
Гул-чечаклар экканга қийин!