Шарофат Ботирова – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. 1943 йилда туғилган. Тошкент давлат чет тиллар институтининг (ҳозирги ЎзДЖТУ) француз тили факультетини битирган. “Оловранг уфқ”, “Бедорлик”, “Юракдаги кўз” шеърий тўпламлари нашр этилган. Шоира 2001 йилда вафот этган.
ТУРКУМ
I
Умримдан яна бир фасл ўтганин
Тиллоранг меҳри-ла тасдиқлади куз.
Умидла энтикиб тунни кутганим,
Ўзники айлади қасди бордай куз.
Ёмғирлар кўп бўлди, кўпчиди ерлар,
Йўқолиб бормоқда хазон босган из.
Рўмолим тортқилаб совуқ шамоллар,
Ўзники айлади қасди бордай куз.
Қулоққа япроқни сирғадай илдим,
Унида тиллазеб айлар ҳоким – куз.
Булутлар подасин бош узра кўрдим,
Ўзники айлади хазонрезги куз.
Кўк томон отилар дарахтлар оҳи,
Япроғин қатида мунг яшар тиғиз.
Ҳар дамда сарғаяр ҳижроннинг боғи,
Ўзники айлади шудгорланган куз.
II
Вужудим гул тўла дарё мисоли,
Кузнида кузатиб, нурга инаман.
Алдоқчи туйғулар, ўзники этманг,
Уч ой куз, сўнг, яна баҳор, биламан.
Қишнида кузатиб, оппоқ қорларни,
Бошимга қўндириб, шукрлар қилдим.
Кузатган бўлсамда кўп кунларимни,
Олтин куз, ўзингдан фикрлар қилдим.
Не бўпти сарғайса сўлғин япроқлар,
Сўлғинлик – аслида юракнинг доғи.
Маҳзунлик кўйлагин кийган фироқлар,
Кошкийди, мен сизга бўлсам вақт чоғи.
III
Донга тўла бошоқлар ўрилди-кетди,
Кимгадир етмади, кимгадир етди,
Кимгадир бироз кам, кимни бой этди,
Шунданми барчага тенг дунё эмас?
Минг йиллик ўрмонни тарк этар қушлар,
Қиличин қайрайди олдинда қушлар,
Нечун алғов-далғов бугунги тушлар,
Шунданми ишқ-жафо, лек сафо эмас?
IV
Кечиринг, пойингизга тиз чўколмадим,
Лекин бир гул учун эгилди қаддим.
Армоннинг тўрида ғоз чиқолмадим,
Лек, гулга лаб босдим, бу недир раббим?
Бир одам қиймати зироатдан кам,
Ё кўкдан баландроқ, бу қандай изҳор?
Саволнинг ўзидан келади жавоб:
– Гуллардан кўнгулга етмаган озор.
Кечиринг, пойингизга тиз чўколмадим.
V
Тутуни буруқсаб тургандай кулранг,
Далалар бағридан кетмоқда кўклар.
Сариқ япроқларнинг дарди ҳамоҳанг,
Ўлкани тарк этар дайди – турналар.
Ўрмонлар вовайло айтарлар ҳаққа,
Яланғоч дарахтлар бу тонг азадор.
Каккулар, тўрғайлар айрилиб тўпдан,
Учиб кетмоқдалар, бағри ғуссадор.
Ҳой, кузак, боғларни бузиб куласан,
Ғолиба онлардан кўксинг тоғ мисол.
Боз яна мевалар тутиб сайлайсан,
Ким телба, сенми ё оламми, алҳол?
Биламан уч ойдир тахти бебақонг,
Барглардай юласан одамларни ҳам.
Гулмисол не каслар қолса беватан,
Тириклар бу ҳолга чидар қандоғам?
Мен-ку, чидай олдим айролиқларга,
Жонга тенг жигарлар этса-да рихлат.
Кўз тикма навжувон гўдакларимга,
Тайёрман, бўлса гар бунга зарурат!
VI
Узилган япроқда сирли оҳлар бор,
Видо бор унинг ҳар шивирларида.
Тупроқдан куйик ҳид таралар беҳол,
Соғинч бор отларнинг дупурларида.
Соғинч бор.
Яхшиям ўртада дарахтлар девор,
Улар ҳам йўқотар тинмай япроғин.
Умидла бўй чўзар занжирбанд хаёл,
Унинг ҳар қатида ўтли соғинч бор.
Соғинч бор.
Ҳар гулнинг нуқсида сариқ чизгилар,
Ҳар япроқ оҳида ингранади нур.
Қушларнинг галаси инларин бузиб,
Иссиқ ўлкаларга соладилар қўр.
Соғинч бор.
Ушбу тонг ўзим ҳам неварам қучиб,
Аждодлар тусига мен зарб турибман.
Умримнинг кузини сезмай ё сезиб,
Ҳадикнинг барига юзим бурибман.
Соғинч бор.
Соғинчлар – дарахтдан тўкилган япроқ,
Энди то кўкламда юз кўришгунча
Соғиниб яшайман яшилликни бот,
Бугунчи, кузга-да эврилдим шунча.
Кўкни соғиниб.
VII
Кузнинг исёнига дош бермас ҳамма,
Ҳамма ҳам менингдек уни сийламас.
Дунёнинг етмиш бир қавати ғамми,
Хазонлар – армонга қаратилган қасд?
Илдизи кўксимда унади қайта,
Муҳаббат даласин лолагуллари.
Ҳилолни бошига рўмолдай қадаб,
Лайлолар сайр этмиш ойдин тунлари.
Руҳимга айтаман Қайснинг қўшиғин,
Минг бир томиримда уйғонар дарё.
Зуҳролар йиғлайди менга қўшилиб,
Сен асли кузмисан умри қил дунё?
Кузнинг исёнидан синади дарча,
Ёмғирлар шитобла кирар хонамга.
Кимга дўқ уради табиат бунча,
Нечун сиғмаяпман бугун оламга?
Лабимда учади эски оятлар,
Ҳижронда ёнмоқлик Кумушдан мерос.
Нодира тилида битдим баётлар,
Тушуниб бораяпман ўзимни бироз.
Сарғайган япроққа битилган ашъор,
Аслида, соғинчдан туғилган ҳур ишқ.
Ҳижрон қисматига бўлмайин душвор,
Кўкламдай барг ёзсин умидвор қўшиқ.