Охунжон Ҳаким 1935 йил 20 февралда Фарғона вилоятининг Лоғон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (2006). Фарғона давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган (1956). «Достонлар» (1970), «Кўлларим кўксимда» (1976), «Тафаккур боқий» (1982), «Ватан қасидаси» (1984), «Ўшал кун келур» (1990), «Кўзларингни ўзи қаро» (1992), «Қизлар хаёл сурсалар» (1995), «Муҳаббатни кўзлардан изланг» (1996), «Малаклар сурати» (2004), «Дунё, дунё…» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Насрий асарлари ҳам бор («Баҳор ҳиди», 1971; «Бургут ҳамласи», 1972). «Кўш кабутарлар» (2001), «Бақироқ туянинг тушлари» (2003), «Бу чоллар ёмон чоллар» (2004) каби пьесалари республика театрларида саҳналаштирилган. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган (1998).
ДУНЁ
Сўзим тингла, дунё, бир муддат,
Бунчалар ҳам ишларинг ғалат.
Яхшиларни ғамларга кўмиб,
Ёмонларга қилдинг мурувват.
Тарозингни қандоқ қўёсан,
Бир кам дунё, бир кам дунёсан?
Нокасларни бор киладирсан,
Кимки ҳақсўз – хор қиладирсан…
Эгриларга эшмисан, сўзла,
Нечун ғалат кор қиладирсан?
Кимни хўрлаб, кимни суёсан,
Бир кам дунё, бир кам дунёсан?
Бўлса агар кўзларинг очиқ,
Қилмишингга бир-бир боқиб чиқ.
Каззобларнинг жони роҳатда,
Яхшиларнинг кўксида санчиқ…
Қадамингни қандоқ қўёсан,
Бир кам дунё, бир кам дунёсан?
Ҳайратдаман: наҳот мудроқсан,
Ҳақ йўлидан наҳот йироқсан?
Ё кўзларинг кўр санинг ёки
Бошдан-оёқ йўли тайғоқсан.
Ноҳақликка наҳот уёсан,
Бир кам дунё, бир кам дунёсан?
Дунё бўлсанг, кенг бўлгин, дунё
Ва барчага тенг бўлгин дунё.
Ҳаммага ҳам бир кўз ила боқ,
Кел, ишлари ўнг бўлгин, дунё!
Энди етар бўлма рўёсан
Ёруғ дунё, ёруғ дунёсан!
ЖОН НИМА
Гар висол бўстонида кезмас эсам
Ва муҳаббат баҳрида сузмас эсам,
Ёр нафасин ҳар нафас сезмас эсам,
Бу ёруғ дунё нима, зиндон нима?
Ул сузук кўзларга ҳар кун боқмасам,
Мисли Фарҳод, мисли Мажнун боқмасам,
Шавқи ишқида симобдек оқмасам,
Мен учун саҳро нима, бўстон нима?
Тингламас эрсам санам овозини,
Сўзламас эрсам кўнгилнинг розини,
Кўрмасам ҳар лаҳза ишва, нозини,
Ҳавзи кавсарлар нима, тўфон нима?
Ҳар куни дийдор шаробин ичмасам,
Қат-бақат кўнгил тугунин ечмасам,
Туну куним ёр қошида кечмаса,
Мен учун оғу нима, қимрон нима?
Ёрсиз ҳижронда кечса онларим,
Қолсалар армон бўлиб армонларим,
Гар саробга учраса карвонларим,
Мен учун дўзах нима, даврон нима?
Э, фалак, Охун оҳига тут қулоқ,
Айла кўнглимни мунаввар, ёқ чироқ,
Менга даф айлар эса ёлгаз фироқ,
Не қиларман жонни, менга жон нима?
ҲАМРОЗ БИЛАН
Сўзламоқ эрсанг гапингни бежама пардоз билан,
Келса ким қошингга боққил эътибор, эъзоз билан.
Жисму жонинг бирла тингла дўсту ёрлар суҳбатин,
Инсон инсондир ҳамиша ҳамфикр, ҳамроз билан.
Тома-тома кўл бўлармиш, эл аро бордир нақл,
Бир бугун олам яралмиш кам-каму оз-оз билан.
Ўз камолингга ўзинг сен посбону соқчи бўл,
Ҳокисору хор этма улфати носоз билан.
Крлма олтин тоғи бирла, қол саодат истасанг
Одамийлик деб аталмиш бебаҳо мерос билан.
Йўқ, умр йўли узунмас, зое кеткурма уни
Қайдаги нокасу номард, қайдаги вос-вос билан.
Рост дединг умринг бўйи, бошингни мағрур тут яна,
То абад, Охун, жонингни боғла маҳкам рост билан.
НИМА ҚОЛДИ…
Ортингдан, қани, ўйла-чи бир он, нима қолди?
Хирмон қолдими, қолдими тўфон, нима қолди?
Инсон боласи олгай нафас орзу-ҳавас-ла,
Шодлик қолдими, қолдими пушмон, нима қолди?
Одам қўлини гул дейдилар, сўйла-чи сандан
Вайронами ё қолдими бўстон, нима қолди?
Сенга ҳукмини ўткарур не: ҳирсми, диёнат?
Не қолди сендан: тилломи имон, нима қолди?
Инсон ҳаёти ёниб ўчар нурга баробар,
Нур қолдими сендан, зимистон, нима қолди?
Не қолди сендан деб сўрса юрт, бир кун, Охунжон,
Бошингни эгиб, ўксима нолон, нима қолди?
КЎКРАГИДА ОРИ БОР…
Гулга қўлингни чўзма, ҳай-ҳай, гулнинг хори бор,
Демакки, ҳар ғунчанинг соҳибу ғамхўри бор.
Муҳаббатга магарким боқар эрсанг беписанд,
Қаддинг букарга қодир зарби-ю залвори бор.
Нор йигит бўлгин вале қўлинг кўкракка урма,
Сендан устун жаҳонда йигитларнинг нори бор.
Чин муҳаббат биноси зар ила қад тикламас
Етгай чин маҳбубига зари эмас зори бор.
Номардлар самоларда юрса ҳамки хасга тенг,
Элда азиз, мукаррам, чин аҳду қарори бор…
Охунжондан рафиқлар бойлигинг на деб, сўрса,
Дерман: бошида дўппи, кўкрагида ори бор!