Теша Сайдалиев 1933 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини битирган. “Туҳфа”, “Сурхон садолари”, “Кўнгил гавҳари” шеърий тўпламлари нашр этилган. Шоир 1972 йилда вафот этган.
ИНТИЗОРДИР ҚАЛБИМДА ЎЙИМ
Деразам ортидан ой қарар ёввош,
Сенмисан деб, боқаман унга?
Тун пардасин йиртиб, жилмаяр қуёш,
Сенмисан деб, боқаман унга?
Гулларнинг атрини пуркар шаббода,
Дейман, сочи силкинар чоғи.
Сен – менга қуёшсан, ойсан дунёда,
Сен – умримнинг гуллаган боғи.
Шунинг-чун ҳам тезроқ келгин, севгилим,
Гар келмасанг тўлмайди уйим.
Сенга интизордир кўзларим, дилим,
Интизордир қалбимда ўйим.
БУ ҚЎЛЛАР
Йўқ, ипакдай эмасдир юмшоқ,
Қадоқлидир сенинг қўлларинг.
Қачон,
Қайда бўлмасин,
Ҳар чоқ
Сабоқлидир сенинг қўлларинг.
Уларда йўқ
Маникюр,
Узук,
Жозибаси – меҳнат қадоғи.
Дўстлар деркан:
“Бу қўллар тузук!” –
Бу таърифнинг борми адоғи?
Очилсин деб, кенг, янги йўллар,
Шод этай деб, Ватан, халқимни,
Бахт яратар,
Қурар бу қўллар,
Шу қўлларга берай қалбимни.
ЖЎШ УРДИ ЗАВҚИМ
Қарашимда бобомлар ўтқазган чинор,
Яна бўйдор бўпти, яна ҳам сербарг.
Адашдимми дея, боқаман такрор,
Туғилган уйимдан кўринмас асар.
Боргандим қалбимни этиб хумори,
Онам алласининг роҳатбахш куйи.
Кимни ҳам қўмсатмас умр баҳори,
Кимни ром этмагай туғилган уйи?
Туғилган уйимда хаёллар суриб,
Суҳбат қуролмадим,
Йўқдир ўкинчим.
Ўша уй ўрнида бир анҳор кўриб,
Анҳордай жўш урди завқим, севинчим.
ДАРАК БЎЛМАЙ ЖАВОБИНГДАН
Куним тундир, дилим хундир,
Дарак бўлмай жавобингдан
Ё ўрташ завқи авломи бу шайдои
кавобингдан?
Ҳолимдан гулларим йиғлар,
Куйиб булбулларим йиғлар,
Бу-ку мен, тоғ чўкиб кетгай раво кўрган
азобингдан.
Хатинг малҳам бу хастангга,
Ҳамон кўнгли шикастангга,
Жонимга жон қўшилмай ишқ аталмиш ул
китобингдан.
Хатинг олгач, олиб борсам,
Хатингдан ўргилиб борсам,
Жудо бўлмасми бу кўнгил: “Келинг!” деган
хитобингдан.
“Келинг!” десанг, ғамим кетгай,
Қуёшга қўлларим етгай,
Пойимда лола унгай бир табассум, минг
савобингдан.
ҲАЙРАТ
Бир кун гул ғунчасин тақиб ўтдинг сен,
Бир кун ҳаё билан боқиб ўтдинг сен,
Бир кун дарё каби оқиб ўтдинг сен,
Ҳар гал ишқ гулханин ёқиб ўтдинг сен.
Билмадим, қандайдир кўйга қолдим мен,
Билай деб, ўзимни уйга олдим мен,
Бу не деб, тунлари ўйга толдим мен,
Қалбимнинг уришин куйга солдим мен.
О, гўзал, севгидан сўйласак бирга,
Янги ниятларни ўйласак бирга,
Мен кўзлаган тўйни тўйласак бирга,
Бахтимиз қўшиғин куйласак бирга.
АЛАНГА
Ишқим аввал бўлса ҳам учқун,
Ҳарорати жон эди танга.
Сирлашдиму сен-ла ўша кун,
Бу учқундан ёнди аланга.
Алангаки, толмас қўл билан
Сенга боғлаб қўйди дилимни.
Уни минг йил ловуллатгайман,
Ёритсин деб, ҳаёт йўлимни.
ТЎРТЛИК
Кўзим дер, дилбаринг кўрган ўзимман,
Йўлингни ул томон бурган ўзимман.
Бу йўлдан қайтмагин, асло, адашма,
Шудир бахтинг, кўриб турган ўзимман.
О, ГУЛИМ
Ойдин тун.
Ҳовлимиз докадай оппоқ,
Қишнинг пар кўрпаси ётар ястаниб.
Дилимга боқаман, ишқингда ёниб,
Қурғур имкон бу кеч бунчалар қочқоқ?
Шунда рўмолчангни оламан қўлга,
У – дилбар баҳорнинг тирик парчаси.
Ғунчаю гуллари, барги… барчаси
Меҳрим чопарини етаклар йўлга…
…Тонг отар,
Устида кумуш нур ўйнар,
Қишнинг пар кўрпаси ётар ястаниб.
Мен эса ишқингда ўртаниб, ёниб,
Ишқим парвозила бўламан қувнаб.
О, гулим,
Очиғин айтайин сенга:
Рўмолчангга боқиб, сени кўрган дам
Баҳор бўлиб кетар атроф-айланам,
Сени бир эслаш ҳам
Баҳордир менга.