Шукуржон Жабборова 1959 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини битирган. Унинг “Дил изҳори”, “Фариштам”, “Мени кечир, дилкашим”, “Маҳаллам – менинг фахрим”, “Кўнгилдаги дунё” сингари китоблари нашр этилган.
* * *
Кабутар! Бир дона паринг ташлаб ўт,
Тинчликни асрасин, токи, одамлар.
Қанотинг остида нурли кумуш хат,
Дўстликка йўғрилсин дуркун қадамлар.
Кабутар! Оқ кўнгил, эй, содда қушчам,
Тинчлик рамзи ўзинг, ҳар сўзда ҳиссанг.
Паҳлавон элдошнинг елкасида ҳам
Кўринар оқ рангли муаззам жуссанг.
Парвозинг чинакам, осмон сеники,
Ер эса мен учун муқаддас мудом.
Мусаффо осмон у, ерда билгинки,
Тинчликни бирдайин айласин бардам.
Қайдадир даҳшатга тушади одам,
Кўргилик кўринмас унинг каптари.
Сен каби қаноти қоғозлари кам,
Тинчлик сўзин билмас кўнгил дафтари.
Она-бола сўзи учади дилдан, .
Кабутар, парвозинг тинчликдан садо.
Ташлаб кет, парингни самовий йўлдан
Тинчлик, саодатни қутласин дунё!
* * *
Юрагим рангини тўкаман,
Қаддимнинг қадида шуълалар.
Ишқ бизни ўғирлар биламан,
Биз бахтли туғилган болалар.
Юрагим рангини тўкаман,
Камалак ҳам ундан туғилар.
Рангларнинг сийратин чизаман,
Жонимга сиғмагач туйғулар.
Юрагим рангини очаман,
Шодлигим касридан ўй кўчар.
Боримни дунёга сочаман,
Бошимда саодат ранг чизар.
Юрагим рангини сураткаш
Нола деб атайди, биламан.
Муҳаббат биздан-да ҳаёткаш,
Биздан-да рангиндир ишқ ҳамон.
* * *
Сокиндир, бу оқшом табиат,
Уйқусиз кезаман шаҳарда.
Бўйидан олгандай тафт-қувват,
Нозгулни силайман гулзорда.
Ёрқин шуълалардай уйғоқ дил
Интизор дунёга фол очар.
Дарахтлар чизади узун йўл,
Ёмғирнинг куйига куй қўшар.
Арчалар кўрк берган шаҳарда
Кезаман ёлғиз ва пиёда.
Тун бўйи сеп ёзган баҳорда
Гул ҳидин тўзғитар шаббода.
Мен каби дайдиган ким бўлар,
Ой изғир изимда нурланиб?
Оҳулар топмаган туйғулар
Қайгадир, шошилар сирланиб?
Тоғ ошиб, ошиғин топмаган
Қуёшгул мўлтирар саҳарда.
Ой кетди, хонамга кирмаган
Баҳорни уйғотиб дафтарда.
* * *
Хаёлимни шамолга бердим,
Олиб қочди дала, қирларга.
Тоғ унгурда лолалар тердим,
Уммон бўлдим томчи сирларда.
Хаёлимни висолга бердим,
Елкасига бош қўйдим ишқнинг.
Юрагимдан армонлар тердим,
Кўнгил юртин топдим ошиқнинг.
Хаёлимни чаманга бердим,
Райҳон ҳиди олди кўнглимни.
Кўксимдаги айвонда кўрдим
Соғинчларда қолган дилимни.
Хаёлимни ёмғирга бердим,
Томчилардай тўйиб йиғладим.
Қувончни-да, қайғуни тердим,
Саробларга умид боғладим.
Хаёл кезди: осмонда, ерда,
Балки меҳр истади кўнгил.
Фаслларнинг шоҳи баҳорда
Туғилган ишқ, майсада қол, дил!