Тошпўлат Ҳамид (1927-1984)

Тошпўлат Ҳамид 1927 йилда туғилган. Бухоро Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида ва Москвадаги Олий адабиёт курсида ўқиган. “Қуёш шаънига”, “Менинг асрим”, “Табаррук тупроқ”, “Қора кийик”, “Қуёш зарралари” номли шеърий китоблари нашр этилган. “Асқад Мухторнинг поэтик маҳорати” мавзуида номзодлик дессертациясини ёқлаган.
Тошпўлат Ҳамид 1984 йилда вафот этган.

УМР ЧЎҚҚИСИ

Қуёшга қарадим пешин чоғида,
Бош узра тик эди, қамашди кўзим.
Умрим ҳам тик ярим йил саноғида,
Баъзида ишонмай қоламан ўзим.

Шу ярим умримда омоч, жинчироқ,
Ракета, роботлар гувоҳи бўлдим.
Овундим эшитиб қуруқ шақилдоқ,
Гоҳида дард чекдим, гоҳида кулдим.

Кимёгар донишманд митти заррани
Юз миллион бўлакка бўлолгани рост.
Эшитдим ёққанин мен қизил қорни,
Бунга ҳам топилди мантиқий асос.

Афсуски, ўлимга топилмай чора,
Мўътабар яктолар бўлдилар қурбон.
Умримиз узаяр бора ва бора –
Бир куни ўлимни енгажак инсон…

…Яхшилик силади бошимни обдан,
Яхши сўз бир сабаб завққа, илҳомга.
Яхши одамлардан қарздорман кўпдан,
Улар-чун ҳаётим тайёр инъомга.

Қуёшга қарадим пешин чоғида,
Бош узра тик эди… Қамашди кўзим.
Умрим ҳам тик ярим йил саноғида,
Баъзида ишонмай қоламан ўзим!

ТЎЛИН ОЙ КЕЧАСИ

Ҳув, узоқда нола қилар най,
О, ойдин тун,
Хислатларинг мўл.
Ошиғингман, намозшомгулдай
Қучоғингда ёзаман кўнгил.

Ойга қараб тўймайман, асло,
Ёш гўдакдай санайман юлдуз.
Далаларга бўлиб маҳлиё,
Тасвирингга тополмайман сўз.

Ой нурини тўкар юзимга,
Тун гаштини сураман яккаш.
Яйдоқ тоғ ҳам шу кеч кўзимга
Кўринади бўлиб меҳнаткаш.

Ариқ бўйлаб тут дарахтлари
Хаёлимни тортади бир дам.
Аямайди улар баргларин
Гўё сахий, меҳнаткаш одам.

Борлиғини ҳаётга бериб,
Осойишта олади нафас.

ГУМБАЗЛАР САДОСИ

Бухоро тунлари…
Сеҳргар тунлар,
Қаърингиз тубида бор нашъу наво.
“Лаби ҳовуз” гуллари бағрига ундар,
Сайргоҳ кўчалар бунча дилрабо.

Нур ўйнар қўнғироқ, ипак сочларда,
Нур ўйнар ранг-баранг мисли гулдаста.
Фонтан отилади қайрағочларга,
Юраман гўзаллик кўркидан мастдай.

Турфа ранг хонатлас кийган жононлар
Кўзларин яшнатар чамандай ёниб.
Қора кўзойнакда келган меҳмонлар
Қайтишар “Лаби ҳовуз” сайридан қониб.

Минора устида сузар рангпар ой,
Нурини тошларга этиб бахшида.
Асрий обидалар очади чирой,
Мен тилсим кўраман тошлар нақшида.

Учқур хаёлларга эргашиб шуур,
Ёниқ туйғуларнинг тутиб баридан,
Тупроқда зар кўриб, ҳар бир тошда дур.
Хаёлан гумбазлар сари учаман,
Ой нури осмондан сочади зарҳал…

РАНГЛАР

Билмаган нарсам кўп ҳали дунёда,
Кунларим ўтмоқда, афсус, бесамар.
Минг йиллик умр бор баъзи гиёҳда,
Бу дунё мураккаб, дунё сеҳргар.

Не учун инсоннинг нозик юраги?
О, қани метиндан бўлса эди у?
Одамзод бўларди осмон тиргаги,
Сира йўл бермасди йиғига кулгу.

Кўзимда эрийди атроф-тегралар,
Олам ўқилмаган китоб, муаммо.
Не учун қуёшда яйрар чеҳралар,
Юракка ғам тушар, қорайса само?!

БОҒ

Жонимга жон бўлур, серфараҳ бу боғ,
Бунда нур мўътадил, соя мўътадил.
Қуёш зар кокили тароғу тароғ,
Субҳидам сайрибоғ истар бунда дил.

Майин ҳаволардан ютаман қониб,
Тунлари зар сочар кўкдан тўлин ой.
Табиат маҳв этар, юраман ёниб,
Сурмадай тортаман кўзимга чирой.

Чорлайди бағрига уфқлар бунда,
Чорлайди офтобнинг гулгун ёноғи.
Нурафшон тўйхона самовот тунда,
Ой гўё қўшнининг ёнган чироғи.

Юлдузлар бошгинам устида шундоқ,
Қўл чўзсам тераман битта-битталаб.
Гўё ёр бўйнида ялтироқ мунчоқ,
Тун бўйи юраман гоҳ юлдуз санаб.

Минг хилда сайрайди бундаги қушлар,
Ғунчага роз ўқир булбул бутоқда.
Райҳонлар, жамбиллар хаёлим ушлар,
Эгилиб чўмилар майса қирғоқда.

Жонимга жон бўлур, сарфараҳ бу боғ,
Бунда нур мўътадил, соя мўътадил.
Қуёш зар кокили тароғу тароғ,
Субҳидам сайрибоғ истар бунда дил.