Ошиқ Эркин (Эркин Мадраҳимов) 1937 йил 7 майда Хивада туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факулътетини тугатган.
Ошиқ Эркиннинг 30 га яқин бадиий ва публицистик китоблари нашр этилган. Жумладан, “Иқбол”, “Оҳулар”, “Йилга татиган бир тонг”, ”Ёлғоннинг умри қисқа”, “Пўлат ва унинг бобоси”, “Тиллақуш”, “Меҳринг тушди юракка”, “Азим дарё”, “Ўлгунча сизни дерман”, “Ишқинг тушди юракка”, “ Мужгонингга салламно” каби китоблари шеърият ихлосмандларига яхши таниш. Ошиқ Эркин “Шуҳрат” медали ҳамда “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланган. 2023 йил 25 февраль куни вафот этган.
ЛО ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ
Не жамол бу, не камол бу, ло илаҳа иллаллоҳ,
Не қамар бу, не ҳилол бу, ло илаҳа иллаллоҳ.
Лаълидин жон истасам мен жон олар ул бегумон,
Не афсун бу, не зилол бу, ло илаҳа иллаллоҳ.
Солланиб севги шаҳрини қиёмат-қойим этган
Не қомат бу, не жамол бу, ло илаҳа иллаллоҳ.
Бир йўл кўриб ҳусни олин, лол қолур аҳли тараб,
Не ҳикмат, не қийлу қол бу, ло илаҳа иллаллоҳ.
Кўзларингни ўйнатур гул чеҳрада гулгун менги,
Не нуқра, не кумуш хол бу, ло илаҳа иллаллоҳ.
Ошиқ Эркин, ёр жамолу камолига садқа жон,
Не санъат бу, не аъмол бу, ло илаҳа иллаллоҳ.
ИШҚ АРО ҚЎЙСАНГ ҚАДАМ
Ишқ аро қўйсанг қадам куймакдин ўзга чора йўқ,
Ўртаниб ҳижрон аро ўлмакдин ўзга чора йўқ.
Ишқ сени ўтдан олиб, ўтларга отгай бир умр,
Бўлсанг-да гар дев – нотавон бўлмақдин ўзга чора йўқ.
Бул чаманга гуркираб, яшнаб кириб, охирида
Сорғариб бир гул каби сўлмакдин ўзга чора йўқ.
Дарди кўп, дармон йўқ, бераҳм севги азал,
Кўйида Мажнун бўлиб юрмакдин ўзга чора йўқ.
Севги султони мудом шоҳдин буюкдир, олдида
Дамда минг таъзим қилиб турмакдин ўзга чора йўқ.
Ошиқ Эркин, ишқаро кирдингми, бас, қайғурмагил,
Мард бўлиб бу йўлда отсурмакдин ўзга чора йўқ.
ҲОТАМ ЭРСАНГ
Ҳотам эрсанг ҳимматинг элга аён бўлғай сенинг,
Шуҳратинг овозаси ҳам бепоён бўлғай сенинг.
Айлагил юртга нисор Ҳақберган ул ганжинани,
Минглаган тилда мудом мадҳинг баён бўлғай сенинг.
Бевафолиқ айласанг гар ошинога паст кетиб,
Бил, рақибга айланиб, дўстинг чаён бўлғай сенинг.
Ғайри бир йўллар ила қилма мурод бойликни сен,
Буйла нопок топганинг ўзга зиён бўлғай сенинг.
Тиқмагил оғзингга бирдан иккала панжангни ҳам,
Дўсту ёринг зумда ёнингдан қуён бўлғай сенинг.
Гар садоқатли эсанг ишқу муҳаббатда мудом,
Бир умрга маҳвашинг ғунчамиён бўлғай сенинг.
Топганинг юртинг ила ҳотам бўлиб кўргил баҳам,
Эл аро одамлипинг шунда аён бўлғай сенинг.
Бўлмағил қул, Ошиқ Эркин, заррадунё молига,
Ўйла, умринг сўнгида йўлинг қаён бўлғай сенинг.
ҚИЙНАЛМАСИН
Севсангиз жондан севинг, сўнгида жон қийналмасин,
Бемеҳрга дуч келиб, бир меҳрибон қийналмасин.
Ҳеч бир ошиқ куймасин ишқ ўтида девонавор,
Унга ёр бўлсин садоқат, ҳеч қачон қийналмасин.
Севги бўстони вафо бирла безансин бир умр,
Тушмасин боғга ғубору, боғбон қийналмасин.
Сен кўтар осмон қадар ёрни муносиб бўлса гар,
Кетса оҳ чексин замину осмон қийналмасин.
Биз-ку меҳмон бир-бировга, хонадондур бу ватан,
Бир-бировни қийнамайлик, хонадон қийналмасин.
Соҳиби шондур муҳаббатда вафоли бўлса ёр,
Ёрга бахт бахш айлаган соҳиби шон қийналмасин.
Ошиқ Эркинга ўзинг жону жаҳонсан, дилбарим,
Қийнама, бир мен эмас — жону жаҳон қийналмасин.
МЕН СЕНИНГ ЖОНИНГ БЎЛАЙ
Сен менинг жонимни олгин, мен сенинг жонинг бўлай,
Қадди-бўйинг-чун, нигоро, дамда қурбонинг бўлай.
Бахтли қисматдур висолга ўртаниб етмоқ азал,
Қилма тарк ҳижрон азобин, маҳваш, ҳайронинг бўлай.
Бу шараф йўлида фарз мендан мурод, сендан карам,
Васлингга етказ, висол кўкида комронинг бўлай.
Мен сенга содиқ, вафодор, сендан менга сарви равон,
Лутф қилғил, бир умрлик танда дармонинг бўлай.
Сен менга хуршиди тобон, лаъли хандон бўл мудом,
Мен сенга достон битай, содиқ ғазалхонинг бўлай.
Йўлларимда сен гулу райҳон бўлиб қилғил хиром,
Йўлларингда, Ошиқ Эркин, меҳри рахшонинг бўлай.
ЖОНИМА НАШТАР ҚАДАРЛАР
Жонима наштар қадарлар нозанин ёр кўзлари,
Жона офату балодур жоду, хуммор кўзлари.
Меҳру шафқатлар тилаб кўп иштиёқин тортарам,
Меҳру шафқат ўрнига бергуси озор кўзлари.
Билмадим пайкарми ё, ақлинг олувчи сеҳри бор,
Билмадим, лек бир қарашда қилди бемор кўзлари.
Бир карам қилгин дедим, учраб дадил мен бир йўли,
Бир қараш бирла қочирди кўп ситамкор кўзлари.
Қўрқаман айлаб жасорат ой юзига боққали,
Қўрқаман, кўз ўтим олган ўша хунхор кўзлари.
Хушламас гар гул эсанг ҳам гулсифат райҳоналар,
Хушламас Эркин сени ҳеч ўша дилдор кўзлари.
СЕВДИМ ДИЛОРОМИМНИ
Дўстларим, кўнгил қўйиб севдим дилоромимни ман,
Эл кезарман ёди бирла йўқлаб оромимни ман.
Қочгай уйқу кўзларимдан соғиниб тун-кечалар,
Ухламай кундузга бердим кўп ширин шомимни ман.
Қилмангиз айб, дўст-у ёрлар, мен уни Ширин десам,
Севгимиз достон этай, Фарҳод қўйиб номимни ман.
Йўқ поёни завқу шавқим, сипқориб сармаст бўлай,
Лаблари болига тўлган лолагун жомимни ман.
Ишқимиз пок чашмасидан баҳра олсин ўзгалар,
Шул эрур истак, сўрай жавлон уриб комимни ман.
Нола қилмас Ошиқ Эркин, дил тўла меҳри вафо,
Ёд этарман ҳар қадамда сен дилоромимни ман.
СЕНИ КЎРГИМ КЕЛАВЕРАДИ
Эй, барчадин хуш кўрган дилдор,
Не сеҳрингу не хислатинг бор?
Оғушимда такрору такрор…
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.
Жамолингдан ҳайратда замон,
Лаби ғунча, қошлари камон,
Қанот боғлаб висолинг томон
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.
Меҳри дилим дарёдай оқиб,
Рақибларнинг ичларин ёқиб,
Ҳар чаккангга бир-бир гул тақиб,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.
Ишқ чаманим бўлар сўлгудай,
Қийналаман Мажнун бўлгудай,
Бир кун кўрмасам-да ўлгудай,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.
Ёритдинг деб туну кундузим,
Мос келди деб, қоши қундузим,
Порлоқ юлдузингга юлдузим,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.
Ўзганинг садқаси кетай деб,
Жоним, севгим туҳфа этай деб,
Орзуйимга бирга етай деб,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.
Икки чеҳранг мағзи чиройинг,
Бири қуёш, бириси ойинг,
Қўймай тортиб оҳанрабойинг,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.
Таралиб сендан мушки анбар,
Димоғларим айлар муанбар,
Кўксим аро ҳар шому саҳар
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.
Қайда бўлсанг дарёдай тошиб,
Тоғу денгиз, саҳролар ошиб,
Ошиқ Эркин, жайрондай шошиб,
Кўнглим қушдай елаверади —
Сени кўргим келаверади.
МУҲАББАТИМНИ
Қўшиқ этиб куйларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.
Эллар кезиб сўйларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.
Қўшиғимнинг алвон байтлари,
Қуёш бўлиб сочарлар зиё.
Тонглар бедор сўйларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.
Сайёралар лол қолур, ҳатто,
Жўшқин дилим наволаридан.
Инон, достон айларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.
Юрагимдан заррин нур олиб,
Чарақлагай сўлим оқшомлар.
Мангу дилга жойларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.
Чаманларда этайлик сайрон,
Вафодорим, бергил қўлларинг.
Изҳор этмай найларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.
Ошиқ Эркин, юрагинг машьал,
Садоқатинг қуёшдек ёруғ.
Қайнаб-тошиб куйларман, санам,
Сенга ёниқ муҳаббатимни.
НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАСЛАР
* * *
Дилга малҳам жилвагарлик дема бир қошиндадур,
Не малоҳат, билмам, ул, асрори-наққошиндадур,
Айланур ҳар лаҳза бошим, неки, сир ошиндадур,
Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур.
Этса гар қошима ташриф бўлгай аҳбоб беқарор,
Тўлғанур сарв зил кетиб, ҳар лаҳза бўлгай шармисор,
Мардуми ошуфталарким, боққай анга интизор,
Деса бўлғайким, яна ҳам ўн саккиз йил ҳусни бор,
Ўн саккиз ёшинда мунча фитнаким бошиндадур.
Ҳусн мулкин сарвари ул, боқса ағёр-ўлдурур,
Бори сунбул хилқатин андишадин чун сўлдурур,
Тутма ёқа Лайливаш паймонаси гар тўлдурур,
Ўн саккиз йил дема, юз саксон йил ўлса, ўлдурур
Ҳусн шоҳи, ул балоларким кўзу қошиндадур.
Учса учгай ақлу ҳушлар, ким анга бўлса дучор,
Чашми гирёнига тонг йўқ, чулғамиш жисмин шарор,
Майли, кез жумла-жаҳонни, учрамас бўйла нигор,
Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки бор,
Барчаси эзид таоло сунъ наққошиндадур.
Меҳру рахшонлар сочилмиш ёрнинг анвар кўнглидин,
Ишқ булоғи жилва айлар дамда кавсар кўнглидин,
Меҳрибонлик жойе тутмиш анинг зевар кўнглидин,
Тан анга симу ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлга юз ҳайрат ул ойнинг ичу тошиндадур.
Даҳр аро, эй, сенча бўлмас, йўқ парирухсор фасиҳ,
Лаъли рангину шакарлаб-бўйла тенгсиз бир малиҳ,
Ул сарв қаддингни дермен кўп сабихлардин сабиҳ,
Май кетур, эй муғки юз ҳайрат аро қолмиш масиҳ,
Бул ажабларким, бу эски дайр хуффошиндадур.
Ошиқ Эркин, тўкдинг ул гул ҳасратидин наҳри ашк,
Дийданг узра маҳвашинг маломатидин заҳри ашк,
Тийра кўнглингга инар жароҳатидин даҳри ашк,
То Навоий тўкди ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон, боқсанг, қуёш акси анинг ёшиндадур.
* * *
Ёр адосинму дейин, жонға жафосинму дейин,
Беҳаёсинму дейин, ҳар дам изосинму дейин,
Тўтиёсинму дейин, менга низосинму дейин,
Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин,
Кўнглима ҳар бирининг дарди балосинму дейин?
Меҳри наҳринму дейин, дур тўла баҳринму дейин,
Ё гули насринму дейин, озода қасринму дейин,
Ҳурдай аслинму дейин, офат ё наслинму дейин,
Кўзи қаҳринму дейин, кирпики заҳринму дейин,
Бу қудурат ичра рухсори сафосинму дейин?
Дамда зардинму дейин, гоҳ ўйнар нардинму дейин,
Болиши пардинму дейин, хилқати зардинму дейин,
Қаноти фардинму дейин, урди жигардинму дейин,
Ишқи дардинму дейин, ҳажри набардинму дейин,
Бу қатиғ дард аро васлининг давосинму дейин?
Нурли шоминму дейин, меҳру коминму дейин,
Олий мақоминму дейин, дилбар саломинму дейин,
Этгани роминму ё пинҳона номинму дейин,
Зулфи доминму дейин, лаъли каломинму дейин,
Бирининг қаддин, яна бирининг адосинму дейин?
Оби зилолинму дейин, лаб тўла болинму дейин,
Яхши ҳолинму дейин, қоши ҳилолинму дейин,
Ўн саккиз солинму дейин, гоҳ-гоҳ малолинму дейин,
Турфа холинму дейин, қадди ниҳолинму дейин,
Мовий кўнглак узра гулрангги қабосинму дейин?
Юзи ранггинму дейин, гоҳ кўнгли сангинму дейин,
Анга таҳсинму дейин, эли анинг Чинму дейин,
Ё меҳри ганжинму дейин, гуфтори ширинму дейин,
Чарх ранжинму дейин, даҳр шиканжинму дейин,
Жонима ҳар бирининг жавру жафосинму дейин?
Ошиқ Эркин ёрни ёлғиз ўзининг васфини айт,
Жонингга ором бахш этар ё сўзининг васфини айт,
Ҳуру ғилмондек юзи қирмизининг васфини айт,
Эй Навоий, дема қошу кўзининг васфини айт,
Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин?
* * *
Бермайин кут деб хабар, ғунча даҳоним келдиму,
Жоним ичра бир жаҳон, жону жаҳоним келдиму,
Бошдин-оёқ покиза дур, қоши камоним келдиму,
Гул сочар ел боғ аро, сарви равоним келдиму,
Жон иси гулдин келур, ороми жоним келдиму?
Кўнглим ошуфта эди келдимму дуч деб золима,
Раҳм этар деб бир кун ул шояд ғариб аҳволима,
Ўз-ўзимга деб неча нозиктарингдин нолима,
Беҳуд эрдим айтгали кўнглум, чу келдим ҳолима,
Айтинг ул оворайи бехонумоним келдиму?
Дер эдилар: куйгайсен берсанг юрак жононаға,
Ўзига қўйган бино ҳам кўзлари мастонаға,
Қўймаса дердим қадам мен йўқда ул остонаға,
Қолмиш эрди хаста жон, кирганда мен майхонаға,
Англомонким, ул заифи нотавоним келдуму?
Қилган эрдик аҳду паймон бирга даврон сургали,
Ваъдамизда то қиёмат танда жон бор-тургали,
Қарслар уриб ишқ боғида базми Жамшид қургали,
Демангизким келди маҳвашлар сени ўлтургали,
Муни денгким, қотили номеҳрибоним келдиму?
Улки, ваъда берди келмакка-сабиҳлардин сабиҳ,
Гуфторлари жон озиғи, гўё набот янглиғ малиҳ,
Айро эрса йўл агарда на кабоб куйгай, на сих,
Ҳажрдин ўлдум демангким, бошинга келмиш Масиҳ,
Айтинг ул осойиши руҳи равоним келдиму?
Имтиҳонидин анинг бир неча йўл ўтдинг, валек,
Неча кунлаб, ҳафталаб ҳажрида қон ютдинг, валек,
Тунларни тонгларга улаб, ҳақ дея кутдинг, валек,
Кўюнга ушшоқ келгандин хабар туттинг валек,
Демадинг ул зору беному нишоним келдиму?
Ошиқ Эркин ошиғим, деб, ёр, назарға илмадинг,
Неча қилдим яхшилик, мингдан бирини билмадинг,
На таккалум айладинг ва на тараҳҳум қилмадинг,
Зуҳд кўйига кўнгул бирла дедингким келмадинг,
Эй Навоий, неча айтиб ул ёмоним келдиму?
* * *
Эл азалдан яхшиларни бир умр ёд айлагай,
Феъли ёмонлар дастидин доду фарёд айлагай,
Халқ ғами йўлида ҳақ мардларни Фарҳод айлагай,
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Ҳуши борлар аҳли ориф олдидин ўтмас кеса,
Мен ўшалнинг бандаси – гар юрт ғамини ким еса,
Бир умр эъзозда, дўст-ёриға ким содиқ эса,
Гарчи хақ озодасимен, ёр агар бандам деса,
Андин ортуқ англаким бир банда озод айлагай.
Ёрингизни, аҳли ушшоқ, қилмангиз қаддини нун,
Берсангиз озор анга қайтарғай албат чархи дун,
Гар урунсанг ҳамки, эй дўст, аввал, маҳваш деб урун,
Ёрдин ҳар кимки бир сўз дер, туганмасдин бурун
Истарамким, аввалидин яна бунёд айлагай.
Эл билар, ишқсиз яшай олмас на шоҳу на гадо,
Дилбари йўлида қилғай барча жонини фидо,
Ошиқу маъшуқани бежиз яратмадур худо,
Ёр ҳижронидин ўлгумдир бу навъ этмиш сазо,
Ул кишигаким, бировга ўзни мўътод айлагай.
Яхшидир умринг кечирсанг, меҳри вафоли моҳ ила,
Алхусус, бўлмас яшаб ҳардамхаёл, гумроҳ ила,
Ишқ аро ким ҳам, ахир, дилдор талашгай шоҳ ила,
Неча сабр арвоқи ёзгай кўнглиму бир оҳ ила,
Сарсари ишқинг етиб борини барбод айлагай.
Ёр агар дилхуш, кўзига тўтиё айлар бани,
Сарбасар озодаву сутдай ҳалол эрса тани,
Оқил эрса барчанинг ёрга фидодур маҳзани,
Шайхдин зуҳди риёси касб ўлур, ё раб, қани.
Дайр пириким, фано расмини иршод айлагай.
Одаму Ҳаво наслининг зурёд эрур хос меваси,
Улки истар бўлмоғин ҳам одамийваш теваси,
Боқий бу ҳикматни билур Марву Бухоро, Хеваси,
Одам авлодида камдур одамийлик шеваси,
Одам эрмас улки, майли, одамийзод айлагай.
Беҳад ёмон жони ҳалак ҳар кимга чекса тиғи ҳажр,
Ҳар пари-пайкар, малак ҳар кимга чекса тиғи ҳажр,
Зулфи-тори жамалак ҳар кимга чекса тиғи ҳажр,
Не балодурким, фалак ҳар кимга чекса тиғи ҳажр,
Ёнгилиб, аввал, менинг жонимға бедод айлагай.
Ошиқ Эркиннинг, сенга, кўнглини бергандан бари,
Истамас кўрмоқ сени дийдасин олдидин нари,
Олмас дилдор пойидин бош ҳуши бор ёшу қари,
Беша ичра девлар мақтули бўлсун, эй пари,
Гар Навоий ёна азми Астрабод айлагай.