Шаҳодатбону Имомназарова 1982 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Тошкент давлат маданият институтини тамомлаган. “Райҳон нафаси” номли шеърий тўплам муаллифи. Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтининг илмий ходими.
* * *
Ўксима, кўнглим-а, хокисор кўнглим…
Орзулар армонга кетса қоришиб.
Қўрқинчли тушларга айланса ўнгим,
Умидбахш тонгларим келар ёришиб.
Ўксима, кўнглим-а, хокисор кўнглим…
Юз буриб кетганда дўстлар бирма-бир.
Алдоқчи қисматнинг макрига кўндим,
Армонларим узун, қўлим қисқадир.
Ўксима, кўнглим-а, хокисор кўнглим…
Қузғундай чарх урса бошимда хатар.
Мен сени сўнгги бор келганда кўргим,
Паймонам тўлса ҳам, тўлмасанг агар…
Ўксима…
* * *
Кечир, сени ташлаб кетганим учун,
Ерда қололмайман…
Умидингни уз.
Ярадор бахтимнинг бағридай юпун
Осмон келган чоғда менга юзма-юз.
Ҳавога айланиб кетаман – кетсам,
Ёдимни безайди шаффоф хаёллар.
Ўртанган дилимнинг додига етсам,
Менинг фарёдимни тинглар шамоллар.
Йўлларим узундир, билмас ниҳоя,
Шаҳризода айтган эртаклар мисол.
Ёруғ кунларимдан сўйлар ҳикоя,
Сенинг йўлларингни ёритган ҳилол.
Осойиш ахтарма жону танамдан,
Сувсиз соҳиллардай ёйсам қўлимни…
Тириклик кўзига қандай қарайман,
Соғинтиролмасам битта ўлимни?..
Кечир…
* * *
Бўғзимни аламлар қамраган,
Сўзларинг куйдирар кўксимни.
Худога хуш ёққан бандаман…
Армонга тўлдирар кўнглимни.
Сукутдан яралган фиғонсан,
Кўз ёши нигоҳни тиғлайди.
Тонггача тонгларга ишонган,
Бўш бешик ўртада йиғлайди…