Очил Тоҳир (1955)

1955 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналиситика факультетида таҳсил олган. “Қарз”, “Соғинч соҳили”, “Кўнглим билан суҳбат” каби шеърий китоблари нашр этилган. Айни пайтда, “Ўзбекистон” телерадиоканалида бўлим бошлиғи вазифасида хизмат қилади.

“Ўткан кунлар” китоби таассуротлари

“Сиз ўшами?” – Қодирийга хуш ёққан калом,
“Сиз ўшами?” – Отабекка тикилган нигоҳ.
“Сиз ўшами?” – Икки жумла аро жамулжам,
Жиндек араз, жиндек гина, оғриқли бир оҳ.

“Сиз ўшами?” – Тўзғиб кетар хаёлим пардай,
“Сиз ўшами?” – Юрагимда жунбиш жаранггос.
Туйғуларим бамисоли созланган тордай
Чертилади, куй ўрнига янграр эҳтирос.

“Сиз ўшами?” – Ўзгалардан ўзгача бу сўз
Дуо янглиғ мафтун қилар ошиқ дилларни.
Яланғочлик ўзин қанча қилмасин кўз-кўз:
“Сиз ўшами?” – Садоқатнинг ойдин йўллари.

“Сиз ўшами?” – “Ўткан кунлар” зарварағида
Кўнгилларга эртак айтган илоҳий соғинч.
Ошиқона битикларнинг сал пастроғида
Зайнаб бўлиб ўкраб чиққан рашк отли ўкинч.

“Сиз ўшами?” – Марғилоннинг кўчаларида
Отабекнинг йўлларига кўз тиккан Кумуш.
“Сиз ўшами?” – Қадим Шошнинг кечаларида
Туриб болиш тепасида алла айтган туш.

“Сиз ўшами?”. “Сиз ўшами?” – Беадоқ савол
Излаб юрар юраклардан оқсоч вафони.
Симирармиз Тош шаҳарни кезиб эҳтимол,
Садоқатнинг бўйларини – намчил ҳавони.

“Сиз ўшами?” – Қодирийга хуш ёққан калом,
“Сиз ўшами?” – Ҳаяжондан ҳаприқар юрак.
Муҳаббатнинг ифорига қорилиб мудом
Бу дунёда яшамоқнинг ўзи бахт демак.

Япроқ

Новдасидан учган япроқ
Сувга тушди, оқиб кетди.
Вужудимга солиб титроқ,
Бағрим ўртаб, ёқиб кетди.

Чирт узилган сариқ япроқ
Билар, қайтмас шохига у.
Барчамизга она тупроқ
Жой берар қўйнидан мангу.

Тарк этди бандини япроқ,
Кеча дуркун, яшил эди.
Бизга ростин сўзлар шу чоқ:
“Келган эдим, кетдим”, деди.

Уч кунлик ой

Уч кунлик ой – ҳилол эрса,
Ўн тўрт кунда бадр бўлгай.

Кўзлар ҳуснингга лол эрса,
Дилда бир оҳ содир бўлгай.

Ўймоқ лабларинг бол эрса,
Ичда туғён надир бўлгай.

Ёноқда нуқра хол эрса,
Сочинг бўйи атир бўлгай.

Алиф қадларки дол эрса,
Дардлари – пинҳон, сир бўлгай.

Бу ҳолдан тиллар лол эрса,
Қайноқ ҳислар сатр бўлгай.

Зебо тонглар

1

Зебо тонглар дилга солди ҳайрат,
Қушлар чуғурлашар тошади завқим.
Тонгги шудринг гўё баргда инжа байт,
Бу дамни шоирдек ҳис қилмас ҳеч ким.

Борлиқни ёқимли, дилбар ҳиссиёт
Чулғаб олаётир баайни дамда.
Мени мафтун қилар гўзал бир баёт,
Сира ғам қолмаган гўё оламда.

Ўзин англаганга хешдир диёнат,
Эътиқод қалбига содиқдир доим.
Руҳига ёт алдов, макру хиёнат,
Азал лойин шундай қорган Худойим.

Мавжли туйғуларим берар акс-садо,
Оппоқ тонг яхшисан, яхшисан жуда.

2

Керак сўзни айтолмадим юрагим ютиб,
Гарчи таъқиқ менинг учун мутлақ бегона.
Тасодифан дуч келсакми, ўзни йўқотиб,
Ёш боладай излар эдим турли баҳона.

Остонангга қадам қўйсам, билмайман нечун,
Айтишим шарт бўлган сўз унутилар, ё раб?!
Етар эди, шу пайтгача, айтаман бугун,
Сўзлар гўё қасамёддек кетади янграб.

Рости гап, мен тушунмайман қандай синоат,
Сўзамол тил соқов янглиғ ғўлдирар аранг.
Қайтарилар ҳар кун бу ҳол топмайман журъат,
Шу тариқа газаклайди юракда ярам.

Парвонадай куйдим, оловдан истаб паноҳ,
Розиман ёнишга – севмоқ саналса гуноҳ!..