Ортиқжон Жўраев (1944)

Ортиқжон Жўраев 1944 йилда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида таваллуд топган. Кўпдан буён бадиий ижод билан шуғулланиб келади. Шоирнинг “Чўл фарзандиман”, “Буюк карвон изидан”, “Йиллар туйғуси”, “Юксак юлдузлар жилоси”, “Нур йўли”, “Шу кунлар умиди”, “Чаман ичра чаманга йўл”, “Гул бўйи”, “Марваридлар шодаси” сингари қатор шеърий тўпламлари нашр қилинган.

ЎЗБЕК МЕНИНГ МИЛЛАТИМ

Мен бир дарахтдирман,
Менинг илдизим,
Шу юрт, шу тупроқнинг қати-қатида.
У омон – мен омон,
Кўрамиз тўзим,
Бу бирлик – тақдирнинг илк дасхатида,
Мен бор – диёрим бор,
Шу юрт бор – мен бор,
Унинг саодати порлоқ саодатим.
Бу хислат қалбимда мудом барқарор,
Юртга мангу содиқ – ўзбек миллатим.

* * *

Қўй, бу куй таърифин топмоғинг маҳол,
Дерлар: ишқ куйида ёнган бир ошиқ.
Кўз ёши кўл бўлиб, унга бемажол,
Ғарқ бўлмиш маъшуқа васфига интиқ.

Шу кўлда етилган қамишдан чўпон,
Най ясаб лабига тутгандан титроқ…
Ошиқ қалбидаги бепоён армон,
Ҳавога таралмиш,
бу – “Чўли ироқ”.

* * *

– Кезасан кун бўйи хазонлар ичра,
Чинорлар тагида турасан ҳар дам.
Ситам қилган каби дилдаги яра,
Не учун тутоқиб “уф” тортдинг, одам.

– Ўтган кунларимнинг дилрабо они,
Хаёли шу жойга бошлади, нетай.
Ахир болалигим, ёшлигим қани,
Қайси манзилларда мен уни кутай?

АЛ-БУХОРИЙ

Дейдилар: улуғлар мангу барҳаёт,
Бу бир афсонамас, қадим ақида.
Англадимки, ҳикмат экан ҳақиқат,
Ўйлайвериб ал-Бухорий ҳақида.

Шунчалар бўлмаса мўътабар, азиз,
Авлодлари унга қуриб кошона…
Ҳурматларин юксак тутармиди ҳеч,
Пойи қадамига гул экиб яна.

Шу муҳаббат билан узоқ-яқиндан
Келиб, барҳаётлик сеҳрин англайди.
Дили шуълаланиб абад ёлқиндан,
Улуғ зотнинг қиссаларин тинглайди.