Собит Мадалиев (1949)

Шоир, носир, таржимон ва публицист Собит Мадалиев 1949 йил 2 мартда Жамбулда туғилган. 1969 йили Тошкентга кўчиб ўтган. 1972–1990 йилларда Москвада ишлаган. 1977 йили М. Горький номидаги адабиёт институтини битирган. 1990 йили Тошкентга қайтган.

Собит Мадалиев 1991–1996 йилларда «Звезда Востока» журналининг бош муҳаррири бўлган. Унинг шеърлари «Звезда Востока», «Дружба народов», «Новый мир», «Огонек», журналларида, «Ёшлик», «Кичик ипак йўли» алманахларида чоп этилган.

Шеърий китоблари: «Время цветения персика» (1977), «Поющие пески» (1979), «Марафон» (1983), «Восхождение» (1986), «И полыхает солнце» (1986), «Июльский воздух опаляет дух» (1988), «Рубаи» (1999).

ГУЛЛАР

Ўзбеклар гулларсиз яшолмас зинҳор,
Қоқ ерни қўл билан ийдирар обдон.
Челакдан сув каби – тер тўкиб такрор
Улуғлар беўхшов ўзлигин ҳамон.

То нафас оларкан, бор экан жони,
Чарчоқлар баҳсига бўлмас ҳамнишин.
Ҳеч писанд этмагай қоқ саратонни,
Кутиб ҳам турмайди, келсин деб пешин.

Ўзбеклар гулларсиз яшолмас зинҳор,
Тарк этар оромбахш уйнинг қучоғин.
Майлига, уст-бошин чанг боссин такрор
Қақраган ерларга ошиқар тағин.

ЧЎЛДАГИ СЎҚМОҚ

Гоҳо парвоз этиб баланд барханга,
Пастликка отилар гоҳ ўқдай шундоқ.
Беланиб – шўр босган тўзону чангга
Ҳарсиллаб чопади чўлда бир сўқмоқ.

Унга заҳрин сочар шувоқу ёвшан,
Кўмиб ташламоқчи бўлар дайди қум.
Тунлари жарликка беркинар ёвдан,
Яъни, оч қашқирлар қилганда ҳужум.

Шарқ узра балқигач оқбадан саҳар,
Чиқа солиб туннинг қаъридан шу чоқ –
Қумларни тўзғитиб, нуратиб баттар
Вишиллаб,
Чийиллаб югурар сўқмоқ.

Сира ўхшамас у ҳолсиз йиртқичга…
Гар унга дуч келсанг иссиқдан толиб.
Йўловчи,
Қувончинг сиғмасин ичга
У бирор манзилга боради олиб.

Топгандай бўласан ўша чоҳ қудуқ,
Қудуқки, зилолга лиммо-лим, тўлиқ.

Қорни оч бўлса-да қумларга шўнғиб,
Барханлардан сакраб, гоҳ юриб вазмин.
Яккаш бир қабрга элтади сени
Қабр-чи нураган, кўримсиз… озғин…

Бу жойга дағалтус овул ҳам яқин,
Сени қарши олар итлар серзарда.
Ва… оби ҳаётни симирасан сен
Ним коса кўзингга ташийди парда.

Жонингни асраган сўқмоқдан қайта
Манзилга йўл солсанг, қаршилаб тонгни.
Руҳига ҳудудсиз таҳсинлар айта
Эслайсан,
Кўмилган шоҳид инсонни.

* * *

Шабнамлар сачрайди гуллар баргидан,
Соядаги гуллар сўқмоқда яёв.
Пойида – зах тупроқ ва муз қумлар шан,
Кафтида – шўх портлаш ва тутам олов.

Улар кам. Юракни сиққудайин кам.
Дунёнинг қўрқинчин тушунди ёки,
Осмонга тўзонлар кўтарилган дам?
Шунчаки яшашдан толиқди балки!

ҚУЁШ ХОТИРАСИ

Тур ўрнингдан, дўстим!
Саодатинг нурларини йиғ,
мард бўл, кураш бошла,
Қуёшга кўмаклаш!
М.ПРИШВИН

Ҳайқириб бездирса электровоз,
Тингласак автолар юрак уришин.
Трамвайга урсак ўзни шу алфоз,
Қайга кечикмоққа шошяпмиз, тушун?…

Пойтахтда судралар қишлоқи одам,
Ёнингдан ўтмайди қуш каби учиб.
Кўзларин кенг очиб, чўнг биноларнинг
Кўҳна ҳайбатига қарагай чўчиб.

Ҳар битта ҳайкалга теккизади қўл,
Қўзғолон майдони оғдирар эсдан…
Қайгадир имиллаб оларкансан йўл
Серқатнов кўчадан ўтасан тездан.

Тормозлар чинқириб қувар ороминг,
Автолар ғийбати қилади безор.
Ўлимдан соғ қолган анов ҳайдовчи
Аямай
Асабин ғиштларин бузар.

Бехос қувиб ўтган машина томон
Тўртбурчак муштумин ўқталар, ана.
Уйда ҳам жиринглаб тинмас телефон,
Балконларга қочиб чиқамиз яна.

Ҳовлилар жамоли берар тасалло,
Кўкракдан ҳовурдай пуркалар ҳасрат.
Сертартиб гулзорлар шу фурсат аммо
Мажруҳ асабларни қолади асраб.

Оловга тап-таранг самовий шарнинг
Нурларин мириқиб кўрамиз ушлаб.
Унутиб борамиз шаддод шаҳарни
Шовқиндан вужуд ҳам боради бўшаб.

Руҳингга энгашиб қарайсан бирдан,
Қараган сингари қудуққа зийрак.
Қуёшнинг умрини ҳаётинг билан
Таққослаб қоласан…
Нақадар сийрак!

Сенинг руҳинг бўлган ул тирик қуёш
Қудуқнинг тубида йилтирар муздай.
Ороминг қайгадир олиб кетар бош,
Ва…
Бўм-бўш кунларинг кўксингда тўзгай.

* * *

Қайғу ҳам, қувонч ҳам юракда жойсиз,
Сенинг алаҳлашинг ёту ёввойи.
Заминни забт этмоқ – қандай мудҳиш сўз,
Бу хил хаёлларнинг бари ҳавойи.

Ундаги нарсалар буюртма эмас,
Шундай қил, юр бунда сен ҳушёр бўлиб.
Худойим, бу нечук ҳақоратдир, бас,
Бизсиз ҳам ер юзи турибди тўлиб!

Рус тилидан Назар Шукур ўгирган