Туроб Ниёз (1959)

Туроб Ниёз 1959 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Қоратош қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. “Муҳаббат осмони”, “Гуллаган боғлар”, “Муҳаббат гуллари”, “Очиқ юрак”, “Кўнгилга мурожаат”, “Уммон юрак” номли шеърий китоблар муаллифи.

ОИЛАНГ ТИНЧ БЎЛСА

Оиланг тинч бўлса, кўнгил хотиржам,
Ўзингни қушлардай енгил сезасан.
Мағлуб қўшин каби чекинади ғам,
Умрингни бахт, шодлик билан безайсан.

Меҳрга кўмилиб яшайсан доим,
Ёлғизлик азобин билмай ўтасан.
Келажакка ишонч бўлар ҳамроҳинг,
Тўсиқларни писанд қилмай ўтасан.

ҒАЛЛАОРОЛ ШАМОЛИ

Тонг отиб очилади қишлоғимнинг жамоли,
Ўша онда бошланар Ғаллаорол шамоли.

Бир зум бўлсин тинмайди унинг “ғир-ғир” овози,
Қуёш ботди дегунча таққа тўхтар парвози.

Мен уни соғинаман шаҳарда юрган чоғлар,
Кўз олдимга келади кўкни кўтарган тоғлар.

Арғумоқдай югуриб юргандай туюлади,
Мен борсам чопиб келар – нақадар суюнади.

Бағрига олар мени энг яқин одам каби,
Сочларимни силайди меҳрибон онам каби.
 
ГУМОН

Мен сени илк бора кўриб турибман,
Ичингда нима бор – билмасман ҳали.
Шундан гумонларга бориб юрибман,
Сенга ишонмоқнинг келмади гали.

Азизам, сен мендан қилмагин гина,
Ишониб куйганман ўтда неча бор.
Баъзиларни кўрдим, ишонган даъфа,
Асл башарасин этгайдир ошкор.

МАНЗАРА

Тоғлар – узун карвон, чиқмас бир садо,
Йўлда давом этар қатор, тизилиб.
Аммо қаердандир сой бўлди пайдо,
Карвон тенг ярмидан қолди узилиб.

ТЎРТЛИКЛАР

Парижни кўрмадим – бу армон эмас,
Бадавлат бўлмадим – бу армон эмас.
Бахтлиман, ватаним, бағрингда яшаб,
Меҳрингга қонмадим – бу ёлғон эмас.

* * *

Ватанни севмаган ҳеч кимни севмас,
Ҳеч нимани азиз, муқаддас демас.
Ундай одам борми, йўқми, билмадим,
Мабодо бор бўлса, у одам эмас.

* * *

Биринчи ҳофиздир, албатта, она,
Олам лолдир алла айтганда она.
Ҳаёт ўзи нима? Нимадир ватан?
Уларни ҳам бизга англатган она.

* * *

Муҳаббатда бор ростдан сеҳр,
Юракларни қўяр сеҳрлаб.
Агар шундай бўлмаса ахир,
Бўйсинмасди унга қайсар қалб.

* * *

Баъзида ўзимга етмайди кучим,
Ожизликдан ёнар вужудим, ичим.
Ўзини енголган чинакам марддир,
Шундай инсон бўлиш муқаддас бурчим.

* * *

Содиқ дўстни қандай топмоқ керакдир,
Одамларга қандай ёқмоқ керакдир?
Ушбу саволларга жавобим битта:
Одамга одамдай боқмоқ керакдир.

* * *
Гоҳо олов, гоҳи намдир кўзимда,
Гоҳо шодлик, гоҳи ғамдир кўзимда.
Кўзларимга боқиб бўлмагил ҳайрон,
Юрак туғёнлари жамдир кўзимда.

* * *
Ортидан қувгандим, бахт тура қочди,
Ҳаёт ҳам аямай заҳрини сочди.
Қўлни силтаб, ўзни меҳнатга урдим,
Бахтнинг ўзи келиб, бағрини очди.

ИККИ ДАРЁ ОРАЛИҒИДА

Улуғ инсонларнинг авлоди яшар,
Улар бўстондаги гулларга ўхшар,
Дунёнинг ҳуснига ҳусн, кўрк қўшар,
Икки дарё оралиғида.

Халқимнинг бардоши метиндан, тошдан,
Сонсиз синовларни кечирди бошдан,
Интилиб бахт топди ҳурлик – қуёшдан,
Икки дарё оралиғида.

Дунё аҳли бизга боқар ҳайратда,
Дуч келмаган эди бундай ғайратга,
Халқим мақсадига етар албатта,
Икки дарё оралиғида.

ЯХШИ ОДАМЛАР

Унутиб бўлмас ҳеч хизматингизни,
Бебаҳо фазилат, хислатингизни,
Жойига қўйдимми иззатингизни,
Эй, менга яхшилик қилган одамлар?

Юрагимдан ташвиш, ғамни олдингиз,
Ўрнига бир олам қувонч солдингиз,
Энг азиз, қадрдон бўлиб қолдингиз,
Эй, менга яхшилик қилган одамлар!

Билдимки, қалбингиз меҳрга тўла,
Уни бахш этдингиз менга бир йўла,
Кўнглимда йўқолди гумон, ғулғула,
Эй, менга яхшилик қилган одамлар!

Ғараз, таъмалардан жуда йироқсиз,
Халқим деб жонидан кечган Широқсиз,
Умрим йўлларида ёнган чироқсиз,
Эй, менга яхшилик қилган одамлар!

ЮРАГИМДА ЯШАЙСИЗ, ОНА

Ташвишсиз, бахтиёр бола эдим мен,
Очилиб, яшнаган лола эдим мен,
Ахир бағрингизда ўсиб, ундим мен –
Юрагим тўрида яшайсиз, она.

Баъзан йўқлигингиз жуда билинар,
Шундай пайт юрагим ғамдан тилинар,
Ким ўз насибасин менга илинар?
Юрагим тўрида яшайсиз, она.

Биламан, ҳеч кимса сиздек бўлолмас,
Дилимда не кечар – зинҳор билолмас,
Мен учун жонини фидо қилолмас –
Юрагим тўрида яшайсиз, она.

Кўз ўнгимдан сира кетмайсиз нари,
Соғинчим ортади вақт ўтган сари,
Ўзингиз бахш этган шу жон сингари –
Юрагим тўрида яшайcиз, она.

АЁН БЎЛМАСА

Қадрига етмайсан асло жимликнинг,
Гар шовқин бўлмаса, бўрон бўлмаса.
Қадрига етмайсан ҳеч яхшиликнинг,
Ёмонлик бўлмаса, ёмон бўлмаса.

Висолнинг қадрига етмайсан зарра,
Айрилиқ бўлмаса, ҳижрон бўлмаса.
Тириклик қадрини билмайсан сира,
Бир куни кетишинг аён бўлмаса.

ТУН

Заминга ҳукмрон бўлар ўн беш кун,
Ўн беш кун сувдаги балиқдай яйрар.
Ўн беш кун қайғуни унутади тун,
Ўн беш кун дунёни зимистон айлар.

Худди лаҳза каби ўтар ўн беш кун,
Кўкка ой чиқади тиғдай ялтираб.
Ўзини тақдирга топширади тун,
Ўн беш кун яшайди яна қалтираб.

БАРГ

Не бир синовларга дош айлаган барг,
Бандидан узилиб тушди заминга.
Бу ёруғ дунёни мангу этди тарк,
Азиз масканидан кетди мангуга.

Энг сўнгги манзилга кузатди шамол –
Билмам, қайларгадир кетди учириб.
Кекса дарахт эса турар карахт, лол –
Айрилиқ доғини бўлмас ўчириб.

ДУНЁ УЙДИР…

Дунё уйдир, деворлари йўқ,
Томи эса фазо – кенг осмон.
Чироғидир қуёш – улкан чўғ,
Меҳмон унга барча тирик жон.

Мақсадига етар бу уйда,
Эзгулик деб яшаган инсон.
Тушажакдир минг битта кўйга,
Эгри қадам ташлаган инсон.

ТИЛАК

“Олам гўзал бўлсин,
олам тинч бўлсин,
Бахтиёр яшасин
дунёда ҳамма!”
Бу тилак ушалар,
ушалар сўзсиз,
Шундай ўйласа,
шундай тилак қилса,
шунга интилса
барча инсонлар.

ШАМОЛ

Номинг жуда кўп эрур шамол,
Улар аъмолингга қараб қўйилган.
Довулга айлансанг, жон сақлаш маҳол,
Денгизчилар кемасидан айрилган.

Қуюнга айланиб, қумли саҳрода,
Бошлайсан даҳшатли, катта тўполон.
Кўз очиб бўлмайди бу вақт, орада,
Қаҳрингга йўлиққан қолмайди омон.

Аёвсиз бўронсан қаҳратон қишда,
Йўлларни қорларга кўмиб ташлайсан.
Одамлар дастингдан тушар ташвишга,
Танни қалтиратиб, кўзни ёшлайсан.

Баҳор чоғларида елдирсан – майин,
Майса, дарахтларни уйғотадирсан.
Табиат яшнайди эсганинг сайин,
Сокин кўлларни ҳам куйлатадирсан.

Яшнаган экину очилган гулни,
Бевақт сўлдирасан гармсел бўлиб.
Гоҳо елвизаксан, оғритиб белни,
Қочасан: “Оёғинг қўлингга олиб!”

Айни саратонда муздек сабосан,
Роҳат бағишлайсан юзларни силаб.
Баъзида қувноқсан – шўх шаббодасан,
Ўйнайсан қизларнинг сочин тортқилаб.

Феъл-атвор, қилмишу аъмолинг билан
Ўхшашиб кетасан инсонга шамол.
Бедор юрак каби тиним билмайсан,
Ғайратинг сиғмас ер, осмонга шамол.

ҚИШЛОҚДОШЛАР

Бир-бирини обдан билишар,
Бир-бирининг дардига малҳам.
Кимки, муҳтож, ёрдам қилишар,
Аммо миннат қилишмас ҳеч ҳам.

Тўй-азада бирга бўлишар,
Қувонч-қайғу – ўртада бари.
Бирга ўйнаб, бирга кулишар,
Каттакон бир оила сингари.

Улар азим тоғларга ўхшар,
Суянишар бир-бирларига.
Ёлғизлик не – билмасдан яшар,
Миннатдордир тақдирларидан.

ТУНДА

Куни туғди қурбақаларнинг –
Овозлари сукутни бузар.
Осмон – денгиз, юлдузлар – маёқ,
Унда ёлғиз кема – ой сузар.

Кўршапалак учар адашмай,
Чўғдай ёнар бойқуш кўзлари.
Боғлар аро ел кезар шошмай,
Сезилмайди босган излари.

БАҲОР

Элчи бўлди яна бойчечак,
Уйғонишдан берди-ку дарак,
Тўлғонади соғинган юрак –
Бу баҳорнинг ажойиботлари.

Дарахтлар бир кунда гуллади,
Жим ётган саболар сўйлади,
Булбул ҳам завқ билан куйлади –
Бу баҳорнинг ғаройиботлари.

Ялпизлар ҳам чиқарди қулоқ,
Бўй кўрсатди хушбўй исмалоқ,
Қозонларда қайнар сумалак –
Бу баҳорнинг зиёфатлари.

Қизиди қирларнинг елкаси,
Кулди лола – тоғлар эркаси,
Жаннат бўлди ўзбек ўлкаси –
Бу баҳорнинг илтифотлари.

Бокира дилларга тушди чўғ,
Ҳа, энди, уларга ором йўқ,
Муҳаббат туюлар еру кўк –
Бу баҳорнинг кашфиётлари.

ХОТИРА – СЎЛМАС ГУЛ

Қалбимни забт этдинг зўр алла каби
Ва сенга интилдим бир марра каби.
Ёнингда қолмоқни истадим жуда,
Сочларингга қўнган гард, зарра каби.

Аммо бунга илож, чора йўқ эди,
У дам мендек бахти қора йўқ эди.
Йиғладим, оҳ урдим мисоли Мажнун,
Найлайин, сенингдек Лайли йўқ эди.

Хотира – сўлмас гул, нобуд бўлмайди,
Албатта, у кунлар унут бўлмайди,
Эсласам, юрагим ёнар ловуллаб,
Дунёда севгидек умид бўлмайди.

ТЎРТЛИКЛАР

Туғилган маскани чўлми ё бўстон,
Инсон учун бунинг йўқ асло фарқи.
Муҳими – ватандир шу еру осмон,
Унинг баҳоси йўқ, йўқ унинг нархи.

* * *

Фақат ўзни ўйлаш – ярамас иллат,
Бир-бирин қўллашдан юксалар миллат.
Аҳил, иноқ бўлиб яшаган халқдан,
Зулмат чекинади, чекинар зиллат.

* * *

Кимга иссиқ ёқар, кимгадир совуқ,
Кимгадир гул ёқар, кимга чирмовуқ.
Ҳар кимнинг ўз таъби, қараши бордир,
Меники тўғри деб ураверма дўқ.

* * *

Кимдир Аллоҳ тараф, ким шайтон тараф,
Ким разолат тараф, ким имон тараф.
Иккита тарафга бўлинган дунё,
Кетиб бораётир қаёққа қараб?!

* * *

Орзулар кўп бўлар болалик чоғи,
Санасанг, кўринмас улар адоғи.
Бизларни олдинга чорлар тўхтовсиз,
Орзулар аслида умр байроғи.

* * *

Соғлигимиз дурдир – тенгсиз, бебаҳо,
Лек унинг қадрига етмаймиз гоҳо.
Оқибат чанг босиб, тортгайдир хира,
Энди уни ҳеч ким дур демас сира.

* * *

Сўзи билан иши бошқа, қарасанг,
Юзи тиниқ, ичи қашқа, қарасанг.
Бир қарашда билиб бўлмас ҳеч нени,
Олмосдай товланар, тошга қарасанг.