Шавкат Одилжон (1989)

Шавкат Одилжон Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Бахт бекати” номли китоби чоп этилган.
Ҳозирда “Китоб дунёси” газетасида фаолият юритади.

СИЗ МЕНИ СЕВМАЙСИЗ…

Фасл танламайди муҳаббат,
Висол они бор тўрт фаслда.
Сизни мен чин дилдан севаман,
Сиз мени севмайсиз аслида.

Сиз мени севмайсиз, биламан,
Эй, ялпиз гулининг синглиси.
Бир кўнгил талпинар сиз томон,
Севгиси келади, севгиси.

Юзунгиз олмосдек тип-тиниқ,
Кўзингиз тиш қайрар қатлимга.
“Севаман” демайсиз, хўрсиниб,
Сиғдира олмайман ақлимга.

Кўз-кўзга тушади, ёнаман,
Етаман энг эзгу тилакка.
Кўзингиздан кириб бораман,
Юракка…

Бир қизсиз ғунчадек очилган,
Ёқимли жарангдор куласиз.
Демангу ҳеч қачон “севаман”,
“Севмайман” десангиз “кўрасиз”.

Жумбушга келади бу дунё,
Ишқ десанг шу тўртта фаслда.
Мен сизни севаман ва гўё
Сиз мени севмайсиз аслида.

Йиғлайсиз. Сиқтайсиз. Куласиз –
Балоғат ёшининг белгиси.
Сизни бир кўрганлар – биласиз,
Севгиси келади, севгиси.

***

Сизни асрамоқлик келмади қўлдан,
Суйсам, Сизни фақат шеърларда суйдим.
Бағримга илонлар келди ўнг-сўлдан,
Сиз-ку… ўзимни ҳам бой бериб қўйдим.
Узоқ ваъз ўқидим ҳижронга ёниб,
“Қўй энди, юракка шафқат қил, шафқат!”.
У шафқат қилмади ва кетди тониб,
Сарсон қолавердик мен ва муҳаббат.
Аммо қайси бекат ёдимдан ўчган?
Қолмаганди уни топгани сабр.
Ўшанда хаёлим киприкдай учган,
Ўшанда ўзимга қилгандим жабр.
Кимдир ушлаб қолди мени йўлимдан,
“Бахтлимисан”, — деди.
Дунёни буздим.
“Бахтлиман!”.
У сўлғин елкамга қоқиб,
Деди: “Бахт яримта бўлмайди, дўстим!”.
Сўнгра тентирадим, кездим минг аср,
Фаришта ва шайтон измида бўлдим.
Қайтиб келдим яшаб соқов, кар, басир,
Минг бора туғилдим, минг марта ўлдим.
Ялиндим:
Шафқат қил, шафқат қил, Худой!
Алпомиш қайтгандай қайтсин муҳаббат.
Койиди:
Ишқ қайтар, чиққан каби ой,
Сен икки дунёга сағирсан, фақат…
Фақат Сизни асраш келмади қўлдан,
Худой йўл бермади, тушундим шуни.
(Яшаб яшамадик, ўлиб ўлмадик),
Фақат алам қилар еру осмонинг
Тирик мурдаларга қолганми куни?

***

Боғ эди, гулистон эди чор-атроф,
Ўшанда бор эди ишқнинг салмоғи.
Ўшанда ҳар сўзни қилардим тавоф,
Унча шартмасмиди севиб қолмоғим.

Ўшанда юлдузга бўйлашар эдим,
Гулларга суйкалар эдим ўшанда.
Тунлари Ой билан сўйлашар эдим,
Ўзимни эркалар эдим ўшанда.

Кемахатлар қилиб оқизар эдим
Ва доим уларга бўлардим шайдо.
Фаришталар билан кўк кезар эдим,
Янги-янги дардлар бўларди пайдо.

Ва ногоҳ йўлимда учрадинг қандай?
Бир лаҳза ортиқлик қилди севишга.
Бир лаҳза жипслашдик бир тан, бир жондай,
Бир лаҳза кам бўлди бахтга етишга.

Ўшанда келмадинг кулиб, бахт қучиб,
Ўшанда қилмадинг менга мурувват.
Тўрғайдай қуёшга кетяпман учиб,
Унча шартмасмиди сенга муҳаббат?

***

Кетманг деди, узоқ ялинди.
Мен ўзимни солдим лоҳасга.
Юрагимнинг ярми тилинди.
Ва ўзимни ирғитдим пастга.
Тез орада қайтаман дедим.
Зирқирарди ҳар битта толам.
Мен ўшанда жуда ёш эдим.
Кўринмасди кўзимга болам.
Қайтаман деб сўз беринг, деди.
Ниманидир ҳайқириб айтдим.
Қайтдим,
қайтмоқ кўп оғир эди.
Мен ўзимни йўқотиб қайтдим.
Энди виждон қийнайди мени.
Қандай чиқай ахир бу жардан.
Не фарқим бор минг ваъда бериб.
Урушдан қайтмаган аскардан?
Кетманг деди, қолсайдим шу тоб.
Ўйларимнинг бари ҳавойи.
Болам – шеърим, ялинган – китоб.
Фақат чорлаганди Навоий.

***

Қачонгача зоғлар билан олишаман
Бу тоғларнинг сарлочини менман дея.
Қачонгача тоғлар билан олишаман,
Чўққи эмас, осмонларга тенгман дея.

Юрагимни ерга бериб туролмайман,
Ҳалол енгди мени қизлар, мардлар қолиб.
Афсус, энди бахтсизман деб юролмайман,
Мени бахтлар мағлуб қилди, дардлар қолиб.

Мен ўзимни таништирсам, тобутимни
Ўз елкамда олиб юриш қийин ишмас.
Шавкат Одил бўлганларим бир пул бўлди,
Мени ўлим шоир қилди, туғилишмас.

* * *

Она, ўлма, агар сен ўлсанг,
Ўзим билмай бирор айб қилмай.
Меҳр излаб, ширин сўз излаб,
Ҳар эшикда сарғайиб юрмай.

Она, ўлма, агар сен ўлсанг,
Чидолмайман каму кўстимга.
Ушлаб турган осмонни Худо
Ташлаб юборади устимга…

* * *

Унутаман! Имзо чекдим. Муҳр қўйдим.
Не ғам бўлса, кўравердим. Билавердинг.
Ахир кимга кўнгил қўйдим, кимни суйдим?
Гулни кўрсам сен ёдимга келавердинг.

Юз ўгирсам юзим қаро бўлсин дедим.
Тушларимда ойдай юзинг кўзим очди.
Ахир сени қандай яхши кўрар эдим,
Кўргуликлар сабаб бугун тўзим қочди.

Бахт нелигин англамадим шунча яшаб,
Унутдими деб қўрқувдим, бироқ топди.
Мен барини эрта қўлдан бериб қўйдим,
Бахт дегани мени излаб кечроқ топди.

Ҳаммасига розиман-ку бахт беролсанг…
Сенсиз борар манзилим ҳам тошу чақир.
Айб бўлади мени қаттиқ севиб қолсанг,
Севмай қўйсанг катта гуноҳ бўлар, ахир…

* * *

Дардларимни ичга ютдим ҳаммасини,
Бутун умр гўё азоб тортгандайман.
Кўтаролмай ўз аксимнинг ҳамласини,
Ич-ичимдан нураб бораётгандайман.

Билмайсизда менда майда дардлар эмас,
Оламшумул изтироблар берган из бор.
Ҳаётимда фақатгина гардлар эмас,
Оламларни қамал қилган битта қиз бор…

Дард ғариби, юз сориғи бўлдим нетай,
Эс-ҳушимдан, бор-йўғимдан қилгин жудо.
Ич-ичимдан нураб бораётганимда,
Ич-ичимда мени бунёд айла Худо!

* * *

Кўҳна дардларимни яширмоқчийдим,
Қўймоқчи эмасдим қўлдаги торни.
Ўзимни қўлингга топширмоқчийдим,
Ёмғир — бевақт дилни ювиб юборди.

Яширчоқчи эдим қанча қилмишни,
Сақламоқчи эдим ғурурни, орни.
Сочлари оқ эди ўша миш-мишни,
Ёмғир — бевақт қилни ювиб юборди.

Узоқ яшамоқдан ким ўзар ўйнаб,
Тоғларни мен каби синовчи борми?
Тоғларни бир куни майда-майдалаб,
Ёмғир — бевақт чўлга йўйиб юборди.

Қаршимда йўл кўрдим, эгасиз ва хор,
Худойим лойимни шу йўлдан қорди.
Ўзинг эгалик қил, деганди Жаббор —
Ёмғир — бевақт йўлни ювиб юборди.

Бор деса, кел деса, юр деса ё қол,
Бормаган, келмаган, юрмаган ёрми?
Ўнгларда ҳеч нарса топмаса завол…
Ёмғир — бевақт сўлни ювиб юборди.

Ёмғир ўт бўлганин кўрганмисиз ҳеч,
Тошга дўнганини манави қорни.
Юзимга урилар ўтдай эрта-кеч,
Ёмғир — бевақт дўлни ювиб юборди.

Қўлимни текизсам юздузга, куйсам,
Жон берсам, кўнгилдан топсам мозорни.
Ўлсам ҳам дунёни шодлатиб ўлсам,
Ўлганимга ҳавас қилгувчи борми?
Ёмғир — бевақт дилни ювиб юборди…

ШЕР ҲАҚИДА ШЕЪР

Онаизор узоқ йиғлади,
Эсдан чиқди ҳатто кимлиги.
Ичи ёнар, ахир пойида
ётар боласининг ўлиги.

Оқ сут бериб ўстирган эди,
Не машаққат кўрмади она.
Ахир уни улғайтиргунча,
Ҳордиқ олиб юрмади она.

Меҳр берди, авайлаб, асраб,
Неки топса илинди унга.
Қандай тансиқ гўшт топса барин
ташмалади бола – тутқунга.

Бошқаларга бермади тинчлик,
Ўзи ҳам тинч турмади она.
Бу бесарҳад ўрмон бағрида
не ишларни қилмади она.

Ҳамма ундан тап тортар эди,
Ҳамма уни қиларди ҳурмат.
Текканга ҳам, тегмаганга ҳам
Боласи-чун тегарди фақат.

Бир кун ногоҳ ўт олди ўрмон,
Тирик жон бор қоча бошлади.
Ўша куни ҳаёт болага
Қучоғини оча бошлади.

Билмас эди, аллақаердан
Гала сичқон келар безовта.
Мўрмалахдай босар ўрмонни
Кемирарди не топса овда.

Бугун аза она шер учун,
(Қачон келар фарзанднинг хуни?)
сичқонлардан қўрқиб қочётган
филлар босиб ўлдирди уни.

КЎПДАН БЕРИ СЕВАМАН

Кўпдан бери севаман уни,
Лек айтолмам, сўзларим мубҳам.
Аммо у қиз бундан бехабар,
Юрагимни босар зилдай ғам.

Қайсар дейди: қандай топдингиз?
“Сизни тушда кўрганман”, дедим.
Ўйлаб қолдим, сизни топдиму,
Лекин қачон йўқотган эдим?!

ҚЎЙ, АЛДАМА!

Қўй, алдама, бермагин фириб!
“Севаман”, деб гапирма асти.
Ахир, қанча ёлғон гапириб,
Дейсан яна “Сўзларим ростдир”.

Чиройингга не бўлади зеб?
Ҳеч нарса йўқ, кўриб турибсан.
“Юрагимни Сизга бердим”, деб,
Чап кўксингда олиб юрибсан.

СИЗ УЧУН…

Осмон олис эди, осмон жим эди,
Соддаман, билмасдим чақмоқнинг кучин.
Тунов кун ёнингда турган ким эди?
Кўнглимни таржима қилдим сен учун.

Атиргул кўкламни тарк этди – фироқ,
Кўксимни поралар Момақалдироқ,
Қачон жавоб топар абадий сўроқ —
Кўнглимни таржима қилдим сен учун.

Мағлубият бўлди менинг зафарим,
Сенинг юрагингга қилган сафарим,
Тунлар эслаб сенга етган маҳалим
Кўнглимни таржима қилдим сен учун.

Сени Есениндан рашк қилган пайтим,
Тўпори болайдим, ўзимдай байтим,
Ҳеч қайси сўзимга бермадинг қайтим,
Кўнглимни таржима қилдим сен учун.

Кундуз Қуёш гувоҳ, оқшом Ой гувоҳ,
Гоҳи савоб қилиб, гоҳида гуноҳ,
Минг истиҳолаю, баъзан тортиб оҳ,
Кўнглимни таржима қилдим сен учун.

БОБОМ ҲАҚИДА

Момомнинг айтиши бўйича бобом
Эсини еб қўйган қари чол эди.
Дадамнинг айтиши бўйича бобом
Саводи-ю илми ўрта ҳол эди.

Бобом асо тутди қариликка зеб,
Асони кўраман ёд қилган сари.
Кўпларга оддий чол, аммо “Буюк” деб,
Аташар бобомни оғайнилари…

Ниҳол экиб ўтди бобом тоабад,
Улуғвор кўрарди қишлоқ — замонни.
Замин ниҳолларга куч берди, фақат
Қучоғига олди шўрлик бобомни.

Ялангоёқ чопиб тупроқ кўчада
Қоқилиб-йиқилсам ҳечқиси йўқ.
Момом койир эди: эсин еб қўйган
Бобойнинг боласисан-да эси йўқ.

Ҳаммаси яхши-ку, дадам баъзида
Оқшомлари кўзин юммай ухлайди.
Менинг назаримда момом тунлари
Эси йўқ чолини эслаб йиғлайди.

Бобомни қайириш истади кимлар,
Сира қуламади ирода қасри.
Мен бугун бобомга қиламан ҳавас,
Эси йўқлар буюк бўларкан асли.

АЯ

Ая,
Ёш бошимга қилдим кўп хато,
Бироқ хатоларни ҳеч тан олмадим.
Кўнгил олишни-ку билмайман, ҳатто
Кўнгил беришни ҳам ўрганолмадим.

Ая,
Ёлғиз фарзанд бўлиш қийинмас,
Одамлар ачиниб қарайди нечун?
Эллик йил мен учун яшадингиз, бас!
Қачон яшагайсиз ўзингиз учун?

Ая,
Мен биламан, кулади толе!
Бир кун ортиқ бўлиб яшайман элдан.
Қай ҳолда, қачонки, сизни ўйласам
Худо ҳам ёдимга тушади бирдан.

Ая,
Кўряпсизми, сўзга нўноқман,
Нўноқ сўзимга ҳам асир қанча қиз.
Ахир, сизга ҳеч не беролмадим-ку,
Сиз эса дунёни менга бердингиз.

Ая,
Қушлар каби уч дейсиз, лекин
На ерни, на кўкни қуча олмайман.
Менинг туяқушдан нима фарқим бор
Қанотларим бору уча олмайман.

ТЎФОНГА ДУЧ КЕЛГАН
КАПАЛАК МИСОЛ…

Тўфонга дуч келган капалак мисол
Кучимнинг борича олға юраман.
Ўқийман, ўқийман ва яна алҳол,
Хаёлимда янги дунё қураман.
Эҳтимол, ақлдан озгандай билиб,
Ўзига оғдириб олгандир дунё.
Кўз олдимда дунё борар ситилиб,
Чиндан ҳам ақлдан оздиммикан ё?

Ўқийман, ўқийман яна ўқийман,
Бир ҳодиса бўлса ўқиш сўнгида!
Ўзимча қандайдир ўйлар тўқийман,
Мўъжиза юз берар кўзим ўнгида.
Шамсу Зуҳра яна учрашар шу тоб,
Соҳибқирон қайта туғилар, гўё.
“Куч — адолатдадир, қилади хитоб,
Туронни омонат қолдирдим, дунё”.

Бир эр яшаб ўтди жавонмард, ёниб,
Нигоҳлари қанча дор, парда кўрди.
Унинг тимсолида халқ бир жавониб,
Наврасида каби дарпарда кўрди.
Биз-чи, нима қилдик қавму қариндош?
Бобур йўқлигида ерини босдик.
Турганида дорга лойиқ шунча бош,
Қаландар Машрабни дорларга осдик.

Кўнглимдан айирдинг, кўнглимдан ҳуркиб,
Усмонни бадарға қилганинг оздек,
Ёзнинг ўртасида бугундан қўрқиб,
Эртани ўйламай “Ёз” дединг, ёздик.
Ўқийман, ўқийман, бузрукворларнинг
Нонимас, юраги қордай оқ эди.
Жавдари еса ҳам меҳрибон ва тенг
Сизу биздан анча бахтлироқ эди.

Тушунаман, мангу хотиралар бу,
Портлатиб бўлмайди, отиб бўлмайди.
Уларга харидор топиш мумкину
Аммо бирор нархга сотиб бўлмайди.

ҚИСМАТ

Кимдир митти ниҳол ўтқазди ерга,
Парвариш айлади неча тонг, шомлар.
Йиллар замирида ўсган дарахтнинг
Тагига сув қуйди охир одамлар.

Тарвақайлаб ўсган, ҳайбати улкан,
Мағрур кўринарди тик бўлган дамлар…
Аввал бош устига том қилди уни,
Сўнг пол қилиб босиб ўтди одамлар.

Жимгина ўсганди дарахт бечора,
Безабонлик сабаб кесилиб кетган.
Сўнг оқ қоғоз бўлди қоралаш учун
Ва охир ғижимлаб отдилар четга…

***

Кимларнидир қоралагандай,
Ўттизни ҳам қораладим, хўш…
Ёстиғимнинг ярими каби
Юрагимнинг ярми ҳамон бўш.
Асло мени солманг Худога,
Деманг: бўлган имондан жудо.
Ахир ҳамма бир хил Худога,
Тарафкашлик қилмайди Худо.
Дардингизни қилманг дастурхон,
Барчада бор бу тур “ноз-неъмат”.
Юрагимнинг ярми бахтиёр,
Қолган ярми эса камомат.
Ўтмиш сизиб турар танимдан,
Гоҳ келажак туюлар ваҳм.
Юрагимнинг ярмида Худо,
Қолган ярми бир парча лаҳм…