Ойдиннисо (Йўлдошева) 1980 йили Самарқанд вилоятида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Айни пайтда Ғафур Ғулом нашриётида ишламоқда.
* * *
Бу кечмиш
кечмоқда менинг ичимда.
Бир ўзим бебахтман,
бир мен бахтиёр.
Мени тушун десам,
Асло тушунма.
Кел десам, келма, ёр.
Туман – ҳарир ридом,
болишим – суҳо.
Шафақ изларингга
кўзларим хумор.
Майлига бил буни,
майлига билма,
Сен фақат, келма, ёр.
Бир ғулу… бир қўрқув…
титроқларини
кўтаролмас дилим,
кўтарган бир бор.
Йўқотмаслик учун
топмайин сени,
Кел десам, келма, ёр.
* * *
Келди эртак! Келди эртак!
Сибизғангни чал шаббода,
Ноғорангни ҳам чал так-так,
Кўкдан ёғилмоқда бода:
Чак-чак-чак.
Бу борлиқ маст.
Йўқлик ҳам маст.
Гандираклаб юрар йўллар,
Бир-бирига борар улар.
Чирмовуқдай чирмашмоқда
Чип ёпишиб бирлашмоқда
Ўнгу сўллар,
Йўллар, излар…
Қандай айриламиз бизлар?
Қандай айриламиз бизлар?!
* * *
Мени куйла, олам,
мен бир қўшиқман –
Ҳар сатридан
юз юрак унган.
Чалгин мени,
мен бир мусиқа –
Томирларга
жон бўлиб инган.
Яша мени, олам,
яша, ҳаётман –
жувонмарглар
кўзида қотган.
Сипқор тўйгунингча
мен бир нафасман –
ошиқларнинг
жонини ёққан.
Олам, ҳайқир мени,
мен ҳайқириқман –
Ҳақпарастлар
кўзида балққан.
Йиғла мени,
шаффоф кўзёшман –
Мағрурларнинг
бўғзига оққан.
Манглайларга битилган
сирли
тақдирдирман,
кўн менга, олам.
Мени тингла,
мен бир одамман,
Ҳалиям дунёга келмаган
Одам…
СОЯ
Биз яшаган умр
сенинг умрингдир,
Ҳали яшалмаган
умр меники.
Биз юз бурган йўллар
сенинг йўлингдир,
Излаб топилмаган
йўлдир меники.
Сеники пушаймон
ҳамда тантана.
Шунингдек, табассум ва
йиғи саси.
Сенинг ғуссанг эрур,
сенинг қувончинг,
Чеккан, туйганимиз
ҳамма-ҳаммаси.
Бари берганимиз
сенинг дилингдир.
Ҳали сарфланмаган
кўнгил меники.
Биз яшаган умр
сенинг умрингдир.
Яшаб улгурмаган
умр меники.
* * *
Бир сўз топ.
Майли, қалқимасин
замину осмон,
Оёққа турмасин халқ.
Тошюрак кўзига
тепчимасин ёш,
Бир сўз топ ҳақ!
Ҳақ сўз топ
Ва шивирлаб айтгин.
Йўқ, айтмагин,
бўғзингда қотсин.
Бўғзингга сиғмаса,
сиғмаса,
Майли,
майли ичингда ётсин.
Фақат топ,
Ҳақ сўз топ!
* * *
Сенинг бошинг тошдан, одамзод,
Сен чидайсан,
қўрқмай қарайвер.
Қара, осмон қандай ложувард,
Тонг қанчалар мусаффо!
Қара, ичиб қўйсин кўзларинг,
Қандай гўзал рақс тушар сабо!
Қўрқма, қара,
етар бардошинг.
Ахир, тошдан-ку сенинг бошинг.
Фақат…
кўнглинг недан, билмайман…
* * *
Чиқиб кетаяпман ўзимдан, мана.
Ҳамма эшикларни беркитиб қўйдим.
Айниқса,
маҳкамроқ қулфладим кўнгилни.
Калитини топширдим сенга,
Очмагин уни!
Айтарли ҳеч нима йўқ унда.
На Мажнун саҳроси,
на Тоҳир дарёси.
Бир четида жимгина яшайди
Севиб-севилмаган аёлнинг
умидли дунёси.
Қўй, бу йўлга юзингни бурма…
* * *
Мен келдим!
Узиб оёғимга чирмашган йўлни,
Ўз-ўзимга йўлдай тўшалиб.
Хазондай илиниб, майсадай кўклаб,
Тоғлардай юксалиб, ушалиб…
Дунё бўлиб келдим, дунёдан кечиб,
Сўзга айланганман ютиб сўзимни.
Нима бўлсам бўлдим,
мен келдим, ахир,
Топиб бер ўзингни!
Топиб бер ўзингни!
* * *
Булоқ ўз дардида қайнаётганди,
Бинойидай сайраб турувди қушлар.
Уларни тинчгина тинглаётгандим,
Сиз деб ғойиб бўлди товушлар.
Нега гапирмайсиз? Аччиқланмайсиз?
Кулинг! Ажабланиб қаранг камида.
Индамай тинчимни бузяпсиз ахир,
Шовқин кўтаряпсиз ими-жимида.
* * *
Ўшал тонг ҳар бир сас мусиқа эди,
Рақс эди ҳар бир ҳаракат.
Хўроз қичқирмади, қўшиқ куйлади,
Жўр бўлишди ёмғирлар, йўллар.
Тўпланишиб роса ўйнади
Шамоллар, хазонлар, гуллар…
Кўкрак қафасидан мўралаб туриб
Чапак чалиб юборди юрак.
Ва ҳаммани оғзига қаратиб,
Бошлади биз ҳақда муродбахш эртак:
“Ўшал тун ҳар бир сас мусиқа эди,
Рақс эди ҳар бир ҳаракат…”
* * *
Мен – эркин қуш,
сен – чексиз осмон,
Қанот қоқсам,
ҳар тараф Сенсан!
Айт,
Жонимиз қолгайми омон,
Кенг бағрингда бир яйраб учсам?
Ёмғир, дўллар,
бўронлар асов,
қизғаниб
иш тиндирмайдими?
Мени сенга элтувчи
манов
қанотларим синдирмайдими?
Ё қалбингни
қиздирган қуёш
Мен ўртансам,
куйиб кетмасми?
Танга сиғмай
чирпирак учсам,
Жонгинангга зиён етмасми?
Қанот қоқсам,
ҳар тараф Сенсан!
Ерга қўнсам,
қолгаймиз омон.
Лек учмайин
қандай яшайман?
Ахир қушман, Сен эса осмон…
* * *
Юрагимни юлқиб олиб,
Ўйна, шамол,
ўйна, шамол!
Чертиб кўргин,
отиб кўргин,
Уйғот! Уйғотиб юбор!
Кўксим узра пуфла, шамол.
Пуфла,
ёнсин учқуни.
Тортқилагин,
юлқилагин,
Тарқаб кетсин тугуни.
Кетма, шамол,
жоним шамол.
Тутиб бергин бугунни.
Бас қилайин ахир энди
ўттиз йиллик тушимни.