Одил Оға (1968)

Одил оға (Одилжон Умаров) 1968 йилда туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг ўзбек филологияси факультетида ўқиган. “Илова” номли шеърий тўплами чоп этилган. Айни пайтда, Бувайда туманидаги 9-умумтаълим мактабида ўқитувчи.

ШЕЪР

Кўчага яланғоч чиққан кишини
“Девона” атарлар, “жинни” атарлар.
Йўқотган бўлса ким эсу ҳушини
Унга йўқ чегара, таъқиқ, хатарлар.

Шеър ёзиш ҳам кўнгил кийимин ечиш,
Эълон қилмоқ – кўз-кўзламоқ аъзойин.
Ва туйғу номусин топтамоқ, кечиш –
Оломон ўнгида қилмоқ сазойи…

* * *

Юзинг кўзгусида
Ўзимни кўриб,
Мен ўзимни
Ҳайдаб юбордим.

ФАРҚИМИЗ

Сенга мудом етмайди ёлғон,
Мени қийнар ортиб қолган рост.

ХАТ

Раҳмон ака Қўчқоровга

Раҳмон ака, омонмисиз,
Буғдоймисиз, сомонмисиз?
Яхшиликдан хайрият йўқ,
Балки, англаб ёмонмисиз?

Учта ўғил – учта пайкон,
Учида ҳам нури Раҳмон.
Кўзламишлар бари осмон,
Йўллаб илҳақ камонмисиз?

На тадқиқот, на мақола,
Кўринмайсиз, на баҳона?
Ҳайрат қилай деб ҳавола,
Ёзётирсиз романми сиз?

Замон – шамол, қўзғотдими,
Кулдирдими, бўзлатдими?
Ё сизни ҳам ўзгартдими,
Ё ўзингиз замонмисиз?

Пайҳон асл адабиёт,
Ҳайрон асл адабиёт,
Ҳимояга борми сабот,
Ҳануз нутқи равонмисиз?

Ҳар манглайда турфа иншо,
Лек остида битта имзо:
Узоқ Жўра, Иқбол Мирзо,
Сиз Улуғбек Султонмисиз?

Дунё баъзан ёруғ, кенгдай,
Гоҳо пасткаш билан тенгдай,
Кетгим келар, сиз ҳам мендай
Фосиқларга нишонмисиз?

Кимга хоку кимга тоғман,
Бироз бахтли, чала соғман,
Тушунмайман, кўнгли доғман,
Сиз ҳам дили хуфтонмисиз?

Яшаш – бир фан, ҳаёт – илм,
Ёв тарафдан тўхтаб зулм,
Тўю аза, байрам,ўлим,
Урф-одат деб сарсонмисиз?

Пойтахт бориб, қайтиб келдим,
Ожизлигим айтиб келдим.
Мен манзилга етиб келдим,
Абадият томонми сиз?

Раҳмон ака, омон бўлинг!..

ИЛОВА

Эрта ёғиб қўйиб қор – доним сомонда қолди,
Отмадим нега бир бор – ўқим камонда қолди.

Бу дунёнинг лойидан тегиб қолди этакка,
Ёшлик – виждон беғубор қадим замонда қолди.

Яхшиларнинг ичида мен излаган одам йўқ,
Бўлмадим батамом хор, илинж ёмонда қолди.

Ўйлардим, гар от солсам, ярим дунё меники,
Шошни кўзлаган тулпор чарчаб довонда қолди.

Кесишга ва осишга хўп ўнғай мағрур бошим,
Ҳар қадамда юзта дор, қандай омонда қолди?

Бошимга бало бўлди билганларим барчаси,
Қалбга кирмади зинҳор, “Мусҳаф” жавонда қолди.

Ичим – шайтон уяси, “иймонсиз” дер билганлар,
Биров дер мени “диндор”, номим талонда қолди.

Қирқ йил қалбни қамчилаб, қисмат қилди қонталаш,
Чандиғи бўлсин тумор, заҳми товонда қолди.

Ҳар саҳар қайларгадир кетмоқ истайди кўнгил
Тўрт томоним ҳам девор, қиблам қаёнда қолди?

Қумда ётган балиқдай дунёга мос тушмадим,
Ажрим Раҳим ва Қаҳҳор – Ўзи томонда қолди.

Хўп валақлаб биронта дардимни шарҳлолмадим,
Баттар бўлди дил афгор, додим забонда қолди.

Эрта ёғиб қўйди қор…

* * *

Бугун у ўзича совриндор, ғолиб,
Чоптирар қарамай олдинга, ортга.
Узоққа боради ўтириб олиб,
Мен кетига тепиб ҳайдаган отга.

* * *

Бемаврид бошга қўнса, қировдан розимасман,
Мендан аввалроқ сўнса, оловдан розимасман.

Ёр, сен-ла яшолмадик, онда сўроқдан ҳадик,
Мен сени айро кўрса, сўровдан розимасман.

Қанотларим – номус-ор, идрок, фикр – қўш тулпор,
Зулм – зулматга кўнсам, уловдан розимасман.

Мен ҳақда талай гумон, майли, қилинг имтиҳон,
Фосиқни қилса хурсанд, синовдан розимасман.

Тишин қайраб ҳар бир ит, қопмоққа қилар таҳдид,
Ғар қолиб менга ҳурса, таловдан розимасман.

Сиз-ла орамиз очиқ, виждоним – оппоқ сочиқ,
Даъвогар қози бўлса, тўловдан розимасман.

Мен – хожамга содиқ от, ҳақ учун жанг-эътиқод,
Шу жанггоҳдан юз бурса, жиловдан розимасман.

Мағлуб бўлсам мен яна, даъюс қилса тантана,
Улардан олдин ўлсам, бировдан розимасман.

НАВОИЙМАН

Қарийб олти юз йилки, туркийлар ёдидаман,
Ўзидан устун билган Бойқаро отидаман,
Қалам тутган ҳар қўлнинг қайноқ ижодидаман,
Асрларни назарга илмаган Навоийман.

Деҳлавий – порлоқ юлдуз бу назм осмонида,
Низомий – йўлбарс панжа, енгиш бор имконида,
Мен ҳам ўзни шер билдим бу “Хамса” майдонида,
Мағлубият нелигин билмаган Навоийман.

“Хазойин ул-маоний” – сўзларга оро ҳислар,
“Мажолис ун-нафоис” – қурдим нафис мажлислар,
“Арбаъин”да – иккинчи умрин яшар ҳадислар,
Худодан ўзга ёри бўлмаган Навоийман.

Туркий тилга ҳайкаллар қўйдим асарларимда,
Халқ валий кароматин кўрди амалларимда,
Лек Худога йиғладим ёзган ғазалларимда,
Охиратни ёд этиб, кулмаган Навоийман.

Яхшиларга ёндашдим, ишим йўқ ёмонларда,
Эзгу сўз ғолиб бўлган ҳар қайси замонларда,
Бобуршоҳ деган зот бор Андижон томонларда,
Мактубин ўқиб ўзин кўрмаган Навоийман.

Орзудаги париваш Гулимиди, Гулмиди?
Балки, уни сўлдирган мен ҳақир булбулмидим?
Яратганнинг манглайга ёзгани ё шулмиди?
Қисматдан ўксик кўнгли тўлмаган Навоийман.

Жаҳонда бор экан то дил деган гўзал дунё,
Унга зийнат бўлғуси шеър отлиғ соҳир бино,
Ёр итин тирноғига қонидин қўйиб хино,
Байтларда мангу яшар, ўлмаган Навоийман.