Қудрат Ҳикмат 1925 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Педагогика институтини тугатган (1957). Дастлабки шеърий тўплами — «Менинг Ватаним» (1950). «Бахтли болалар» (1951), «Ободлик» (1953), «Дўстлик» (1954), «Уч ўртоқнинг совғаси» (1957), «Невара меҳри», «Чирчиқ фарзанди» (1961), «Алишер ва китоб» (1962), «Илоншоҳ ва унинг амалдорлари хақида эртак» (1963), «Соатжоннинг соати» (1964), «Тошбақалар ҳужуми» (1965), «Шамол ботир» (1966), «Ўғлим билан суҳбат» (1970), «Олмос менинг юрагим» (1983), «Менинг юрагим» (1986) ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. В. Маяковский, С. Маршак, С. Михалков, А. Сурков, М. Бажан А. Барто ва бошқа шоирларнинг болаларга аталган шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 1968 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган.
ЭРТАЛАБ
Осмон тиниқ, зангори,
Беғубор афт-ангори.
Ярқираб нур анҳори,
Офтоб чиқди оламга.
– Ассалом! – дер Ер пастда,
– Ассалом! – дер эл аста.
– Қанча орзу-ҳавасда
– Офтоб чиқди оламга.
– Довон ошиб шод-хандон,
Хурсанд бўлиб у чандон,
Яшасин деб ҳар бир жон,
Офтоб чиқди оламга.
БАҲОР
Учиб юрар майин шамоллар,
Елпиб-елпиб анҳор юзини.
Қирғоқларда соябон толлар
Ойна-сувда кўрар ўзини.
Тонг еллари ўйноқлаб секин,
Жийдазорга кириб йўқолар.
Майса ўтлар тебраниб секин,
Орқасидан кузатиб қолар.
Чумчуқларнинг оғзида чўп-хас,
Ин қўйишар тутлар устига.
Кўкни қучган тераклар тинмас,
Оро берар кулранг пўстига.
Бедапоя, ям-яшил ўтлоқ,
Чинорларда қушлар чуғурлар,
Кўклам кўркин кўрдингми, ўртоқ,
Чаманзордек ҳаммаёқ гуллар.
ТОҒ МАНЗАРАСИ
Гўё кўкка устун тоғ,
Кийган сувсар, оқ қалпоқ.
Чўққилари ўркачдек,
Тош гавдаси кенг, ялпоқ.
Кўксин безар алвон гул,
Кифти арча – тўнлари.
Шўх қўшиқлар айтади
Шалола – фонтанлари.
Ҳар харсанги минг ботмон,
Ўртасида нил ҳовуз.
Буталарнинг тагига
Ин қўйишган ғоз, товус.
Ўтзорларда чиёвлар
Қирғовулу тустовуқ.
Баъзан қуёш йилт этар,
Баъзан тушар тез совуқ.
Чодир – уйни ивитиб,
Савалайди сел, жала,
Ҳуркиб кийик, жайронлар
Қочишар гала-гала.
АЛИШЕР ВА КИТОБ
Китобга ўч ўғилчам,
Олтин топган сингари,
Чиқса янги бир асар
Ўқир мендан илгари.
Майли, бўлсин ҳикоя
Ёки тўрт йўл қувноқ шеър.
Айвончада мук тушиб,
Шариллатар Алишер.
Қош қорайиб кеткунча
Қўлдан тушмас китоби.
Унга ёққан шеърларнинг
Ҳозирча йўқ ҳисоби.
Олимдек серҳаракат,
Ишлар пухта берилиб.
Унча-бунча ёшлардек
Ошиб кетмас керилиб.
Турна қатор саволга
Солдат каби доим шай.
Ҳозиржавоб бўлмасди,
Шунча китоб ўқимай.
МИХ
Қалпоқ кийган аскарга
Ўхшайди мих полвон ҳам.
Бирикади у билан
Эшигу ром, нарвон ҳам.
У бор уйлар саранжом.
Ҳавас қилар ҳар асбоб.
Кўринишдан камсуқум,
Рўзғор учун қулай, боп.
Махсус катак қутида
Сақлашади тежалаб.
Қурилишда усталар
Ишлатишар режалаб.
Гоҳ янглишиб кўп жойга
Қоқиб айб қилишса,
Қалпогини қийшайтиб,
Уни майиб қилишса,
Норозилик билдириб,
Мих қолади қайрилиб.
Дераза ҳам ўрнашмас
Кесакидан айрилиб.
Кўрса ўйинқароқлар
Тепиб, сочиб кетади.
Кўзим тушса ногаҳон
Жоним ачиб кетади.
Турли-туман буюмнинг
Пай томири ўшадир.
Бўлак-бўлак ёғочни
Бир-бирига қўшадир.
Бир истагим бор, ука,
Михдай тўғри, ўткир бўл.
Ҳурмат қилиб дўстларинг
Шунда сенга берар қўл.