Cанобар Меҳмонова 1981 йилда туғилган. Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллар университетининг халқаро журналистика факультетини ҳамда ЎзМУ қошидаги Олий адабиёт курсини тугаллаган.
“Хайёмона хўрсиниқлар”, “Фано сарҳадлари” шеърий тўпламлари чоп этилган.
* * *
Нигоҳлар пичирлар бир қадим зорни,
Эй менинг балокаш ошуфта кезим.
Бизга бу савдолар муборак энди,
Ошиғлиқ муборак, Шамс Табризим.
Дунёни аланга ичига олдик,
На ақл қолдию, на бирор сезим.
Оламга шўришу ғавғолар солдик,
Маъшуғлик муборак, Шамс Табризим.
Кимларда қолмаган бу қадим жунун,
Бунча жовдирайсан кўкларга кўзим?!
Муборак бўлсин бу ҳол отлиғ фунун,
Қўшиғлик муборак, Шамс Табризим.
Биздан қолиб кетар дунёга алам,
Художон бер унга биз учун тўзим.
Тиз чўк пойимизга, эй муқаддас ғам,
Ошиғлик муборак, Шамс Табризим.
Қонларимга ташна қилди бу фироқ,
Келар бўлсанг келгин энди хунрезим.
Бунчалар гўзалсан эй гўзал қийноқ –
Маъшуғлик муборак, Шамс Табризим.
Ҳол билан савдони никоҳлаб қўйдим,
Жунуним бошимга чиққан шу кезим.
Ишқ билан ғавғони никоҳлаб қўйдим –
Ошиғлик муборак, Шамс Табризим.
РУҲИМНИНГ АҲВОЛИ
Тушунди, англади ва ҳис қилди у,
Ўз-ўзига тўлди паймона бўлиб.
Юракнинг қаърига чуқур тўлди у,
Кетди ўшал кундан девона бўлиб.
Пок яшамоқ бўлди фаришталардай,
Эзилди шайтонга ҳамхона бўлиб,
Англади эртакнинг эртак эканин –
Кетди ўша кундан афсона бўлиб.
Йиғлади фалакнинг куйига мастон,
Худони излади гирёна бўлиб.
Англади, ноилож, англаёлмасдан –
Кетди ўшал кундан ҳайрона бўлиб.
Нима топдинг, дея ундан сўрдилар.
У деди: “Шам топдим парвона бўлиб,” –
Кейин қат-қатларин очиб кўрдилар,
Воҳ-воҳ, куйиб ётар сўзона бўлиб.
Сенгаям қойилман, дунёи қадим,
Барибир, кулдинг-а, ғамхона бўлиб.
Розиман, барибир, гўзал яшадим –
Соғлар орасида девона бўлиб.
Эртакнинг ичида афсона бўлиб.
* * *
Осмонни қўй, ахтарни қўй,
Уммонни қўй, гавҳарни қўй,
Ҳатто оби кавсарни қўй –
Кел, сан мани ишқимни ич!
Бир ишқки қотили жондир,
Ҳамиша хавфи иймондир,
У кофирдир, мусулмондир –
Олгин, мани ишқимни ич!
Буз оламнинг камларини,
Рад эт бор аҳкомларини,
Синдир ҳамма жомларини,
Ол, сан мани ишқимни ич!
Токи паймона тўлгунча,
Азал ҳукми ўқилгунча,
То томгунча, тўкилгунча,
Кел, сан мани ишқимни ич!
Уммон эрсанг, дур бўлурсан,
Зулмат эрсанг, нур бўлурсан,
Ҳур бўлурсан, ҳур бўлурсан –
Ол! Сан мани ишқимни ич!
Кел, сан мани ишқимни ич!
* * *
Биламан, биламан, бир куни келиб,
Шамоллардай эсиб, қайтажакман боз.
Маъюс кўзларингга маъюс тикилиб –
Кўзларим тубида йиғлайди бир ноз.
Ўша мен бўламан –
Буни биламан.
Биламан, қайғунинг қайғучил ёди
Юрагимни ўртаб қилади найранг.
Аммо ҳаётимнинг барча буржидан
Қор каби ёғади дилбар қиёфанг.
Мен унга термулиб, сенга тўламан –
Буни-да биламан.
Биламан, ошиқлар вақтдай бевафо,
Хушторлар тилида ўйиндир видо.
Севги деганлари оний кайфият,
Биламан, сен мангу ёрдирсан Худо,
Бошимда абадий бордирсан Худо!
Ўйлаганим сайин ишққа тўламан
Ушбу ишқ мангудир буни биламан.
Биламан, ошиқлик бандага эса
Исёнли бир ҳолдир Ҳақнинг ҳукмига.
Нечун, юрагимга етмайди кучим –
Билсам ҳам ошиқман не учун, нега?!
Гоҳ кулиб йиғлайман,
Гоҳ тўлиб йиғлайман.
Пушаймон бўлмайман,
Эҳ, буни билмайман, билмайман!!!