Ориф Тўхташ (1976)

Ориф Тўхташ 1976 йилда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. “Ғунчалар табассуми”, “Қуёш йўли”, “Кўнгилга ташриф” ва “Ватан атри” номли китоблари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

ҚИШЛОҚ

Ҳуснингга ҳайратим ошиб, қайтадан –
Расмингни юракка чизгим келади.
Қайноқ қучоғингдан кетолмай, ватан –
Олис қишлоқларни кезгим келади.

Мўъжизага  дўнар  бунда  ҳар  фасл,
Кўзлар қамашади тароватидан.
Баҳори беқиёс, кузи серҳосил,
Қиш қўрқар ёзининг ҳароратидан.

Бепоён далалар, пурвиқор тоғлар
Дилимизга солар ватан расмини.
Сув ёқалаб бунёд бўлган қишлоқлар,
Ерга меҳр бермоқ – ҳаёт мазмуни.

Мудом эзгуликка очиқ эшиги,
Меҳр иси анқир қучоқларидан.
Дунёга таралар Ватан қўшиғи –
Менинг озод юртим қишлоқларидан!


САБОҚ

Табиат – дарсхона экан биз учун,
Ҳаёт – ҳикмат экан, ўйлаб қарасам.
Кузатиб, дедим мен:
“Борича кучим –
Шу элнинг корига мен ҳам ярасам!”

Майса ниш ураркан тупроқни ёриб –
Шу маскан кўркига кўрк улашмоққа.
Ирмоқ ҳам ўзича йўл топиб олиб –
Қақраган ерларга қараб шошмоқда.

Неки мавжудот бор, курашар бетин,
Ҳаётин мағзида эзгу бир ғоя.
Дарахтлар мевалар тугмоқда олтин,
Мева бермагани берай, деб соя.

Тераклар саф тортиб турар аскардай,
Барқ урмоқ кўйида йўқ асло тинчи.
Мақсад – шу эл қурган иморатларга –
Ярамоқлик, бўлиб васса ё синчи!

Кузда учиб кетган шойи қалдирғоч –
Қайтиб топар экан эски ошённи.
Бу ҳолни кузатиб, кўнглимда қувонч,
Қушлар олқишлайди бундай маконни!..

Демак, биздан талаб – бундан-да юксак,
Шу юрт, шу Ватанни жондай асрамоқ.
Байроғини ўпиб, баландроқ тутсак,
Ва шавкатин кўриб, қадни ростламоқ!

Фақат севиш мумкин бундай чаманни,
Энди ғафлатларга видолар керак.
“Булбул чаман севар, одам Ватанни”,
Фидойилар керак, фидолар керак!

Табиат – дарсхона экан биз учун,
Ҳаёт – ҳикмат экан, ўйлаб қарасам.
Кузатиб, дедим мен “қолар из учун –
Шу элнинг корига мен ҳам ярасам!”

* * *

Айни баҳор эди.
Мен сени кўриб,
Бегона бўлганим ақл-у ҳушимдан.
Кўнглим кўзгусида сочингни ўриб,
Тонгда чиқиб кетар эдинг тушимдан.

Мен эса… тушларим таъбирида маст,
(Ўзим – башоратчи, ўзим – мунажжим).
Юрардим, дунёлар товонимдан паст,
Ер узра етгудай ёзсам қулочим.

Осмонлар меники эди ўшанда,
Унга исминг ёзсам умидлар билан,
Ғаши келмасин деб, кўзи тушганда –
Ёпиб қўяр эдим булутлар билан.

Йиллар йилдиримдай ярқ этди – кетди,
Олов ёшлигимдан қолгани бир чўғ.
Васлингмас, ҳажрингга ғарқ этди – кетди,
Аммо туш кўришдан чарчаганим йўқ.

Умрим тунлари – бахт, кунлар – малолдай,
(Келганга ўхшайман бироз ҳушимга).
Ишидан уйига қайтган аёлдай –
Сен кириб келасан ҳар кеч тушимга!

* * *

“Кел”, десанг етарди.
Ёнингда ўзим,
Менинг шиддатимдан орқада Хаёл.
Лек барча илдизни келганман узиб –
“Кет” десанг пойингда ўламан, АЁЛ!

* * *

Дунёга иддао қилурман ҳар дам:
Қовурдинг-ку дея ўтрикларингда.
Мени эслаганда келса йиғлагинг –
Демак яшаяпман киприкларингда!

* * *

Бир ён – ақл, бир ёнда юрак,
Остонангни ўпар икки йўл.
Сен ақлингга дил уфқин кўрсат,
Юракка ҳам оқил ҳамроҳ бўл!


ГУЛБАДАН

Сенга бошқа таъриф йўқ –
Бош-оёқ гулбадансан.
Айни ўн саккиз ёшда
Чунонам гуллагансан.

Сочларинг сувнинг расми,
Қошларинг қуш эмасми?
Висолинг туш эмасми?
Ўзинг ҳам билмагансан!

Киприкларинг қайрилган,
Кўзинг ҳушдан айирган,
Юзинг нурга чайилган,
Сохта зеб бермагансан.

Лабингга инса кулгу,
Сочилар қирмиз ёғду,
Ҳар қалбга ташлаб орзу,
Ҳижронга йўллагансан.

Қучоғинг жаннат исли,
Кафтингда ҳаёт мисли,
Қўлларинг қанот мисли,
Тирноғи тилладансан.

Бир боғга этсам қиёс,
Гулларинг яшнар қийғос,
Шохталаш олма, гилос –
Мевалари маъдансан.

Қоматларинг расодир –
Чўккан қалбга асодир,
Пойинг тўла асотир,
Тиғ пошнали қадамсан.

Сенга бошқа таъриф йўқ –
Бош-оёқ гулбадансан.
Айни ўн саккиз ёшда
Чунонам гуллагансан.

БЕШИКДАГИ  БОЛАЖОН

“… Билиб қўйки, сени Ватан кутади!”
Ғафур ҒУЛОМ

Айлансин-о ўзингдан,
Ўзбек элим – жонажон.
Порлаб турган кўзингдан!
Бешикдаги болажон.

Бармоқларинг мушт қилиб,
Кўрсатасан хуш қилиқ,
Кўз тегмасин ишқилиб,
Бешикдаги болажон.

Тингласам бирин-бирин,
Сўзинг сирли, яширин,
Исларинг бунча ширин?
Бешикдаги болажон.

Кулгичинг юзга ботиб,
Қўймасин-ей уйғотиб!
Нафасларинг бир латиф,
Бешикдаги болажон.

Жилмайишинг бирам хуш,
Билакларинг жуфт оқ қуш,
Тезроқ улғай, пастга туш –
Бешикдаги болажон.

Ҳатлагин остонадан,
Ва ташла ўктам қадам,
Сени кутмоқда Ватан –
Бешикдаги болажон.

Кун келиб чўзарсан бўй,
Ватан нима, билиб қўй!
Ҳозирча оромга тўй,
Бешикдаги болажон.

Бағрикенг ўзбек элим,
Ўзбек элим – болажон.
Куч-қувват қўшиб беринг,
Оқ сут берган онажон!

РАШК

“Азизим, бахтиёрим,
Кўнглимнинг тахти ёрим.
Юзингда кўз изи бор,
Сенга ким боқди, ёрим?!”
Халқ қўшиқларидан

Қалбда олов севгимнинг
Сўзимда тафти, ёрим.
Пойингдаги майсалар –
Муҳаббат кафти, ёрим.

Ошиқларинг бир дунё,
Сенинг ўзинг сир – дунё,
Шоир дунё, шеър дунё –
Пойингда оқди, ёрим.

Олам ётар ғафлатда,
Ишқсиз дунё нафратда,
Бу ел эмас, албатта –
Кипригин қоқди ёрим.

Севгисиз яшаш… балки…
Чидолмас шоир халқи,
Жонимни ёқса ҳамки –
Азобинг ёқди, ёрим.

Ўзни ололмам қўлга,
Ёқам айланар ҳўлга,
Кўзим сен ўтар йўлга –
Мунчоқлар тақди, ёрим.

Тилда севгим сўзи бор,
Рашкимнинг ҳам кўзи бор.
“Юзингда кўз изи бор,
Сенга ким боқди, ёрим?”