Шуҳрат Ориф 1981 йили туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган. “Мен асли одаммас, ёр эдим” китоби чоп этилган.
МЕН
Мен – сулувни кўрмаган ошиқ
ва кўрмасдан кетиши аён.
Ортингиздан етолмаяпман –
Сиз ҳаллослаб борурсиз қаён?
Мен – сўзини йўқотган шоир,
Қайғуларни севувчи далли.
Пичирласам устимдан кулманг,
Бераяпман ўзга тасалли…
Сиз топинган сағир дунёни
Асраб қолиш билан машғулман.
Мавлононинг чориғиман мен,
Машраб ташлаб кетган кашкулман…
Мен – Мансурнинг кўзидаги мунг,
Мен – Исога аталган хочман.
Наҳот мени танимаяпсиз,
Мен ўшаман, ўшаман… қочманг.
Сизни излаб келганман ахир,
Нега жимсиз йўқлаганимда.
Доимгидек хуррам, бефарқсиз,
Қарсак чалманг йиғлаганимда…
Ёнингиздан бесас ўтяпман,
Товонимдан қон сизар – чак, чак…
Минг йил мени билмади дунё,
Яна минг йил сезмаса керак…
СИЗ БОРСИЗ…
Яхшиям сиз борсиз, яхшиям,
Кўзингиз – беҳиштнинг дарчаси.
Дунёда бир сизни танидим,
Нотаниш барчаси-барчаси…
Яхшиям сиз борсиз, яхшиям,
Сизсиз ҳаёт – қудуқнинг туби.
Сиз – менинг охирги илинжим,
Сиз менга тангрининг мактуби.
Яхшиям сиз борсиз, яхшиям,
Туғилгандан сизга зорман мен.
Кўзимиз тўқнашса Ер титрар,
Борман мен, борман мен, борман мен!
Яхшиям сиз борсиз, яхшиям,
Дунёнинг кўзига боқдим тик.
Қаршимда қалтираб турибди,
Энг буюк мақомдир – Ошиқлик!
Яхшиям сиз борсиз, яхшиям,
Барчасига кўникдим унсиз.
Ҳажрингиз шириндир умримдан,
Висолдан гўзалдир қайғунгиз.
Яхшиям сиз борсиз, яхшиям –
Томиримда сузиб юрган Эрк!
Демакки, Тангрига яқинман,
Демакки, яшайман Одамдек…
БИР МАРТА…
Бир марта кўзимиз бўлди рўбарў –
Фасллар чалкашиб, ақлдан озди.
Гўёки ҳайитлик олган боладек
Булутлар ўзини йўқотаёзди.
Ногаҳон тириклик исини сездим,
Мен – қисмат қўлида тизилган қарта.
Юлдузлар суюнчи олади Аршдан,
Мени ўйласангиз агар бир марта.
Тоғлар термилади чордана қуриб,
Уларнинг тақдири боғлиқдир сизга.
Минг йилга узайди дунёнинг умри,
Бир марта севаман деганингизга.
Уммонлар чайқалиб айтади такбир,
Етти қат кўк бағри ёғдуга тўлди.
Олинг, шу дунёни мен сизга бердим,
Лабингиз бир марта энтикса бўлди…
КУЗАК
Мендек зерикканга ўхшайди кузак,
Мусича сингари оғир хўрсинар.
Сочлари кўзимга боғланган Наргиз,
Сарғайган боғимиз келиб кўрсинлар.
Хазонлар – ошиқлар қабристонига
Умидини кўмиб, қайтар турналар.
Самода юрагим суратин чизиб,
Сизнинг исмингизни айтар турналар…
Бизни бу бекатда ҳеч ким танимас,
Ҳаёт – мен кўришни истамаган туш.
Биламан қайдадир турибсиз илҳақ –
Сочингиз елкандек ёйиб фаромуш.
Кимнидир, ненидир кутдим ишониб,
Осмонга термилиб ўтдим теракдай.
Хазон бўлиб ҳамки кетолмаяпман,
Гўёки ҳалиям сизга керакдай…
Япроқдек омонат тебранади дил,
Тамаки тутатар яна ғолиб куз.
Дунёни бир гўзал рангга бўярдим,
Афсус, сиздан олдин куз келди, афсус…
УМРИМ
Умримнинг қайсидир пиллапояси
Узилиб тушдими учди қабоғим.
Балки бу узлатга кетган кулгимдир,
Анордек кўзлари ёриган оҳим…
Яна сочингизни ёйдингизми, ёр,
Безгак тутгандайин титрайди таним.
Маҳшаргача бизга ҳаловат йўқми,
Умримга тамғами – етолмаганим…
Кўчага чиқаман башанг кийиниб,
Учрашувга илк бор чиққан йигитдек.
Ўттиз етти йилки қайтаман ночор,
Эгасини излаб топмаган итдек…
Зардобдек чаккиллаб томади умрим,
Ҳар бир қатрасида – хуррам тиканлар.
Шотутдек тўкилиб борар – бағриқон,
Мени ишорасиз англайдиганлар.
Муаллақ яшашга кўникиб бўлдим,
Одамга ўхшашга қолмади чора.
Шарафга кўмилиб борганим сари,
Эгилиб бормоқда бошим тобора.
Деворга суяниб ўтарман энди,
Дунёга суяниш – булутдек мубҳам.
Ердек тебранаман қабоғим учса,
Ердек оғирлашиб боряпти шубҳам…
* * *
Шохда ёлғиз қолган нокдек ғарибман –
Тўкилмоққа келиб бахт ахтарибман…
Сайр этгали келдим бу дунёсига,
Бу олам меники эмас: шарифман.
Асрлар кўзимга кул сочиб ўтди,
Ожизман, юпунман, лекин зарифман.
Миллион кашфиёт ва бунёд қилдим,
Юксалиб, Ўзимни лойга қорибман.
Бир кеча кўнгилга сўзлагил дедим,
Анордек сачради – бекор ёрибман.
Ёр келар дейишди туғилганимда –
Боладек эмаклаб ўзим борибман.
Ёр деди: “Тўнингдан ёр иси келур”,
Ҳорибман, ҳорибман, жуда ҳорибман…
На банда бўлолдим ва ёки одам –
Сиз каби чалкашган Шуҳрат Орифман…
* * *
Қирқинчи довонга термулиб,
Ўйлайман: тўрвада нима бор?
Чопқиллаб чиқишга ғайрат йўқ,
Эмаклаб боришга қўймас ор.
Қисматим – тўрт дона суратдир,
Оқ-қора, оқ-қора, оқ-қора.
Товонда хиргойи қиламан,
Бошимда чаламан ноғора…
Қўқондан то Тошканга қадар
Ушоқдек сочилган умрим бор.
Кўнгилнинг энг чуқур ерида,
Чиройли бир соқов қумри бор…
Одамга ўхшайман баъзида –
Одамга бўламан интизор.
Кўз очсам – дунё бор, кўз юмсам –
Уйқу бермайдиган бир қиз бор…
Тупроқдек самимий ҳабиб йўқ,
Булутдек омонат дўстлар бор.
Тишлагим келади бармоғим –
Кўзлар бор, кўзлар бор, кўзлар бор…
Отам бор, онам бор – бутунман,
Бағримда бир бахтли аёл бор.
Яхшиям, яхшиям, яхшиям –
Хаёл бор, хаёл бор, хаёл бор…
Қирқинчи довонга термулиб,
Айтаман: дунёда нима бор?
Бахтли кимсаларни ёнида
Одамдек яшашга қўймас ор…
* * *
Келдингиз… дунёнинг ранги ўзгарди,
Ҳамма маликалар қулади тахтдан.
Ўзгалар бахт излаб ёрини кутар,
Мен сизни кутгандим зерикиб бахтдан…
Кулдингиз… жон каби яйради бу жон,
Сочилиб кетгандим қайта бутландим.
Саноқда адашдим… милёнинчи бор,
Яна қолмоқликка тараддудландим.
Қаттиқ тикилдингиз… тезда англадим –
Хайрлашмоқ керак яна қайтадан.
(Сизга салом билан бориб бўлмайди,
Хайрлашиб сизга босаман қадам…)
Бу не қисмат бўлди, бу қандай битик –
Бир кўзим кулгуда, бири йиғида.
Мен сизни ҳеч кимга ўхшамай севдим,
Кетмоқ ва қолмоқнинг оралиғида…