Отаёр (1947-2004)

Отаёр (Наханов Отаёр Ибрагимович) 1947 йил, 19 январда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманига карашли Қорахитой қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1993). ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1972). Биринчи шеърий тўплами — «Ишқим баёни» (1975). «Лоларанг эртак» (1978), «Ўша кўзлар» (1984), «Оқ фасл» (1989) каби шеърлар китоби нашр этилган. «Дўмбира» (1980) достони ҳам бор. «Қуёшни кўргани келдим» (1991), «Дунёга тенгдош хазина» (1994), «Одамлар учун яшайман» (1979) каби эссе ва очерклар тўплами муаллифи. А.Томмсааренинг «Дўзахдан чиққан янги шайтон» романи, фин эпоси «Калевала»нинг болалар учун мувофиқлаштирилган насрий вариантини ўзбек тилига таржима қилган. 2001 йил 7 январда Тошкент шаҳрида вафот этган.

* * *

Бир кун кетгум мангу уйқуга,
Тупроғимга синггум бегумон.
Берилмасман ортиқ туйғуга,
Унут бўлар яхшию ёмон.

Тебрангумдир майсами бўлиб,
Ё ўлканинг алвон лоласи…
Ё қувлашиб, қийқириб-кулиб,
Топтаб ўтар бир тўп боласи.

Рашкингни қўй сен ҳам, малагим,
Кўз тутмасман илтифотишта…
Лаҳзанг бахтли кечган маҳали
Олиб қўйгил бирров ёдингга.

Қўйгил, сен ҳам мотамни, дўстим,
Руҳим озор чекмасин десанг.
Биз-ку, эзгу маслаклар кўксин
Безаб ўтдик, босмасин деб занг.

Ўғил-қизим, қароғим-кўзим,
Кипригимда ялтираган нам.
Неваралар – ўзим-юлдузим,
Чарақлангиз осмонимда шам.

Келтирганда руҳимга оят,
Эслаб қўйинг отам-онамни.
Улар ёдин севдим бағоят,
Ёритдилар улар хонамни.

Бир хонаки, ёвга тор бўлсин,
Ҳеч сўнмасин шодлик, қўшиқ, ўй.
Шу ўлканинг куни бор бўлсин,
Узилмасин мен бошлаган куй.

БАҲОР ШАМОЛИГА

Баҳорни елкамга ортқила шамол…

Измингда чайқалган лоларанг чаман
Тинчимни бермайин кўрсатсин жамол
Шудрингли чаманни қўмсаб қучаман,
Саҳарлар уйқумдан бедор эт, шамол!

Майлига, лолалар хаёлим олиб,
Ҳур қизлар базмини эсимга солсин:
Майлига, қоқинсам ҳовлиқиб, толиб…
Кўкатларнинг ранги тиззамда қолсин..

Шудринг жилосида нигоҳим қотиб,
Тонглар ҳикматидан англайин рўё.
Тонгларим шундайин беором отиб,
Майли, гўзалликка бўлай маҳлиё.

Чеҳрамга лолалар жилоси кўчиб,
Шундай карши олай қуёшни ҳар кун.
Янги кунни алқаб, баҳорни қучиб,
Шудринг-ла ювайин майсалар гардин.

Майли, сен ҳам – шамол, қаршимдан эсиб,
Лолалар атрини уфур, энтикма…
Мен чўққида ёнган лолаларни деб,
Янги сўқмоқ солиб интилай тикка…

Қизлар этагини тортқила, шамол,
Атлас жилосидан кўзим қувонсин.
Баҳорни елкамга ортқила, шамол,
Вужудим лолалар қўйнида қолсин!..

МУҲАББАТ МАНТИҒИ

Во ажаб, ихтиёрим олдингу бошдан ўзинг,
Не сабаб бўлдинг яна сийнаси тошдан ўзинг?

Айт, муҳаббат, даставвал ул сулувни суйдириб,
Сўнг нечун этдинг нари ул қаро қошдан ўзинг..?

Илтифот қилгил, санам, чертма ҳижрон торини,
Қалбима оташ қалаб, ташладинг дошдан ўзинг.

Бормиди ҳеч мантиғи бу муҳаббат зорининг,
Қалбга қўнган бахт қушин ҳайдама бошдан ўзинг.

Мисли гул шабнамдаги кулгичингда дона хол,
Асрагил кулгуларинг, ювмагил ёшдан ўзинг.

Отаёрга сен нечун ишқ бериб, оташ бериб,
Не сабаб бўлдинг яна сийнаси тошдан ўзинг?