Cулаймон Шодиев 1951 йилда туғилган. Бухоро давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битирган. Шоирнинг “Янги ой чиққан кеча”, “Қанотсиз қуш”, “Ишқ фасли”, “Орзу бекати”, “Хаёл”, “Эй, муҳаббат”, “Сен учун яшайман” каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
* * *
Ҳар кўйи чаман мушку муанбар Ватанимсан,
Тонг сабзасидай тоза муаттар Ватанимсан!
Боғланмиш азиз номинг ила риштайи жоним,
Мен олам аро фахр ила айтар Ватанимсан!
Жаннатни қиёс айласа сенга на гўзалдир,
Ул жаннат ичинда оби кавсар Ватанимсан!
Машриқ элида ҳусну камолингга тараф йўқ,
Сен орази офтоб ила сарвар Ватанимсан!
Фарҳод каби қувватга тўлиб юксаладирсан,
Бу шаҳду шитоб бирла музаффар Ватанимсан!
Минг йилки, жаҳон мулкида тахтингга муносиб,
Ҳам ушбу замон бахтга муяссар Ватанимсан!
Мавж урса агар баҳри дилим дейди Сулаймон,
Олам безаги – дур ила гавҳар Ватанимсан!
* * *
Гул-гул очилгайсан мудом, эй, сарвиноз, гул фаслида,
Кийсанг яна кимхобу атласдан либос гул фаслида.
Ҳеч бир чаманда бўлмагай икки ёноғинг лоласи,
Жумла-жаҳоннинг зийнати ҳуснингга хос гул фаслида.
Киприкларингдан найзалар отмакка шайдир қошларинг,
Порлар яна жодуларингда эҳтирос гул фаслида.
Пошнангни ўпган сочларинг инжа “алиф”дай бир тутам,
Кўркинг бўлибдур ҳам бўю бастингга мос гул фаслида.
Жонлар садоға солланиб юрсанг, париваш, боғ аро,
Эй, маҳлиқо, сенга ярашгай ишва-ноз гул фаслида.
Йил – тўрт фасл кўрмоқ сени қандай ажойиб ҳол, вале,
Айни баҳор сенла кўришмоқ бунча соз гул фаслида.
Кел, бирга сайр айлаб, висол гаштин сурайлик иккимиз,
Ошиқ дилимга бир нафас бўл дилнавоз гул фаслида.
Кўксимда ишқим мавж уриб тошмоқдадир дарё каби,
Кел, сарвинозим, айтайин, мен сенга роз гул фаслида.
* * *
Ёримнинг зулфини силайсан, шамол,
Сен ҳали рашкимни билмайсан, шамол.
Мен уни қизғансам ҳатто сабодан,
Нега эркалашдан тинмайсан, шамол?
Сочларини тараб чиққанди ҳозир,
Кет, десам, ёнидан жилмайсан, шамол.
Бунча ўчакишдинг, бунча ёпишдинг,
Бағримни тимдалаб, тирнайсан, шамол.
Ёрку оҳларимга қилмайди парво,
Сен қачон зоримни тинглайсан, шамол?
Кўйида ёнганман, адо бўлганман,
Мудом тоқатимни синайсан, шамол.
Ишқинг тушган бўлса, қўй бу савдони,
Мен каби бир умр йиғлайсан, шамол.
* * *
Зангор нигоҳларингиз осмонларга ўхшайди,
Қатор киприкларингиз посбонларга ўхшайди.
Боқай десам сиғмайди ҳаддим жамолингизга,
Жамолингиз бир моҳи тобонларга ўхшайди.
Бахмал кокиллар атри ифоридан махмурман,
Хушбўйлари муанбар райҳонларга ўхшайди.
Бир дурри бебаҳо деб, сизга баҳо берурлар,
Бу таърифлар, баҳрлар арзонларга ўхшайди.
Сизни кўрсам баногоҳ титрайди жисму жоним,
Титроқ эмас бу жоним, ларзонларга ўхшайди.
Балки, муҳаббатдир бу, наҳот, ошиқ бўлибман,
Энди менинг аҳволим ёмонларга ўхшайди?
Дейсизки: Эй, сабр қил, висолимга етурсан,
Кўнглим айтур, ваъдангиз ёлғонларга ўхшайди!
* * *
Ёдинг кўнгил чироғимдир, мени, эй, ёр, унутсанг ҳам,
Висолинг дил сўроғимдир, мени, эй, ёр, унутсанг ҳам.
Агарчи, васлу дийдоринг насибам бўлмагай энди,
Йўлингга тўрт қароғимдир, мени, эй, ёр, унутсанг ҳам.
Ўзинг кетсанг, қолар ишқинг менинг бирла бу кўнгилда,
Умрлик дарду доғимдир, мени, эй, ёр, унутсанг ҳам.
Ўзим битта, сўзим битта, садоқат, аҳду паймоним –
Шиоримдир, маёғимдир, мени, эй, ёр, унутсанг ҳам.
Кўзим ёши оқиб турган ҳажрнинг дашт-биёбони
Чечак, райҳонли боғимдир, мени, эй, ёр, унутсанг ҳам.
Сенинг бирла хаёл сурган, қувонган, яйраган дамлар
Ажойиб бахтли чоғимдир, мени, эй, ёр, унутсанг ҳам.
Тилимдан тушмагай исминг, дилимда сувратинг танҳо,
Ҳамиша ёдга олгумдир, мени, эй, ёр, унутсанг ҳам.
* * *
Оламга шод боқсанг агар: ҳар ён чаман, ҳар ён гўзал,
Балки сулувмас лоладек, кўҳликкина райҳон гўзал.
Ҳар дилда юз япроқ ёзар орзу-ҳавас оғочлари,
Гарчи, ушалмас барчаси: орзу гўзал, армон гўзал.
Қилма шикоят, суйганинг жаври қаддингни этса дол,
Оҳлар чекиб шому саҳар чекканларинг афғон гўзал.
Дўсту ҳабиблар таънаси пайҳон этар кўксинг, вале,
Қилсанг вафолар ваъдага, ул аҳд ила паймон гўзал.
Сувратда раҳмон, сийрати шайтон кишидан қўрқ, рафиқ,
Раҳмон кишилар ҳар маконда, ҳар нафас, ҳар он гўзал,
Бошдан оёқ ҳайрат эрур бу кўҳна олам гулшани,
Андин гаҳи ким шоду, ким гирёну ҳам ҳайрон гўзал.