Робиддин Исҳоқов (1927-1989)

Робиддин Исҳоқов 1927 йилда туғилган. Фарғона Давлат педагогика институтини тамомлаган. “Қўшиқ йўлдош юрган йўлимда”, “Ойга ремонт тушармиш”, “Ҳайқириқ”, “Юз ғазал”, “Қувноқ лаҳзалар”, “Ўнғор нафаси” каби қатор китоблари чоп этилган.
1989 йилда вафот этган.

КЕНГЛИКЛАР

Кенгликларга парвоз қил қалбим,
Кенгликларда кенг дунё ётар.
Кенгликларга парвоз қил қалбим,
Кенгликларда оппоқ тонг отар.

Олатовнинг чўққисидан то
Оролқум чўлида кезар хаёлим.
Шу кичик қалбимга, жо бўлур дунё,
Титраган дунёнинг посбони элим.

АЙТИЛМАГАН СЎЗ

Чарос кўздан сочилар ёғду,
Чарос кўздан сочилар инжу.
Ошиқ мактуб, юзида томчи
Тўлғонади, тўлғоқда туйғу.

Оқшомда ой уқалаб кўзин
Бўса олар зилол япроқдан.
Сув юзида чайқалиб тўлқин
Меҳр излар ёниқ дудоқдан.

Оқаради оқшом рўмоли,
Соғинч кўзда намли киприклар.
Айтилмаган сўздир томчиси,
Кўз ғуборин ювмоқда улар.

ШАМОЛ

Шамол, менинг ҳазилкашим,
Сочларимни этар пахмоқ.
Баъзан туртса кўкрагимдан,
Кўзларимда чақнар чақмоқ.

Суриб борар қумлоқларга,
Қамишзорда беллашамиз.
Мен кесганда бир қамишни –
Икки учин талашамиз.

УЧАРЛАР

Учар бор –
Учмоқ истайди,
Оёқлари тегмагай ерга.
Елга учиб кетса,
ким ҳам истайди,
Изламанг, бевазн ел билан бирга.

КЎНГИЛ

Кўнгил шиша дейдилар, баъзан,
Оғир сўздан синади чил-чил.
Дўстга озор бермоқ, ҳаммадан
Оғир экан, дўстим, ўйлагил.

Бир сўз қадри олтиндан зиёд,
Бир сўз билан кўтарилар дил.
Юракдаги иссиқ сўзингни
Меҳр кутган дўстга улашгил.

УМРИМ

Умрим –
тоғ чашмасин сачратқисидир,
Сингиб борар майсага, тошга.
Қум оралаб, ўпиб заминни –
Ошиқ бўлган ой –
қаламқошга.

Гуллатмаса тошни, қумлоқни,
Сайратмаса қушларни тонгда.
Бундай умр –
бир ўткинчидир,
аждодлар хоки бор,
авлодлар ҳаққи бор Ватанда!

ҚИШ ЭСКИЗИ

Оқ рўмол ичида сулув кенг дала,
Оппоқ дастурхонда дарахт – бир ваза.
Нозик новдалардан чумчуқ бир йўла
“Гурр-р” этиб уфққа учгайдир тоза.

Новдалар силкинди, тўкилди оқ пар,
Ерга тўзғиб кетди бир тўп капалак.
Мажнунтол кокилин ерга ташлар зил,
Гўё тол бошида ғоз тўплангандек.

Сув юзи новвотдай ялтирар, ажиб,
Қуёш нури тегиб синади чил-чил.
Коинот гардиши толмас ун элаб,
Олам оппоқ, оппоқ, оппоқ дил!

МАНЗАРА

Ҳаво яна бўзрайди қирда,
Ғарб уфқида қуюқ бир туман.
Майса қулоқ чиқарди ердан,
Тупроқ ҳиди ёқимли чунон.

Ёмғир қуйди, тоғ тўши яшнаб,
Кўм-кўк гилам очди гулларин.
Сабо эсиб, қир, адир оша
Димоқларга сочар бўйларин.

Асалари бол ишқида тез
Учиб қолар адирга, қирга.
Баҳор келиб, бол сепдими ё,
Бағри баҳор шу она ерга?!

СУВ

Сув –
ойна, боқардик иккимиз ёниб,
Сувратимиз учрашиб сувда.
Харсангни ғарқ этса,
шаффоф тўлқинлар,
титраб кетар эдик қўрқувда.

Лаҳзалар, сув каби тиниқ, мусаффо,
Бизнинг хотирадан ўчмас умрбод.
Чақалоқ йиғласа, чўчиймиз, гоҳо
Кулса, шалолани эслаймиз бот-бот.

ДУНЁ

Соат милларида кўз очар дунё,
Ҳар нафасда –
йўл босар аср.
Газ қувур ётқизиб, тиклаймиз бино,
Дунё –
худди очилмас қаср.

Биз билан ишлайди дунё,
воажаб,
Ўтиб кетди умр дея шошамиз.
Не-не қурувчини ўтказиб дунё,
Яна уфқ яноғин этади қирмиз.