Равшанбек Мирзаолимов 1958 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Шеърлари республика матбуотларида эълон қилинган. “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
ВАТАН
Ватан – онам, онам менинг,
Суяр ортиқ болам менинг.
Бобом айтган, отам айтган,
Эрклик деган нолам менинг.
Ватан – бешик, тебранади,
Замин чархи айланади.
Киндик қонинг томган жойга
Шу-чун меҳринг бойланади.
Ватан – иймон, бил, эй инсон,
Ватан бирла яралгай шон.
Ватан – оринг, қиблагоҳинг,
Бахш эт умринг топиб имкон.
Ватан борки, ризқ-рўзинг бут,
Тупроғини кўзингга сурт.
Жаннатмакон сарҳадини
Беҳиштдайин қалбингда тут.
Ватан дегин ўнгингда ҳам,
Порлаб турсин кўнглингда ҳам.
Шукрона айт, жаҳон кўрсин,
Ватан бастин бўйингда ҳам.
Ватан – онам, онам менинг,
Суяр ортиқ болам менинг.
Бобом айтган, отам айтган,
Эрклик деган нолам менинг.
ЮРГАН ДАРЁ ДЕРЛАР
Юрган дарё дерлар, ўлтирган бўйра,
Мен ҳам олам кездим, юртларни кўрдим.
Қаерда бўлмайин, о, сени ўйлаб,
Қалбимда бир ажиб илиқлик туйдим.
Шунда кенг бағрингни соғиндим яна,
Юрагим қушдайин талпинди сенга.
О, қандай буюксан, Ватаним – она,
Таърифига сўз йўқ, бахт бердинг менга.
Мен сени бир умр суйиб яшайман,
Тупроғинг гардини суртиб кўзимга,
Сендан айрилмасман, сен-ла яшайман,
Ишон, онажоним, ишон, сўзимга.
ЭР ЙИГИТ ЮРТИДАН КЕЧМАЙДИ
Дунёда яхшилар бор экан,
Заминнинг зийнати ўчмайди.
Йигитга ҳамият ёр экан,
Элидан, юртидан кечмайди.
Чорласа олисда рўёлар,
Тутилса олтин жом, ичмайди.
Даф солса умрига соялар,
Қавмига ҳеч кафан бичмайди.
Минг нозли, карашма парилар,
Суйкалса беҳаё, қучмайди.
Йўлига дур сочса ғанимлар,
Сотилмас, бойликка учмайди.
Дунёда яхшилар бор экан,
Заминнинг зийнати ўчмайди.
Йигитга ҳамият ёр экан,
Элидан, юртидан кечмайди.
ОТАЖОНЛАРИМ
Отамни кўрган сиз отажонларим,
Қалбимга яқиним, қадрдонларим,
Насллар томирида оқар қонларим,
Ягона тилагим – доим бор бўлинг!
Сиз кўрган кулфатлар тарихдир бу кун,
Сиз чеккан заҳматлар қарийди секин,
Фақат сиз қариманг, қариманг, лекин,
Ягона тилагим – доим бор бўлинг!
Кездим қанча юртлар, изларингиз бор,
Ғолиблик ярашган юзларингиз бор,
Ақлнинг кўзи – сиз, сўзларингиз бор,
Ягона тилагим – доим бор бўлинг!