Шуҳрат (Алимов Ғулом Аминжонович) 1918 йил 19 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1986). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1978). Низомий номидаги Тошкент педагогика институти (1936—40)да ўқиган. Дастлабки асари — «Мехрол» (эртак-достон, 1940). Кўплаб шеърий («Бизнинг кўча», 1947; «Ҳаёт нафаси», 1948; «Балладалар», 1958; «Сенинг севгинг», 1961; «Ишқингда ёниб», 1964; «Буюк муҳаббат», 1966; «Лирика», 1973; «Шайдо кўнгил», 1976; «Ҳали тун узоқ», 1984 ва бошқа) ва насрий («Оила», 1946; «Бир кеча фожиаси», 1976 ва бошқа) тўпламларини эълон қилган. «Мардлик афсонаси» (1959), «Гулдурсин» (1960), «Қувғинди» (1963) сингари достонлар ёзган. «Шинелли йиллар» (1958), «Олтин зангламас» (1965), «Жаннат қидирганлар» (1968) романлари ҳам бор. «Беш кунлик куёв» (1970), «Қўша қаринглар» (1971), «Она қизим» (1973) каби драмалар муаллифи. А. С. Пушкин, В. Шекспир, Т. Шевченко, Лопе де Вега каби ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2003).
ОРЗУЛАР, ФИКРЛАР
Орзунинг бўлмайди сўнгги нуқтаси,
Фикрнинг мунтазам аниқ қирғоғи.
Тафаккур – орзунинг чин омухтаси,
Истиқбол мулкининг нурли чироғи.
Орзусиз ёзмайди фикрлар қанот,
Фикрсиз орзунинг қўл-оёғи шол.
Иккиси мисоли эгарланган от,
Уддалаб минолсанг, уфқларга сол!
Ҳей, ширин орзулар, теран фикрлар,
Қанчалар гўзалсиз, қанчалар улкан!
Ҳамиша уфқлар сизни чақирар,
Мисоли денгизда очилган елкан.
Эсимни танибман, мен сизга шайдо,
Сиз менинг улфатим, мулким, хазинам,
Сиз учун умрлар бўлади фидо,
Ёшликдай севаман сизни ҳозир ҳам!!!
* * *
Илҳомнинг йўллари узундан-узун…
Гоҳ қоя ортидан келади толиб.
Гоҳ денгиз қаърига тик уриб ўзин,
Тўфон-ла чиқади ҳайқириқ солиб.
Баъзида кўкларда чақмокдек елиб,
Уфқдан уфққа урар нурли бош.
Баъзида мушукдек судралиб келиб,
Тиззангга қўяди бошини ювош.
Бу бори илҳомдир. Тизгинсиз илҳом,
Гоҳида номи бор, гоҳида беном.
Баъзиси қоғозга тушади аста,
Баъзиси юради ҳамон ҳавасда!
О, ўжар, бефурсат, беқолип илҳом.
Бари бир сен ўзинг шароб тўла жом!
МЕРОС
Ўғилларим Фикрат, Хондамир, Бобур ва қизим Зебога
Мен сени ўстирдим силаб-сийпалаб,
Едирдим, ичирдим, тоза кийдирдим.
Терласанг, манглайдан теринг сидирдим,
Қоқилсанг, тургиздим кўнглингга қараб.
Тақдирдан шикоят қилмадим сенга,
Сенга ҳам шу йўлни маслаҳат бердим.
Адашсанг, ҳақ йўлин кўрсатиб турдим,
Покликдан нур қуйдим мурғак кўксингга.
Шукурки, камлигим йўкдир бошқадан,
Бировга тикмадим ҳасад кўзини.
Иккита қилмадим устоз сўзини,
Дўстларим сафидан узмадим қадам.
Сочларим оқарди, йўлим қисқарди,
Баъзи бир тишларим ўзимникимас.
Дўстлар ҳам камайди, энди бут эмас,
Киприкда, қошимда йўлларнинг гарди.
Гоҳ дилим ўйнайди, гоҳ босим баланд,
Гоҳ бошим айланиб, тўхтаб қоламан.
Энтикиб-энтикиб нафас оламан,
Даҳшатли ўйларга фикрим бўлиб банд.
Шунда ҳам ўлимдан қўрқмайман, ўғлим,
Ўлимдан қўрқмоқлик – номарднинг иши.
Рост айтсам, ниятим чала қолиши
Бағримни қилади тилим ва тилим!
Қулоқ сол, эй ўғлим, вақтики етиб,
Мен ёруғ дунёдан кўзимни юмсам,
Демакки, ижоддан тўхтасам, тинсам,
Уйма-уй изғима зўр мерос кутиб.
На бордир мол-мулким, на мўмай пулим,
Дўстларим ясайди умримга якун.
Сен учун меросим – пок умрим, лекин
Ундан ҳам азизи – ўз она тилим!!!
УМИД
Мен биламан: у энди келмас,
Мен биламан: у бўлган қурбон!
Мен биламан: кутмоқ энди бас,
Мен биламан: қийналади жон.
Лекин кутмай иложим ҳам йўқ,
Умид билан умр югурик.
Қалбим дейди: унга тенгмас ўқ,
Қалбим дейди: у одам тирик.
Ишонаман бари бир ҳамон,
Кириб келар саломат, омон.
Умид билан тирикман ўзим,
Йўлларида ҳамиша кўзим.
ЯХШИЛИК
Ўз умрингда битта юлдуз ёқ,
Бир юлдузки, нурли ва порлоқ.
Ҳеч бўлмаса битта чироқ ёқ,
Қоронғилик силжисин йироқ!
Ўз умрингда битта ариқ оч,
Шояд топса бир ниҳол ривож!
Ҳеч бўлмаса, эй бахти сулув,
Гулларга қуй бирон коса сув!
Ўз умрингда битта кўчат эк,
Яшнаб турсин кулган бахтингдек.
Ўз умрингда оч битта қалам,
«Тинчлик» сўзин ёзсин бу олам!..
…Гар яхшилик келмас қўлингдан,
Яхши ният қилгил дилингдан!
ТОМЧИГА ҚУЛОҚ СОЛ
Томчига қулоқ сол, нима дейди у,
У ахир янги бир ҳавасу туйғу,
У тарнов учидан томади бир-бир,
Баҳорнинг нафаси қилибди таъсир.
Баҳорни етаклаб келмоқда ўзи,
Нур билан тўладир минг битта кўзи.
Сен унинг куйига қулоқ тут, қулоқ,
Қиш кетиб боради, оёги чўлоқ!
ШОГИРДГА
Мен орзу қилгану етолмай қолган
Орзунинг боғида мен сени кўрсам.
Юз бора интилиб ўтолмай қолган
Энг баланд чўққида мен сени кўрсам.
Мен тошиб айтолмай қолган
Сўзларим тилингда турса жаранглаб…
ИККИЛИКЛАР
Тун
Юлдуз порлаб ёнса деб зора,
Юзларига тортади қора!
Ой
Ой – Қуёшнинг ўгай фарзанди,
Шу сабабдан совуқ ва банди.
Умр йўли
Эгри-бугри тортилган чизиқ,
Ким тўғрилаб олади?! Қизиқ!
Ваҳима
Арслон мағрур ўкирган чоғи
Чалишади отнинг оёғи.
Меҳр
Муҳаббатга доим зор кўнгил,
Келишидан кетиши енгил.
Ҳасадгўй
Сойда ўсган аччиқ бир алаф,
Меҳрибонлик қилади талаб.