Рустам Эмин 1962 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини битирган. Унинг “Рид” (“Руҳимни излайман дунёда”), “Кўнгил сувратлари”, “Дайди шамоллар” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. 2023 йил 11 июнда вафот этган.
* * *
Қуёшнинг нурлари кўзимни олди,
Қалбимга ўрнашди, сўнгра ошиғич,
Дарахтнинг новдасин олди эгаллаб.
Яшиллик барқ урди оламни қамраб,
Бодомнинг сочлари оқариб кетди,
Мен қолдим бошимни чангаллаб аранг.
Баҳор келган экан, билмай қолибман
Маст бўлиб дунёнинг ишваларига,
Не қилай, билмайман, бу бошим гаранг?
Мен, энди, бойчечак қидириб ҳар тонг,
Тоғларга тўшимни ураман сиқтаб,
Лек, гул ҳам мен билан учрашмоқчимас.
Юрагим тубида ёнаётган олов,
Гулнинг дудоқларин куйдира бошлар,
Қизғалдоқ юрагим узра чўлғанар.
Маъюс куйга ўхшар, аслида, ҳаёт,
Ҳам қайғу, ҳам шодлик сингийди унга,
Ёлғиз мен қул мисол тентийман ёлғиз.
Ёлғиз мен қулингман, ёлғиз гиёҳинг,
Оёқлар остида топталган гиёҳ.
* * *
Кашкулим – сукунат ўлкаси,
Қалбимнинг торлари жаранглар,
Қулоққа чалинар Ҳаққушнинг саси.
Сукунат саҳроси нақадар ночор,
Румийни соғинган қул мисол йиғлар,
Кўздан ёшлар эмас, оқади ғамлар.
Мен яна сукутнинг бағрига кирдим,
Мозийдан бир варақ топдим амаллаб,
Ўнгимда жонланди Румийнинг расми.
Мерос қолган менга қадимий кашкул,
Сирларин ўзига олган яшириб,
Қандай очишни ҳам билмайман уни.
Кўзимни юмаман, кундуз-қоронғи,
Тунда ой нуридан кўзлар қамашар,
Қачон очмоқликни билмай гарангман.
Кўнглимда нима бор, унинг қатини
Бир бора кўрмоққа уринмадим ҳам,
Бир бора кирмадим унинг уйига.
Шунданми, ҳар куни йиғлар бечора,
Ҳар куни беш бора кўкка тикилар,
Бўғзимга нимадир тиқилар бот-бот.
Бир куни вулқондай портлайди, албат,
Тинмайин бўғзимга тиқилган соғинч,
Шунда, кашкулнинг ҳам сири очилар.
* * *
Олмос қишнинг қиличи ўткир,
Ўткир ҳатто менинг тилимдан,
Дор йўқ фақат унинг бўйнида.
Олмос қишнинг кўрпаси юмшоқ,
Гард тегмаган бирор ерига,
Виждонимдек у ҳамиша пок.
Олмос қишнинг либоси юлуқ,
Тақдиримга ўхшайди у ҳам,
Игна теккан баъзи жойига.
Олмос қишнинг шамоли майин,
Юзларимни чимчилаб баъзан
Онамдайин олади ўпич.
Олмос қишнинг ўзи сал ғалат,
Баъзан қаҳри келиб қолади,
Отам мисол уяди қавоқ.
Олмос қишни балки шунинг-чун
Қучоқлагим келади суйиб,
Совуб қолса ҳамки баданим.
Олмос қишни севаман ҳар қиш.
* * *
Тўнимнинг барига илинди хазон,
Боғдаги севгига ошуфта диллар
Эртакка маҳлиё бошини эгди.
Севгидан маст кўнгил кўчага чиқди,
Ишкомга илашди бир шингил сўзи,
Сирғалиб тушди сўнг қора марварид.
Ёшларин оқизди, париваш маъюс
Ёридан ёдгорлик зиракни тутиб,
Хонанинг бурчидан бир макон топди.
Қуёш, ҳаво, ёмғир – бари жам бўлиб
Сочилди дастурхон узра беминнат,
Бир-бир териб олди шодон болалар.
Изғирин нинадек санчилди танга,
Арқондек чўзилди кечаги савлат,
Хазонли тўнимни ёпди устига.
Севгига тўйинган дилнинг меваси
Яна севгисини улашди бизга.
* * *
Ёмғир ёғмоқдадир, бошда соябон
Йўқ, лек, сочим ҳўлмас, сочим ҳўл эмас,
Фақат юрагимда тўпланган ёмғир.
Ёмғир ёғмоқдадир, атроф тап-тақир,
Саҳрои Кабирда ёлғизман худди,
Ҳеч ким йўқламайди мендек фақирни.
Ёмғир ёғмоқдадир, бошимда қуёш,
Отам каби силар сочим толасин,
Фақат ҳеч тўймайман унинг меҳрига.
Ёмғир ёғмоқдадир, менинг қалбимга…