Омон Матжон (1943-2020)

Омон Матжон 1943 йил 14 февралда Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1993). Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тугатган (1969). «Карвон кўнғироғи» (1973), «Қуёш соати» (1974), «Ёнаётган дарахт» (1976), «Ярадор чақмоқ» (1977), «Сени яхши кўраман» (1981), «Дарахтлар ва гиёҳлар» (1984), «Ўртамизда биргина олма» (1990), «Одамнинг сояси қуёшга тушди» (1991), «Қуш йўли» (1993), «Иймон ёғдуси» (1994), «Ардахива» (2000), «Хожа Аҳрор эиёратлари» (2002) ва бошқа шеърий асарлар муаллифи. «Ҳаққуш қичқириғи» (40 афсона, 1979) шеърлар китоби, «Гаплашадиган вақтлар» (1986) қиссаси, шунингдек, Хоразмдан чиққан буюк сиймолар хақида драматик достонлар («Паҳлавон Маҳмуд, 1975 ва бошқа) ҳам ёзган. «Минг бир ёғду» (1982) асари Алишер Навоий «Хамса»си таъсирида ёзилган. Ф. Шиллер, Ш. Бодлер каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989).
Омон Матжон 2020 йил 29 октябрь куни вафот этган.

* * *

Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди,
Уйғон, эй дил, дил вақтинг бўлди.

Етар минг бир кеча эртага,
Тонг сирларин бил, вақтинг бўлди.

Ўз ҳаққини билмаган қулдир,
Шукр этган ҳам қул, вақтинг бўлди.

Номинг азиз, ўзингга бек бўл,
Эл бўл энди, эл вақтинг бўлди.

Огоҳ этар соатсиз қисмат,
Ҳаракатинг қил, вақтинг бўлди.

Тилни қутқар тиллар бандидан,
Тилга киргин, тил вақтинг бўлди.

Ўзбекистон, фалак буржига
Юрагангни ил, вақтинг бўлди.

* * *

Ўртамизда биргана олма –
Олам ичра юмалоқ илинж.
Ўртамизда биргина олма –
Балки ғам у ё балки севинч.

Ўртамизда биргана олма,
Ярми қизил, ярми оч-яшил.
Ҳаё туғёнидан қизил у,
У соғинчнинг рамзидир асил.

Ўртамизда биргина олма,
Бармоқ учи тегса товланар.
Алвон иффат, яшил ташналик
Бир сенга, бир менга довланар.

Ўртамизда биргина олма,
Гард тегмаган, бирам покиза.
Ҳозирча у рангин бир ҳавас,
Лаб тегса бошланар мўъжиза…

* * *

Яратганга шукур, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Мен сенга узундан узун от қўйдим:
«Эй, эски дардларни янгилатувчи!»

Бармоқлар бармоқлар учини сезди,
Кўнгил бир илоҳнинг кучини сезди,
Юрак алланенинг ўчини сезди,
«Эй, узоқ йўлларни яқинлатувчи!»

Яна икки кўздан сирқилди намлар,
Биллурни ювдилар покиза ғамлар.
Қани ул Сир, Аму мавж урган дамлар,
Эй, сен денгиз тубин долгалатувчи?!

Асли, қайда бўлсанг, мен кўнгли тўқман,
Кунчиқарим ишқдир, нур ўчса – йўқман,
Биламан, кимгадир жуда суюкман,
Эй сен, хотирани поклантирувчи!

Ким айтди, йўл анча ўтилди дея,
Келган кетди, кутган кутилди дея,
Шодман – яна менга дуч бўлди дея,
Ишқи омонларни яшартиргувчи!

Яратганга шукур, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Сенга мен узундан узун от қўйдим:
«Эй, кўҳна дардларни янгилатувчи!»

* * *

Дилимнинг рангини гул билса бўлди,
Менинг кимлигимни эл билса бўлди.

Олис юлдузларга сиррим айтмирам,
Нолишимни тонгги ел билса бўлди.

Учарга ҳар қушдан пар топинмадим,
Парвозлар ҳадисин дил билса бўлди.

Жаҳолат меҳроби тошин ўпмадим,
Ўшал бафи тошим тил билса бўлди.

Дамлар шиквасига учма, омон бўл,
Фазлу камолингни эл билса бўлди.

* * *

Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,
Котибу давру рақам аввалгиларға ўхшамас,
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларға ўхшамас,
Кўнглум ичра дарду ғам аввалгиларға ўхшамас,
Ким ул ойнинг ҳажри ҳам аввалгиларға ўхшамас.

Не учар юлдузлар ўтди чалғитиб элни жуда,
Неча авлод йўли-ю умидин айлаб беҳуда,
Давр мезони билан тортай бу кун ўзимни-да,
Не ситамким қилса раҳм махфий эрди зимнида,
Эмди қилса не ситам аввалгиларға ўхшамас.

Бул Жаҳон тун бирла тонг баҳс этар бир ҳужраким,
Воҳ, қуёш савдосиға шамлар нечук бўлди ҳаким,
Ишқ, бу – ўз умрим, анга нечук қасамлар ичмаким,
Демангиз Ширину Лайли онча бор ишқ ичраким,
Хўбликда ул санам аввалгиларға ўхшамас.

Қай кишиким бир улуғ ишга этибди жон нисор,
Шиддати пасту баланд келганда ҳам бўлмайди ор,
Эй фалак, ҳеч кимни этма бесамар йўлларда хор,
Жавридин эрди аламлар, эмди тутмиш ўзга ёр,
Ўлмишамким, бу алам аввалгиларға ўхшамас.

Она Шарқ тожин киюр! Зулматда ушлатманг мени,
Бодайи ҳақ мастиман, ёлғонга уйғатманг мени,
Ўз хаёлимға қўйинг, ўзгага ишлатманг мени,
Ишқ аро Фарҳод ила Мажнунға ўхшатманг мени,
Ким бу расвойи дажам аввалгиларға ўхшамас.

Ҳар кима ҳар хил ёзур Арш Мирзоси сана,
Айланур ойина бу, ҳеч битта иш топмас пана,
Нафс ипига боғлидур руҳ ипларин узган тана,
Кўйининг эҳромидан кўнглимни ман этманг яна,
Ким анга азми ҳарам аввалгиларға ўхшамас.

Сўкмак ўтганлар ишин нотавонлар расмиким,
Ўз замонин рост этар қавми марддир асли ким,
Шу ҳаёт тилсимларин очмоқ омонлар касбиким,
Эй Навоий қилма Жамшиду Фаридун васфиким,
Шоҳ Ғозийга карам аввалгиларға ўхшамас.

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Тонг отди, оламда минг расм кўрдим,
Меҳрли кўзларни пок, маъсум кўрдим.
Ҳеч ким заҳар сепиб, бол йиққан эмас,
Гул кирган уйларда табассум кўрдим.

* * *

Эй зот, ханжар билан сен дам талашма,
Олам уйиндасан, олам талашма.
Менинг ўз дардимдир элимнинг дарди,
Ўз дардинг бўлмаса, қалам талашма.

* * *

Бирлик – кўнгил билан гулнинг бирлиги,
Бирлик – виждон билан тилнинг бирлиги.
Бирлик – тўқсон икки бовли ўзбекнинг –
Эртадан умидвор элнинг бирлиги.

* * *

Олам кўзгусида минг синар кўзгу,
Ўзимники эмас, ҳатто туш, уйқу…
Бу нурларга тартиб ким берар экан,
Қачон бир идишга тушар бор оғу?!

* * *

Йўқ дерлар, иши бор бор билан йўқнинг,
Бўшлиқдан ўтар-ку йўли ҳар ўқнинг,
Кучлилар кучсизга қўл узатсалар,
Қадри ортар эди ҳар енган чўғнинг.

* * *

Бу йўлда биз неча қўрғондан ўтдик,
Адирлар, қумлардан, дарғондан ўтдик.
Шошмай, лекин қайтмай, ҳақ деб ҳар доим,
Биздан анча олдда борғондан ўтдик.

* * *

Танинг ҳеч тинмасин ўрганган ишдан,
Кўнглинг – ўзи суйган, ўртанган ишдан.
Ақлинг элаб турсин бори оламни,
Шунда умринг тинмас янгиланишдан.

* * *

Шимолда биз ёздан хазонга тушдик.
Бу – жануб. Яна «Ё рамозон!»га тушдик.
Ғарбга кетдик – тубсиз қозонга тушдик.
Шарққа юрдик, яна озонга тушдик.

* * *

Сен мени ёлгончи дединг, эй аҳмоқ,
Шу сўздан ўлишим билибсан бироқ.
Ҳақ деб жон берурлар, сенинг мақсадинг
Ёлғончи дунёда кўпроқ яшамоқ!

* * *

Деҳқон ўз хирмонин кўрмасин ҳеч кам,
Дўстлар йиғилсинлар эрта ҳам, кеч ҳам.
Ўз ер, ўз жойида яшасин эллар,
Ўз эркин бошқадан сўрамай ҳеч ҳам!